Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446

Хорижга ноқонуний ишга юбормоқчи бўлган хусусий бандлик агентлиги ходимлари ушланди

31.01.2020   3743   1 min.
Хорижга ноқонуний ишга юбормоқчи бўлган хусусий бандлик агентлиги ходимлари ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ДХХ ходимлари иштирокида ўтказилган тадбир давомида Корея Республикасига ишга жўнатишни ваъда қилиб, 5 кишидан жами 35 минг доллар олмоқчи бўлган хусусий бандлик агентлиги вакиллари ушланди.

«Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, «O. xususiy bandlik agentligi» МЧЖ ходимлари М.И., Т.А. ва фуқаро И.Х. фуқаро Л.К. ва бошқаларнинг ишончига кириб, уларни алдаб, 4 нафар ўғиллари ва 1 нафар жиянини ноқонуний равишда, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан Корея Республикасига ишга юбориш эвазига ҳар бири учун 7 000 АҚШ долларидан жами 35 000 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан, 17 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га берган маълумотда.

Шунингдек, тезкор тадбир давомида «A.visa» МЧЖ раҳбари Ш.А. юқорида номлари келтирилган 5 кишини ноқонуний равишда Корея Республикасига ишга юбориш эвазига бўнак сифатида 2 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ
Бошқа мақолалар

Муҳаббат мана шундай бўлади

20.06.2025   6016   3 min.
Муҳаббат мана шундай бўлади

 Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг муҳаббати

Буюк саҳобий Абу Бакр розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: “Биз ҳижратда эдик. Мен жуда чанқаб турган эдим. Озгина сут олиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатдим ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, ичиб олинг”, дедим. Расулуллоҳ ичдилар-у, менинг чанқоғим қонди”.

Бу гаплар айнан ҳақиқат. Абу Бакр розияллоҳу анҳу чин дилдан шундай дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоқлари қонди. Бу муҳаббатнинг гўзаллигини ҳис қила оляпсизми? Бу ўзгача, хос бир муҳаббатдир... 


Савбон розияллоҳу анҳунинг муҳаббати

Пайғамбар алайҳиссалом дастёрлари Савбон розияллоҳу анҳунинг олдида кун давомида бўлмадилар. Набий алайҳиссалом қайтиб келганларида Савбон розияллоҳу анҳу у зотга қараб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ёлғиз ташлаб кетдингиз”, деди-да, йиғлаб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шунга йиғлаяпсанми?” – дедилар. Савбон розияллоҳу анҳу: “Йўқ, Расулуллоҳ! Лекин жаннатда сизнинг ва ўзимнинг мартабамни ёдга олиб қўрқиб кетдим. Аллоҳ таолонинг мана бу ояти эсимга тушди: «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир»[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурсанд бўлавер! Сен ҳам ўзинг муҳаббат қўйганлар билан биргасан”, дедилар.

 
Савод ибн Ғозийянинг муҳаббати

Савод ибн Ғозийя Уҳуд ғазоти кунида қўшиннинг марказида турарди. Набий алайҳиссалом қўшинга қарата: “Сафларни ростланглар, тўғри туринглар!” – дедилар. Қараб борар эканлар Набий алайҳиссалом Савод розияллоҳу анҳунинг тўғри турмаганини кўриб: “Ростлангин, эй Савод!”дедилар. Саҳобий: “Хўп”, деди-ю, бироқ тўғирланмасдан тураверди. Пайғамбар алайҳиссалом у томонга яқинлашиб, қўлларидаги мисвоклари билан саҳобийнинг биқинига ниқтаб: “Савод, тўғри тургин!” – дедилар. Савод: “Оғриттингиз, Расулуллоҳ! Аллоҳ таоло сизни ҳақ ила юборган бўлса, энди мен сиздан ўч олишим учун имкон беринг”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қоринларини очиб: “Қасосингни олвол, Савод”, дедилар. Савод розияллоҳу анҳу эгилиб қоринларини ўпа бошлади ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, бугун шаҳидлик кунидир, шунинг учун ҳам охирги онларимда танам сизнинг муборак танангизга тегиб қолишини хоҳладим”, деди.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Минбар ясалмасидан аввал  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг танасига суяниб хутба қилар эдилар. Бир муддат ўтиб, минбар жойлаштирилганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар. Шунда ўша хурмо танасидан (ёш боладай) ўксик овоз чиқди. Уни, ҳатто биз ҳам эшитдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар-да, унга қўлларини теккиздилар. Зум ўтмай у тинчиб қолди” (Имом Бухорий ривояти).


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Нисо сураси, 69-оят.