Бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус инфекцияси 160 дан ортиқ мамлакатда тарқалгани, касалланганлар сони 190 минг нафарга етгани, 7,5 минг ўлим ҳолати қайд этилгани ҳар бир кишини янада ҳушёр бўлишга, унинг олдини олиш тадбирини кўришга ундайди.
Мана шундай юқумли хасталикларни тез орада инсоният бошидан аритиш борасида Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва мўътабар манбаларда дуою тазаррулар ўқиш баён этилган.
Шу боис, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан бир қатор хайрия ишларни бошлаб юборилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жонлиқлар сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонларга ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилиш ишлари бошланди.
Имом-хатиблар ва имом ноиблари томонидан 20 март куни “Нажот сўраш” намозини адо этиб, ибодатлардан сўнг “Солатун ножия”, “Солатун нория”, “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби дуолар, илтижолар қилинади.
“Солатун ножия (тунажжино)” дуоси
اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ صَلاَةً تُنَجِّينَا بِهَا مِنْ جَمِيعِ الأَهْوَالِ وَالآفَاتِ وَتَقْضِي لَنَا بِهَا جَمِيعَ الْحَاجَاتِ وَتْطَهِّرُنَا بِهَا مِنْ جَمِيعِ السَّيِّئاتِ وَتَرْفَعُنَا بِهَا عِنْدَكَ أَعْلَى الدَّرَجَاتِ وَتُبَلِّغُنَا بِهَا أَقْصَى الْغَايَاتِ مِنْ جَمِيعِ الْخَيْرَاتِ فِي الْحَيَاةِ وَبَعْدَ الْمَمَاتِ
“Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммадин солатан тунажжина биҳа мин жамиъил-аҳваали вал аафаати ва тақзий ланаа биҳа жамийъал ҳажаати ва тутоҳҳируна биҳа мин жамийъис-саййиаати ва тарфауна биҳа иъндака аълад-дарожаати ва тубаллиғунаа биҳа ақсол-ғояти мин жамийъил-хойроти фил ҳаяти ва баъдал мамаати.”
Ушбу дуони ўқиш орқали Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтиш илтижоларнинг ижобат бўлиши, мушкулларнинг кушойиш этилишига сабаб экани ҳақида ривоятлар келган. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмас экансан, қилган дуойинг ер ва осмон ўртасида тўхтаб туради, ундан бирор нарса кўтарилмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Машҳур олим Зайниддин Ироқий: “Ушбу ривоят гарчи Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бўлса-да, одатда бу каби хабарлар кишининг фикридан келиб чиқиб айтилмаслиги жиҳатидан марфуъ – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлари ҳукмидадир”, деган.
Ҳиббон ибн Мунқиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Бир киши “Эй Аллоҳнинг расули, дуойимни учдан бирини сизга салавот айтиш учун ажратайинми?” деди. У зот: “Агар хоҳласанг, майли”, дедилар. “Учдан иккисини ажратсамчи?” деди. “Майли”, дедилар. “Ҳаммасини ажратсамчи?” деди. “Унда дунё ва охиратингдаги ғам-ташвишингга Аллоҳ кифоя қилади”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).
“Солатун нория” дуоси
اَللّٰهُمَّ صَلِّ صَلَاةً كَامِلَةً وَسَلِّمْ سَلَامًا تَامًّا عَلٰى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِى تَنْحَلُّ بِهِ الْعُقَدُ، وَتَنْفَرِجُ بِهِ الْكُرَبُ، وَتُقْضٰى بِهِ الْحَوَآئِجُ، وَتُنَالُ بِهِ الرَّغَائِبُ، وَحُسْنُ الْخَوَاتِمِ، وَيُسْتَسْقَى الْغَمَامُ بِوَجْهِهِ الْكَرِيْمِ، وَعَلٰى اٰلِهِ وَ صَحْبِهِ فِي كُلِّ لَمْحَةٍ وَنَفَسٍ بِعَدَدِ كُلِّ مَعْلُوْمٍ لَّكَ
“Аллоҳумма солли солатан каамилатан ва саллим саламан таамман аъла саййидина Муҳаммадинил-лазий танҳаллу биҳил уқад ва танфарижу биҳил кураб, ва туқзо биҳил ҳавааиж, ва тунаалу биҳир-рағооиб ва ҳуснул-ҳаватим. Ва юстасқол ғамам би-важҳиҳил-карим ва ала аалиҳи ва соҳбиҳи фи кулли ламҳатин ва нафасин би-аъдади кулли маълуммил-лак”.
“Солатун нория” дуоси тариқат пешвоси Шайх Аҳмад Рифоий қуддиса сирруҳудан нақл қилинган бўлиб, у зотнинг тавсиялари асосида баъзи ихлосмандлар томонидан ҳозирга қадар ўқиб келинади. Айниқса, бу дуо 4444 марта ўқилиши натижасида Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳожатларнинг бароридан келиши, дуолар ижобат бўлиши кўпчилик томонидан эътироф этилган.
Шунингдек, замонамиз алломаси, фақиҳи, Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бундай пайтларда 3 мартадан “Фотиҳа”, “Ихлос” суралари ва حَسْبُنَا اللهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ – “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” дуоларини ўқишни тавсия этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларининг устоз ва талабалари ўз уйларида Қуръони каримни 70 марта хатм қилишга киришдилар. Шу билан бирга, Имом Бухорийнинг “Ал-Жоме Ас-Саҳиҳ” асарини ҳам ўқишяпти. Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман», деб марҳамат қилган» дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қуръони карим хатм қилиб бўлингач, Имом Бухорийнинг “Ал-жоме ас-саҳиҳ” асари ўқиб тугатилгач энг табаррук уламолар иштирокида хатми Қуръонлар, салавотлар ижобатини сўраб, якуний дуолар қилинади. Худди шу тарзда республикамизнинг барча вилоятларида ҳам шундай хайрли ишлар ва дуою тазаррулар адо этилади.
Бу иш ҳам қуйидаги ҳадиси муборакка ҳамоҳангдир. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “омин”, деса, албатта, Аллоҳ таоло уларни ижобат қилади», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Саудия Арабистонидаги ҳамкор ширкатлар вакиллари ҳам Маккаи мукаррамадаги Ҳарами шариф – Байтуллоҳ ва Мадинаи мунавварадаги Масжид ан-Набий каби илтижолар шаксиз қабул бўладиган муборак масканларда дуо-тазарруда бўлишлари кўпчилигимизни мамнун этади.
Ўз навбатида, халқимизни мана шундай синовли дамларда жипс бўлиб, оила даврасида, фарзанду аржумандлар бирла зикр, истиғфор ва балони даф бўлиши учун дуою тазарруда бўлишларини айни муддаодир.
Буюк ва Ҳаким Зот Аллоҳ таолодан ушбу синовлардан муваффақиятли ўтишимизда ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касалликдан ўз паноҳида асрасин, берморларга комил шифо берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аҳли сунна валжамоа ақидасига кӯра Аллоҳ таоло макондан пок деб эътиқод қилинади. Бу борада аҳли сунна валжамоа имомларидан нақл қилинган айрим жумлалар билан танишиб олишимиз мақсадга мувофиқдир:
1. Ҳижрий 285 йилда вафот этган Муҳаммад ибн Язид ал-Мубаррид "Ал-Комил фил-луғоти вал-адаб" асарида келтиришича, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бир киши деди: "Роббимиз осмонлар ва ерни яратишидан олдин қаерда эди?" Шунда Алий розияллоҳу анҳу: "Қаерда? деган сӯз макон ҳақидаги сӯроқдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло макон мавжуд бӯлмаганда ҳам бор эди", дедилар.
2. Абу Мутиъ ал-Балхий "Ал-Фиқҳул абсат" китобида айтади: "Аллоҳ таоло қаерда? дейилса, нима деб жавоб берасиз? дедим. Шунда у зот (яъни, устозим Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ): "Бундай савол берган кишига, Аллоҳ таоло макон йӯқлигида ҳам бор эди, махлуқотларни яратишидан олдин ҳам У бор эди. На қаер, на бирор махлуқ, на бирор нарса вужудга келмаганида ҳам Аллоҳ таоло мавжуд эди. У барча нарсанинг яратувчисидир, дейилади", дедилар".
3. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ "Ал-Олим вал-мутаъаллим" китобининг хутбасида айтадилар: "У (яъни, Аллоҳ таоло) азалда ҳам шундай бӯлган (яъни, барча комиллик сифатлари билан сифатланиб, барча айбу нуқсонлардан пок бӯлган). У ҳамиша азалда бӯлганидек бӯлиб қолади".
4. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ "Китоб ат-тавҳид" асарида айтадилар: "Бу борада асл қоида шуки, макон йӯқлигида ҳам Аллоҳ таоло бор эди.Маконларнинг йӯқолиши ҳам, ҳозиргидек қолиши ҳам жоиз. Аллоҳ таоло эса (оламни, хусусан, маконларни яратганидан кейин ҳам) азалий сифатларига кӯрадир, азалда ҳам ҳозирда (биз Аллоҳ таолони унга кӯра таниган) сифатларига кӯра бӯлган. У ӯзгаришдан, заволга учрашдан, муҳоллик ва ботилликдан олийдир. Зеро, булар (яъни, ӯзгариш ва заволга учраш) оламнинг кейин пайдо бӯлганлиги у орқали билинган яратилганлик белгиларидир".
5. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ "Таъвилот ал-Қуръон" асарида айтадилар: "Балки, макон йӯқлигида ҳам У (Аллоҳ таоло) бор эди. Бас, У азалий сифатларига кӯрадир, У муҳоллик ва ӯзгаришдан олийдир".
Аллоҳ таоло барчамизни Ӯзи ҳақидаги тӯғри эътиқодда собит қадам қилсин!
Мир Араб олий мадрасаси катта ӯқитувчиси
Асрорхон Маҳмудов тайёрлади