Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Март, 2026   |   22 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:42
Пешин
12:38
Аср
16:39
Шом
18:29
Хуфтон
19:41
Bismillah
11 Март, 2026, 22 Рамазон, 1447

Урушган ака-укаларга эслатма

23.01.2020   5054   4 min.
Урушган ака-укаларга эслатма

Динимизда ака-укалар, опа-сингиллар, қариндош уруғларнинг ўзаро борди-келдилари, самимий муносабатлари силаи раҳм дейилади. Бу ҳақида Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида таъкидланган.

Аллоҳ таоло Исро сурасининг 26-оятида шундай деб марҳамат қилган:

 وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً

Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма”.

Нисо сурасининг 1-оятида бундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُواْ رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَاء وَاتَّقُواْ اللّهَ الَّذِي تَسَاءلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيباً

“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари) дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир”.

Бақара сурасининг 83-оятида шундай баён этган:

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ لاَ تَعْبُدُونَ إِلاَّ اللّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسْناً وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ ثُمَّ تَوَلَّيْتُمْ إِلاَّ قَلِيلاً مِّنكُمْ وَأَنتُم مِّعْرِضُونَ

“Бани Исорилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра озгинангиздан бошқангиз юз ўгириб, ортга қараб кетдингиз”.

Аллоҳ таоло булардан бошқа яна кўплаб оятларда биз бандаларини қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкамлашга буюрган.

Кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам силаи раҳмнинг муҳимлиги, фазилати, натижалари баён этилган.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

         «Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: «Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар», дея марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).

Силаи раҳм қилиш кишининг умри узун, ризқи баракали бўлишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин» (Бухорий ва Термизий ривояти).

Афсуски, кейинги пайтларда бир қориндан талашиб тушган ака-укалар, опа-сингиллар орасида уй-жой, мол-мулк талашиш оқибатида келишмовчилик, жанжал бўлиб, юз кўрмас бўлиб кетаётгани қулоққа чалинмоқда. Бу жуда хунук ва оғриқли ҳолатдир. Аввало, акасининг ёки укасининг мулкини тортиб олиб, ўзлаштириб олиш гуноҳ бўлса, уларнинг ўртасидаги алоқаларнинг узилиши, аҳилликка дарз етиши ҳам оғир гуноҳдир.

Силаи раҳмни узиш, қариндошлик алоқасини тўхтатиш ёмон оқибатларга сабаб бўлиши ҳадиси шарифларда таъкидланган. Қолаверса, қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлаш ёмон ўлим топишдан қутулишга сабаб бўлади.

Али карромаллоҳу важҳаҳудан қилинган ривоятда эса: «Қариндошлар билан алоқани боғлаш ёмон ўлим топишдан сақлайди. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинглар ва силаи раҳм қилинглар!» (Имом Ҳоким ва Баззор ривояти).

Қариндошлик алоқасини узаётган ака-укалар ёмон ўлиб топиш, оғир гуноҳга ботиш ва охиратда ҳам аянчли ҳолатларга тушишдан огоҳ бўлсинлар!

Сўзимиз сўнггида жанжаллашаётган жигарларга ушбу ҳадиси шарифни эслатиб ўтамиз.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Иймоним бор деган ака-ука, опа-сингиллар ўзаро алоқаларни узмасинлар, борди-келдиларни йўлга қўйиб, ярашиб, бир-бирларини бағрига боссинлар ҳамда аҳил, иноқ, ибодатли қариндош бўлиб ҳаёт кечирсинлар!

Аллоҳ таоло барчамизни силаи раҳмни ўрнига қўйиб боришимизни насиб айласин ва бизни ёмон хотимадан асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Каҳф сураси фазилатлари

10.03.2026   2810   12 min.
Каҳф сураси фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Каҳф сураси Қуръони Каримнинг ўн саккизинчи сураси бўлиб, у Маккада нозил бўлган, бир юз ўн оятдан иборат. Суранинг етмиш бир ояти қиссалардан иборат. Каҳф сўзи «ғор» маъносини англатади. Суранинг бундай номланишига сабаб, ундаги асосий қисса қаҳрамонлари ёш йигитлар ўз замонидаги золим подшоҳ барча иймонли кишиларни бутпараст бўлишига мажбур қилган вақтда унинг зулмидан қочиб, иймонларини сақлаш мақсадида ғорга кириб олади ва ўша ерда илоҳий мўжиза содир бўлади.

Улар Аллоҳга таваккул қилиб «Эй, Роббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрилагин!» деб дуо қилишади. Уларнинг дуоси ижобат бўлиб, улар ғорда уч юз йил ухлатиб қўйилади ва муҳофаза қилинади.

«(Улар) ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз (йил)ни зиёда қилдилар». (25-оят). Олимлар оятда ишора қилинган вақтни шундай изоҳлайди: 300 йил х 11 кун (ҳар йили юзага келадиган ҳижрий йилнинг милодий йилдан фарқи) = 3300 кун. Бир қуёш йили 365 кун, 5 соат, 48 дақиқа ва 45,5 сониядан иборат бўлиб, 3300 кун : 365,24 кун = 9 йил. Буни шундай ифодалаш мумкин, Георгий тақвимига кўра 300 йил ҳижрий тақвими бўйича 300+9=309 йилга тенгдир. Гувоҳ бўлганимиздек, бу оят аниқ ҳисоблаб чиқилган 9 йил фарқни назарда тутмоқда. Вақт тўғрисидаги бундай аниқ маълумотларни ўз ичига олган Қуръони Карим илоҳий китоблигига яққол бир мисолдир.

Бу вақт мобайнида қуёш нури ҳам уларга манфаатли қилиб қўйилди. Қуёш нури чиқишида ғорнинг ўнг томонидан, ботишида эса чап томонидан тушиши, ғор уларнинг уйқуда ором олишига жуда қулай шароит қилиб қўйилди. Уйқу вақтида улар чириб кетмаслиги учун гоҳ ўнг томонга, гоҳ чап томонга айлантирилиб, ҳудди уйғоқ одамлардек ҳаракатга келтириб қўйилди. Уларнинг ити эса остонада икки олд оёқларини узатиб ётарди. Уларнинг ушбу ҳолатини кўрган ҳар қандай одам, уларни ҳаракатидан қўрқувга тушиб, улардан юз ўгириб кетарди. Улар уйғонгаларида бир бирларидан ўзаро қанча ухлаганини сўрашди, улардан бири бир ёки ярим кун ухладик холос деб жавоб берди. Сўнгра улардан бири егулик олиш учун шаҳарга тушади, у ердаги ўзгаришларни кўриб орадан уч юз йил ўтганини билади. Бу вақтга келиб халқ устига иймонли подшох келганидан хабардор бўлишади. Шу билан улар иймонли ҳолда омон қолишади.  

Аллоҳ таоло сурада ғор эгаларини узоқ йиллик уйқудан тургизганидек, қиёмат кунида ҳам барчани қайта тирилтириши ҳақ эканлигини одамларга хабарини бериш учун ушбу қиссани ибрат қилиб келтирди. Шу билан бирга, ҳар бир замонда иймон аҳли бардоши етадиган синовга учраши, кофирлар эса вақтинча улардан устун келиши мумкинлигини тушунтиради. Бу қисса орқали иймон аҳлининг иймони зиёда бўлиши, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслиги, ҳаётида дуч келадиган қийинчиликларга бардош берса, Аллоҳ унга нусрат бериши ва нажот топиши хабари берилади.

Қуръони Карим сура ва оятлари мазмуни жиҳатидан учга бўлинади: тавҳид – Аллоҳнинг ягона илоҳлиги, шариат ҳукмлари ва тарихий қиссалар. Бу сурада ислом ақидаси асослари, одоб-ахлоқ ва қадриятларни қиссалар орқали ўрганиш, дунё ишқи, ҳаёт моҳиятини англашга диор маълумотлар баён қилинади.

Сурада яна ибрат олиш учун икки боғ эгаси ҳаётидан намуна келтирилади. Қиссада Аллоҳ таоло бир кишига ўртасидан анҳор оқиб ўтган икки боғ, бойлик ва куч-қудратни ризқ қилиб беради. У биродарига: «Менинг бойлигим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ. Бу боғ ва бойлигим ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Қиёмат қоим бўлмайди деб ўйлайман. Қасамки, агар мабодо мен Роббимга қайтарилсам, яъни қайта тирилсам, албатта, бундан ҳам яхшироқ оқибат (бахт)ни топаман» деди.          

Иймонли биродари унга хитоб қилиб: «Сени (Одамни) тупроқдан, сўнг бир томчи сувдан яратиб, сўнгра инсон қилиб ростлаган зот (Аллоҳ)га кофир бўлдингми?, деди. У яна: «У Аллоҳ Роббимдир ва Раббимга ҳеч кимни шерик қилмайман. Қани эди, сен ҳам Аллоҳ ҳоҳлаган нарсагина бўлур ва куч-қувват ёлғиз Аллоҳдандир десанг ўзингга манфаатли бўларди» деди. Куфр келтирган киши бу боғлар ва мол-мулк менга Аллоҳнинг фазли билан берилди демагани ва куфр келтиргани учун барчаси ҳалок қилинди. У эса сарф қилган харажатларини ўйлаб, афсус-надомат чекиб “Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда эди!” деб қолаверди. Бу қиссадан ибрат шуки, бизга берилган ҳар бир неъмат учун Аллоҳ таолога доимо ҳамд айтишимиз, унга шукр қилишимиз, берилган неъматлар Аллоҳнинг фазли эканлиги ва ҳар бир иш Аллоҳнинг ҳоҳиши билан амалга ошишишини англаб етмоғимиз лозим.

Кейинги қиссада Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда (Ҳизр) ҳақида баён қилинади. Унда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан “Бандаларинг орасида мендан ҳам илмлироқ банданг борми?” деб сўради. Аллоҳ таоло: “Ҳа, солиҳ бандам, Ҳизр алайҳиссалом сендан олимроқ” деди. Шунда Мусо алайҳиссалом илмини бойитиш учун Ҳизр алайҳиссаломни қидириб топади. Унга бошқаларга берилмаган неъмат – ғойибдан огоҳлик неъмати берилган бўлиб, ҳар бир ишни ҳикмат ила амалга оширади. Мусо алайҳиссалом унга “Сенга берилган илмдан менга ҳам ўргатгин, сенга эргашсам майлими?” деб сўради. Шунда Ҳизр алайҳиссалом: “Сени мен билан юришга сабринг етмайди, Сенда бу илм йўқ” деди. Мусо алайҳиссалом ундан илм ўргатиши ва бирга ҳамроҳлик қилишини сўради.

Ҳизр алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссалом бирга кемага чиқишади ва Ҳизр алайҳиссалом йўлда кемани тешиб қўяди. Мусо алайҳиссалом унга эътироз билдиради. “Бизга яхшилик қилиб кемасидан жой берсаю, сен нега уларга ёмонлик қиласан”, деди.

Яна йўлга чиқиб бир қишлоққа борганда, кўчада ўйнаб юрган ёш болани Ҳизр алайҳиссалом ўлдиради. Шунда Мусо алайҳиссалом унга яна эътироз билдиради. “Нега сен ёш, бегуноҳ болани ўлдирдинг”? деди.  

Улар яна йўлга тушиб бир қишлоққа етганда, халқдан егулик сўрайдилар, уларга ҳеч ким егулик бермайди, оч бўлишига қарамай Ҳизр алайҳиссалом бир уйни олдидаги эски деворни бузиб, уни янгидан қуради, лекин эвазига эгаларидан ҳеч нарса сўрамайди. Мусо алайҳиссалом яна сабри етмай унга эътироз билдириб, шу иш учун эгаларидан егулик талаб қилсак бўларди, деди. Шунда Ҳизр алайҳиссалом бу ишларни уларнинг соҳибларига хайрли бўлиши учун бажарганини айтиб, ҳикматини шундай келтиради: “Кема мискин-бечораларнинг мулки бўлиб, уни айбли қилиб қўйдим. Айбли бўлмаган кемаларни золим подшоҳ талон-тарож қилиб, тортиб олаётган эди. Энди уларни кемасига тегмайди ва тирикчилиги ўтаверади. Болага келсак, унинг ота-онаси мўмин кишилар бўлиб, у келажакда уларга озор берадиган ва куфр аҳлидан бўлган фарзанд бўлар эди. Уни ўрнига Аллоҳ таоло солиҳ фарзанд беришини ирода қилди. Эски девор тагида эса икки етим боланинг мероси бўлиб ота-оналари солиҳ инсонлар бўлган эди. Улар вояга етгунга қадар девор қуламайди ва меросини ҳеч ким ўзлаштира олмайди. Сени мен билан юришга сабринг етмайди деган эдимку, энди сен билан ажрашиш вақтимиз келди”, деди.  

Бу қиссадан бизга энг гўзал фазилатлардан бири сабрли бўлиш нақадар улуғ ҳикмат эканлиги, шунингдек, илм олиш ва маърифатли бўлишга доимо интилиш, бу йўлда бор имкониятни ишга солиш лозимлигини ўргатади. Ҳар бир инсон бу дунёда ўзидан афзал бўлган бошқа илмли, тажрибали, қувватли, тақводор, Аллоҳнинг хос бандалари борлигинини англаши лозим.   

Кейинги қиссада Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бутун дунёни ўз ҳукмида тутиш шарафига муяссар бўлган , шарқ ва ғарбга ҳукмронлик қилган одил ва оқил подшоҳ Зул-қарнайн қиссаси баён қилиниб, унга бутун ер юзига ҳукмронлик, илм ва ҳикмат берилгани, барча нарсага эришиш учун сабаб йўллари бериб қўйилгани, унинг фатҳ юришлари, золимларни жазолаб, иймонли халқларга ёрдам бергани, Яъжуж ва Маъжуж қавми ер юзида бузғунчилик қилмаслиги ҳамда уларни йўлини тўсиш учун темир ва мис қоришмасидан иборат улкан девор қургани зикр қилинган. Бу қиссада ҳар бир раҳбар ва амалдорлар қандай сифатга эга бўлиши кераклигига жавоб берилади.

Каҳф сурасининг фазилати тўғрисида ҳадисларда шундай баён қилинган:

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: «Ким Каҳф сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжол (ёмонлиги, фитнаси)дан сақланади», (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизийлар ривояти).

Бошқа бир ривоятда:

«Ким «Каҳф» сурасининг охиридан ёдласа, Дажжолдан сақланади», дейилган.

Саҳл ибн Муоз ибн Анас Жуҳанийдан, у киши отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Каҳф сурасининг аввали ва охирини ўқиса, оёғидан бошигача нурга кўмилади (нурли бўлади). Ким уни тўлиқ ўқиса, унинг учун осмон билан ер масофасича нур пайдо бўлади (порлайди)», дедилар. (Имом Аҳмад, Имом Табароний ривояти).

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасини Жумъа кечасида қироат қилса, унга икки жума орасича нур зиё сочади», дедилар (Имом Ҳоким, Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа ривоятда: «У билан Байтул Атийқ орасича нур зиё сочади», дейилган.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтади: Ал-Барроснинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим:

«Бир киши Каҳф сурасини ўқиди. Ҳовлида ҳайвон бор эди. Ҳайвон безовта бўла бошлади. Одам қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, у зот: «Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар.

Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади», дедилар. Ким ҳар жума куни Каҳф сурасини тадаббур билан ўқиса, унга амал қилса дунё ва охират яхшилигига мушарраф бўлади.

«Каҳф» сурасини тез-тез ўқиб туриш ва оятлари маъносини тафаккур қилиш орқали ҳар бир инсон ҳаёти давомида учраши мумкин бўлган турли хил фитналардан четда бўлади, берилган барча неъматларни Аллоҳнинг фазлидан деб билади. Ушбу неъматлар шукрини банда Аллоҳ таолога доимий ҳамд айтиш ва унга ибодат қилиш билан адо этиши мумкин. Аллоҳ таоло яна бир оятда “Агар берилган неъматларга шукр қилсангиз, неъматларимни зиёда қилиб бераман” деб марҳамат қилади. Сурадаги ибратли қиссаларни ўрганиб чиққанимиздан кейин Аллоҳ таоло сурани бежизга ҳамд айтиш билан бошламагани ҳикмати аён бўлади.

 

“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, “Қуръони азим мухтасар тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади.