Аллоҳ таоло бандасини турли йўллар билан синар экан. Бировга дард бериб, бошқа бировнинг молига, жонига ва шунга ўхшаш турли усуллари билан синовдан ўтказар экан.
Яқинда пойтахтимизнинг “Ҳазрати Имом” масжиди рўпараси – Қорасарой кўчаси 248-хонадонга ҳам Аллоҳнинг буюк синови келиб, ушбу хонадоннинг кичкина ошхонасидан ташқари барча уйлари ёнғиндан кул бўлганди.
Ушбу ҳолатдан хабардор бўлган Диний идора раҳбариятининг тавсияси билан ҳомийлик хайрияси уюштирилди.
Саховатпеша халқимиз, Тошкент шаҳри имомларининг саъй-ҳаракатлари билан, бугун ушбу хонадонга 90 000 000 сўмдан зиёд хайрия маблағлари топширилиб, мусибатзадаларнинг дуои-хайрлари одинди.
Аллоҳ таоло элимизни, юртимизни турли бало-офатлардан Ўзи асрасин.
Муҳаммадназар Қаюмов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири
Хабар берганимиздек, бугун Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Мотуридий таълимоти билимдони” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи бошланди.
Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларидаги саралашдан ўтган талабалар иштирок этмоқда.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Беллашув Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни тарғиб қилишга қаратилган. Иштирокчилар мотуридийлик таълимотининг асосий қоидалари ва ақидавий ечимлари бўйича ўз билимларини намоён этишмоқда.
Бу мусобақа — илм, маърифат ва соф эътиқодни мустаҳкамловчи муҳим воқелик!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати