Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Май, 2025   |   4 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:50
Қуёш
05:19
Пешин
12:25
Аср
17:17
Шом
19:24
Хуфтон
20:48
Bismillah
02 Май, 2025, 4 Зулқаъда, 1446

ВАБО ТАРҚАЛГАНДА МУСУЛМОННИНГ ВАЗИФАЛАРИ

12.03.2020   6289   6 min.
ВАБО ТАРҚАЛГАНДА МУСУЛМОННИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Корона вирус (CОВИД-19) касаллиги  шиддат билан тарқалиб унинг географик ҳудуди кенгаяётган ва одамлар орасида уни  юқумли касаллик эканлиги ваҳимаси кучаяётган пайтда дунё ислом уламолари бу  касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар.

 Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўради. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. Ибодатлар ва истиғфор кўпайтирилади. Мана шу шартларга амал қилиб, вабо, ўлат ва шу каби касалликлардан вафот этган мўмин-мусулмонлар шаҳидлик мартабасини топадилар. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

{ أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِكْكُمُ المَوْتُ وَلَوْ كُنْتُمْ فِي بُرُوجٍ مُشَيَّدَةٍ } [ النساء : 78 ]

яъни: “Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам” (Нисо сураси 78-оят).

{ وَلاَ تُلْقُوا بِأيْدِيكُمْ إلَى التَّهْلُكَةِ } [ البقرة : 195 ] .

яъни: “...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вабо ҳақидаги сўзлари юқоридаги оятларининг тасдиғидир. У зот алайҳиссалом шундай деганлар:

إِنَّ هَذَا الْوَبَاءَ رِجْزٌ أَهْلَكَ اللَّهُ بِهِ الْأُمَمَ قَبْلَكُمْ وَقَدْ بَقِيَ مِنْهُ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ يَجِيءُ أَحْيَانًا وَيَذْهَبُ أَحْيَانًا فَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ فِي أَرْضٍ فَلَا تَأْتُوهَ  (رواه الامام احمد عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه)

яъни: “Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Мадинага ҳижрат қилингандан кейин бир муддат ўтгач, Абу Бакр ва Билол разияллоҳу анҳумони иситма (безгак, вабо) тутди. Бу ҳақда Пайғамбаримизга хабар берилганда, У Зот алайҳиссалом вабонинг кўтарилиши ва Жуҳфа деган жойга кетишини сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг дуоларини қабул қилди (Имом Байҳақий ривоятлари).

Вабо ва ўлат (эпидемиялар) сабабидан вафот этган мусулмонлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

الطَّاعُونُ شَهَادَةٌ لِكُلِّ مُسْلِمٍ (رواه الامام البخاري عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

яъни: “Вабо – ҳар бир мусулмон учун шаҳидликдир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Тарихда Юсуф алайҳиссалом Миср азизи (вазири)нинг аёли уни зинога чорлаган пайтда энг аввало Аллоҳ таолодан паноҳ сўраган. Марям онамизга Жаброил алайҳиссалом одам қиёфасида кўринганида у зот ҳам энг аввало: “Мен Раҳмондан сендан паноҳ беришини сўрайман”, – дедилар. Демак, мусулмон киши бирор мусибатга йўлиқса, аввало Аллоҳ таолодан бу балоларни даф қилишини, машаққатларни енгиллатишини сўраб дуо қилиши лозим бўлади. Банданинг бошига келадиган касаллигу ташвишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тақдири илоҳийсидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

ولا يرد القدر إلا الدعاء ...  (رواه الامام ابن ماجة عن ثوبان)

яъни: “Қазои қадарни дуогина қайтаради”, – деганлар (Имом ибн Можа ривоятлари). Дуони ижобат бўлиши учун аввало инсоннинг луқмаси ҳалол бўлиши, дуосининг қабул бўлишига қатъий ишониши ва дуо ижобат бўладиган муборак вақтларни эътиборга олиши лозим.

Қуръони карим инсоннинг ҳиссий ва маънавий касалликларига шифо бўлади. Аллоҳ таоло Исро сурасиниг 82-оятида шундай марҳамат қилган.

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

яъни: “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз”.

Инсоннинг иймон эътиқоди қанча кучли бўлса,  Қуръони Каримнинг шифоси ҳам шунча зиёда бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло Фуссилат сурасиниг 44-оятида шундай марҳамат қилган.

{قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ}

яъни: “У (Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидят ва шифо” деб айт”.

Қуръони Каримнинг барчаси шифо бўлиб, хусусан Оятал Курсий, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас суралари билан даволанишни уламоларимиз тавсия қилишган. Хусусан  Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини эрталаб ва кечқурун уч мартадан ўқиб юрса барча касаллик ва балоларни даф қилишга етарли бўлади.

Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

مَنْ قَرَأَ بِالْآيَتَيْنِ مِنْ آخِرِ سُورَةِ الْبَقَرَةِ فِي لَيْلَةٍ كَفَتَاهُ (رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ)

яъни: “Ким Бақара сурасининг охирги  икки оятини тунда ўқиса, унга етарли бўлади”, – дедилар  (Имом Бухорий ривоятлари). Яъни, бу оятларнинг баракасидан Аллоҳ бандасини турли бало-офатлардан асрайди.

Киши беш вақт намоз ўқиб юриши, хусусан бомдод намозини жамоат билан адо қилишда бардавом бўлса, турли касалликлардан омонда бўлади.

 Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«مَن صَلَّى الصُّبْحَ فَهو في ذِمَّةِ اللهِ...»

яъни: “Ким бомдод намозини ўқиса у(киши) Аллоҳнинг ҳимоясидадир”, – деганлар. (Жундуб ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган)

Ҳадиси шарифларда инсон бирор мусибат ёки касалликка йўлиққанда ўқийдиган махсус дуолар ҳам келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

مَا مِنْ عَبْدٍ يَقُولُ فِي صَبَاحِ كُلِّ يَوْمٍ وَمَسَاءِ كُلِّ لَيْلَةٍ: بِسْمِ اللَّهِ الَّذِي لَا يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلَا فِي السَّمَاءِ، وَهُوَ السَّمِيعُ العَلِيمُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، لم يَضُرَّهُ شَيْءٌ

яъни: “Кимки: “Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўрайман. У ўта эшитувчи ва билувчи зотдир”, – деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, – дедилар.  (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Банда зикр ва истиғфорни кўп айтиши унинг турли бало қазолардан омонда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида шундай марҳамат қилган:

وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ

яъни: “Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас”.

Демак, юқоридаги каби бало-офатлар тарқалганда бандалар янада ибодат, зикру тасбеҳга, истиғфорга зўр беришлари, катта жамоатларда, айниқса жума намозларида дуо қилиб, Аллоҳ таолодан офият сўрашлари керак бўлади. Аллоҳ таоло дунёдаги мўмин-мусулмонларни, жумладан юртдошларимизни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бир чумоли деди

02.05.2025   945   3 min.
Бир чумоли деди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Намл сурасида: «То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз...” деди»,  дейилади.

Сулаймон алайҳиссалом қўшини билан келаётганида, бир чумоли жамоасига кутилмаган хатар яқинлашаётганини ҳис қилди ва қолганларни огоҳликка чақириб, биз тарафга хатар яқинлашиб келяпти, жонингизни қутқаринг: «...Яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар, деган эди» (Намл сураси, 18-оят).

Чумолининг қилган иши қанчалар ажабтовур-а?! У хатарни пайқаши биланоқ ўзини қутқариш учун эмас, жамоасини қутқариш учун шошилди.

Қавмининг қайғусини ўз зиммасига олди, хатар келмасидан уни ҳис қила билди ва чумолилар тўдасини “хавф бостириб келяпти, шошилинглар, жонингизни хатардан қутқариб қолинг”, дея огоҳлантирди.

Бир назар солайлик-да, ояти каримада келган “чумоли” сўзи араб тили қоидаларига кўра тадқиқ қилинса, у накра (ноаниқ) шаклда турибди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, “чумоли” сўзи Қуръони каримда ноаниқ шаклда келтирилди, демакки ўша чумоли тўданинг оддий бир аъзоси, лекин шундай бўлишига қарамай ўзини паст санамади. Биз эса, фалончи нима қилди, писмадончи-чи, деб суриштириш билан оворамиз.

Келинг, энди масаланинг бошқа томонига эътиборимизни қаратайлик. Чумоли: “Эй чумолилар, ҳозир Сулаймон сизларни қириб юборади. Сизлар бир кучсиз жамоасиз, улар сизга эътибор ҳам бермайди”, дедими?! У тўдасидагилар билан вазиятни таҳлил қилдими?! Чумолига боқинг. Аксинча, Сулаймон ва унинг қўшинини айбсиз дея, улар сезмаяптилар, деб уларни оқлади.

Чумолилар ҳам огоҳлантирувчига қараб: “Йўқ, сен бизнинг устимиздан бошлиқ бўлмоқчисан. Сенга фақат мартаба, мансаб керак”, дейишдими?! Асло йўқ! Аксинча, унинг гапини олиб, инларига кириб кетишди ва жажжи чумолининг даъватига эргашганлари ҳолда нажотга етиб, жонлари омон қолди.

Ўзи учун уя қуриш жараёнида сабр қилиш ҳам чумолиларнинг хусусиятларидандир. Улар қураётган уялари бир неча маротаба қулаб тушишига қарамасдан, уни қайта-қайта тиклайверадилар ва охир-оқибат бир бутун уя ҳолига келтирадилар.

Ҳикоят. Ривоят қилинишича, Амир Темур жангларнинг бирида мағлубиятга учрайди ва ўша ерга яқин бир ғорга кириб, мағлубияти ҳақида ўйлайди. У чуқур тафаккур қиларкан, кўзи бир чумолига тушади. Чумоли ғор деворига кўтарилмоқчи бўлиб, тушиб кетади. Иккинчи уринишда ҳам девордан сирпаниб тушади. Учинчи сафар ҳам... Амир Темур бу митти жониворни диққат билан кузата бошлайди, ундан кўзини узмайди. Ахийри, ўн еттинчи уринишда чумоли деворга чиқишга муваффақ бўлади. Шунда Амир Темур: “Ё қудратингдан! Шу кичик махлуқ сал кам йигирма марта уринди. Мен нима учун мағлубиятимдан заифлашяпман?!” – дея ўзини койийди.

Буюк қўмондон ғордан чиқиб тор-мор бўлган қўшинини яна жангга тайёрлайди ва битта бўлса-да, тирик одами қолгунича таслим бўлмасликка астойдил қарор қилади. Унинг кўз ўнгида эса митти чумолининг шижоати акс этади.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, чумоли ҳашаротлар орасида энг қатъиятли, ўзаро ҳамкор ва ҳамжихат экан.

Чумолининг яна бир сифати уларнинг ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлигидир. Уларнинг бари бир бўлиб, битта чизиқ тортган ҳолда доимий ҳаракатда бўлар эканлар.

Шу митти чумолининг ҳаракатлари бизларга қайсидир маънода ўрнак бўлиши мумкинми?!


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.