Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқдаги саҳифадан олиб таржима қилинган.
РОСТГЎЙ САВДОГАР
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Ўта ростгўй, омонатдор савдогар Пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади». Имом Термизий ривояти.
*****
Бугун Аллоҳ таоло сенга 86400 сония берди. Сен шундан бир сониясида Унга шукрона айтиб АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ дедингми?!
*****
Буйрак касаллиги билан оғриган беморнинг буйрагини махсус аппарат воситасида ҳар икки ойда 30 марта ювишади. Оғриқдан жинни бўлай дейди.
Аллоҳ таоло сизнинг буйрагингизни ҳар куни 32 марта ювади. Сиз эса ҳеч нарсани сезмайсиз.
Аллоҳ таолонинг сизга берган неъматлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг ва У Зотга ҳамд айтинг!
“Ҳикмат дурдоналари” саҳифасидан
*****
Шикоят белбоғи
— Нега бошингни боғлаб олдинг?
— Бошим оғрияпти.
— Шунча пайт бошинг оғримаганда “шукр белбоғини боғлаш” (шукр қилиш) эсингга келмай, оғриганда дарров шикоят белбоғини боғлаб олдингми?!
*****
Ҳаё, иффат каби аёлнинг қадрини оширадиган нарса йўқ.
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов