Абу Дасама Ваҳший ибн Ҳарб ал-Ҳабаший розияллоҳу анҳу зиддиятли ҳаёт йўли билан Ислом тарихида алоҳида из қолдирган саҳобийлардан. Ваҳший Қурайш зодагонларидан Жубайр ибн Мутъимнинг қора танли қули эди. Уҳуд жанги бошланишидан олдин Жубайр Ваҳшийга: “Ҳамзани ўлдирсанг, сени озод қиламан”, дейди. Ўша пайтлар мусулмон бўлмаган Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳам Бадрда ўлдирилган отаси ва амакисининг интиқоми учун Ваҳшийга мукофот ваъда қилади.
Ваҳший найзани нишонга бехато уриш борасида тенгсиз эди. Найзасини олиб, қўшин ортидан йўлга чиқди.
Уҳудда бир тошнинг панасига ётиб олиб, Ҳамзани кузата бошлади. Ҳазрат Ҳамза майдонда наъра тортиб жанг қиларди. Ваҳший пайт пойлаб туриб, найзасини отди ва ҳазрат Ҳамзани шаҳид қилди...
Қонли жанг ниҳоясига етгач, қурайшийлар Маккага қайтишди. Жубайр сўзининг устидан чиқиб, Ваҳшийни қулликдан озод қилди. Аммо у бу билан ҳам бахтиёр ва хотиржам бўла олмади. У жонини сақлаб қолиш учун Тоифга қочди. Аммо Тоифликлар ҳам тез орада Ислом неъмати билан шарафланишди. Бу унинг юрагига умид учқунларини ташлади. Ниҳоят, Ваҳший ибн Ҳарб ҳам иймон келтириб мусулмон бўлди.
Аллоҳ таолонинг иродаси ва белгилаган тақдири туфайли у Уҳуд кунида Ҳамза ибн Абдулмуттолибдек улуғ саркардани ўлдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қалбларини қонга бўяган бўлсада, кейинчалик Ямома куни сохта «пайғамбар» Мусайлиматул Каззобни қатл қилиб, мусулмонлар қалбидаги ярага малҳам қўйган эди. Тарихчилар унинг ҳақида «Бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг яхши одамни… ва энг ёмон одамни ҳам ўлдирган» деб ёзишган.
Ваҳший умрининг ниҳоясигача пушаймонликда «Мен Исломнинг энг яхши, улуғ кишисини ўлдириб қўйган эдим, кейинчалик унинг энг катта душманини ҳам ўлдирдим», деган таскин билан яшади...
Ҳазрат Ваҳший ибн Ҳарб ҳазрат Усмон даврида вафот этди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
Машҳур “Рисола” фильмида “Ваҳший” ролини Либиялик Алий Солим Қадома ўйнаган. Алий аслида актёр бўлмаган. У оддий электр муҳандиси бўлиб, Рисола фильмининг режессёри Мустафо Аққод келиб тушган меҳмонхонада ишлаган. Ваҳший ролига муносиб актёрни узоқ излаган режиссёр, бир куни Алийни кўриб қолади ва уни ушбу рол учун таклиф қилган. Алий Ваҳший ролини моҳирона ўйнаган.
Алийнинг кейинчалик мухбирларга берган интервьюсига кўра, фильм намойишидан сўнг унинг кекса онаси ўғлини Аллоҳнинг шери Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилгани учун уйдан ҳайдаб солган ва она болалик алоқасини узган. Алий ҳар қанча уриниб онаси билан ораларини ислоҳ қила олмаган. Охир оқибат ўртага диний арбоблар тушиб, онаизорга бу шунчаки рол эканлигини, Ҳамза розияллоҳу анҳуни аслида Ваҳший қатл қилганини, ўғли эса яхши ниятда бу ролни ижро этганини тушунтиришганидан кейин ўғлини кечирган. Ажойиб оналар бўлган экан.
Бу ҳам Алийнинг онасини асри саодатга бўлган муҳаббатини бир кўриниши бўлса, ажаб эмас.
Аммо масаланинг яна бир нуқтасига эътибор қаратиш муҳим. Ким учун бу қизиқарли маълумот, яна ким учун тарихни ёдга солган бўлиши табиий.
Бироқ мени бошқа жиҳати ўйлантиради: кино ё саҳнадаки, ёмон-салбий ҳолатни ижро этган ўғилдан она ранжимоқда. Таассуфки, бугун ҳаётда фарзандини ёмон йўлга кириши, жиноятга қўл уриши, бировнинг мулки, ҳатто жонига қасд қилишда фарзандига “йўл кўрсатувчи” бўлаётган ота-оналар... Ахир ҳаёт кино эмаску! Сиз нима дейсиз?
Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби
тайёрлади
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.
Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.
Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.
Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.
Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади”, дедилар”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.
Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.
Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.
Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.
Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.
Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД