Аллоҳ таоло бандасини турли йўллар билан синар экан. Бировга дард бериб, бошқа бировнинг молига, жонига ва шунга ўхшаш турли усуллари билан синовдан ўтказар экан.
Яқинда пойтахтимизнинг “Ҳазрати Имом” масжиди рўпараси – Қорасарой кўчаси 248-хонадонга ҳам Аллоҳнинг буюк синови келиб, ушбу хонадоннинг кичкина ошхонасидан ташқари барча уйлари ёнғиндан кул бўлганди.
Ушбу ҳолатдан хабардор бўлган Диний идора раҳбариятининг тавсияси билан ҳомийлик хайрияси уюштирилди.
Саховатпеша халқимиз, Тошкент шаҳри имомларининг саъй-ҳаракатлари билан, бугун ушбу хонадонга 90 000 000 сўмдан зиёд хайрия маблағлари топширилиб, мусибатзадаларнинг дуои-хайрлари одинди.
Аллоҳ таоло элимизни, юртимизни турли бало-офатлардан Ўзи асрасин.
Муҳаммадназар Қаюмов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири
Бугунги кунда инсонийлик, қадр-қиммат ва маънавият каби олий тушунчаларни жамиятимизда мустаҳкамлашда илму ирфон соҳиблари, хусусан, диний соҳа устозлари ва фахрий имомларнинг тутган ўрни беқиёс. Шу маънода, ҳудудларда улуғ ва фахрий имомлар ҳамда ҳаёт тажрибаси бой устозларни зиёрат қилиш, уларнинг дуо-насиҳатларини эшитиш, ёш авлодга маънавий кўприк вазифасини ўтаётган муҳим амаллардан бирига айланмоқда.
Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида устозлар ва фахрий имомлар билан учрашувлар ташкил этилди. Зиёрат чоғида уларнинг ўтган ҳаёт йўли, дин ва жамият учун қилган хизматлари, оғир шароитлардаги сабр ва матонатлари ҳақида самимий суҳбатлар бўлиб ўтди.
Ҳаётдаги барча неъматлар, тинчлик, эркин ибодат, илм олиш каби имкониятларнинг қадрини англашда ўтмишдаги оғир синов ва қийинчиликларни эслаш, улардан сабоқ чиқариш жуда муҳим. Зиёрат чоғида устозлар ўз ҳаётларидаги шундай даврлар ҳақида сўз юритар эканлар, “Бугунгидек шароит бизга насиб бўлмаган, ёшлар эса неъматлар қадрига етишлари лозим”, деган фикрларини баён этдилар.
Улар ўз насиҳатларида шукроналикни ҳаёт шиори қилиш, инсоннинг ўз аҳволига рози бўлиб, бирор неъмат берилар экан, ундан илм ва амал билан фойдаланиш кераклигини таъкидладилар.
Шунингдек, масжидларда фаолият қилаётган имомлар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этарканлар, уларга доимий изланишда, пок ният ва холислик ила хизмат қилиш лозимлиги ҳақида панду насиҳатлар қилишди. Бундай сўзлар ҳар бир ёш имомнинг қалбида масъулият туйғусини кучайтириши, шубҳасиз.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати