Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Март, 2026   |   15 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:53
Пешин
12:40
Аср
16:32
Шом
18:21
Хуфтон
19:33
Bismillah
04 Март, 2026, 15 Рамазон, 1447

Ҳасан домла Қодиров: СОХТА САЛАФИЙЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ

09.01.2020   2434   1 min.
Видеолавҳалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Оли Имрон сураси фазилатлари

04.03.2026   175   11 min.
Оли Имрон сураси фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони Каримнинг учинчи сураси Оли Имрон бўлиб, у Мадинада нозил бўлган, икки юз оятдан иборат. Сура Оли Имрон деб номланишига сабаб унда Имрон ва унинг шарафли оиласи ҳақидаги қисса келган. Оли Имрон – «Имроннинг оиласи» деганидир. Имрон – Марямнинг отаси (Исо алайҳиссаломнинг бобоси)дир.

Қуръони Карим сура ва оятлари мавзу жиҳатидан учга бўлинади: тавҳид – Аллоҳнинг ягона илоҳлиги, шариат ҳукмлари ва тарихий қиссалар. Бу сурада барча мавзулар баён қилинади. 

Сура аввалида Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлиги, У абадий тирик ва қаййум зотлиги зикр қилиниб, Қуръони Каримни ҳақиқатан ўзидан олдинги илоҳий китобларни тасдиқловчи китоб этиб нозил қилингани, осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳнинг мулки эканлиги ва уларнинг ҳаракати яратганнинг изнида эканлиги баён қилинади.

Сурада диннинг асосларидан бўлган ақида масаласига алоҳида урғу берилиб, Аллоҳнинг бирлиги ва ягона илоҳ эканлигига, фаришталарига, пайғамбарлар ва уларга юборилган китобларга иймон келтириш, Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш лозимлиги, Аллоҳнинг ҳақ динидан бошқа дин йўқлиги, ким ислом динидан ўзга динни танласа, унинг қилган барча амал ва ибодатлари қабул қилинмаслиги, охиратда эса зиён кўрувчилардан бўлиши айтилади.

Сурада Аллоҳ таоло “Ҳаммангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...” каби оятлари орқали мумулмонларга Қуръони каримни маҳкам тутишни, унга амал қилишни, сабрли ва бағрикенг бўлишни, барчани яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтаришни, яхшилик йўлида бирлашишни, турли фирқаларга бўлинмаслик ва ихтилофларга сабабчи бўлмасликни амр қилади. Аллоҳнинг берган неъматларини доимо ёдда тутиш ва Унга шукр қилиш зарурлигини, осмонлар ва ердаги яратилган нарсаларни кўриб тафаккур қилишликни таълим беради.

Ушбу сурада одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари, экинлар, умуман дунёга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилгани, аслида булар дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳи эканлиги, Аллоҳнинг ҳузурида эса бунданда чиройли жой - жаннат борлиги, тақводорлар учун Аллоҳнинг ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган жаннат боғлари, пок жуфтлар ва Аллоҳ тарафидан ризолик каби улкан мукофотлар борлиги баён қилинади.

Шунингдек, сурада Аллоҳ таоло тақводорларни шундай сифатлар билан мадҳ этади: «Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (134-оят).

«Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!» (191-оят).

Ушбу сурада осмонлару ердаги бор нарсалар Аллоҳ таолонинг мулки эканлигини бир неча бор такрорлаб, Ўзи хоҳлаган кишига мулк бериши, ҳоҳлаган кишидан мулкни тортиб олиши, Ўзи ҳоҳлаган кишини ҳидоятга бошлаб мағфират қилиши, хоҳлаган кишини золимлардан қилиб жазолашини баён қилиб, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзах азобидан паноҳ сўрашликни таъкидлайди ва бизга чиройли дуолар қилишни ўз оятлари ила ўргатади:

«Эй, Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан» (8-оят).

«Эй, Роббимиз, бизлар Сенга имон келтирганмиз, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!» (16-оят).

«Эй, Раббимиз! Биз «Раббингизга имон келтиринг!» деб, имонга чорлаган жарчи (Муҳаммад)ни эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик. Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир!»  (193-оят).

Сурада Имрон оиласи ҳақидаги қисса шундай келтирилади:

Имрон Бани Исроил қавми ичида энг обрўли ва тақводор кишилардан бири бўлган. Унинг хотини Ҳанна ҳам тақводор ва ибодатгўй аёл бўлиб Аллоҳ таолодан доимо фарзанд беришини сўраб дуо ва илтижолар қиларди. Аллоҳ таоло уларга фарзанд неъматини бергач, у ҳомиладорлик вақтида: «Эй, Раббим, мен қорнимдаги ҳомилани дунё ишларидан озод этиб, Сенга назр қилдим, назримни қабул айла! Албатта сен эшитгувчи, билгувчисан», деб дуо қилади. Чақалоқ туғилгач: «Парвардигор, мен қиз туғдим, унга Марям деб исм қўйдим. Мен Сендан бу қиз ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман», деб дуо қилади.

Ҳанна Марямни ибодатхонага олиб бориб беради ва уни тарбиялаш учун ўша ибодатхона роҳибларидан бири бўлган Закариё пайғамбарга топширади. Закариё Марям тарбиясини ўз зиммасига олади, ибодатхонада алоҳида махсус жой тайёрлаб беради ва хабар олиш учун унинг олдига тез-тез келиб туради. Закариё ҳар сафар Марямнинг хонасига кирганда, Марям олдида қишда ёз меваларини, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўрар эди. Закариё: «Эй, Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» – деб сўраса, Марям: «Булар Аллоҳ ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», – деб жавоб берар эди.

Закариё Марям ҳаётидаги мўжизаларни кўриб Аллоҳ таолога дуо қилиб деди: «Парвардигорим, менга ҳам ўз ҳузурингдан покиза зурриёт - фарзанд ҳадя этгин! Албатта сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан». Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди. Закариё ва хотини кекса бўлишига қарамасдан Аллоҳ таоло уларга Яҳё исмли солиҳ пайғамбарни ўғил қилиб берди. Яҳё алайҳиссалом ўз халқини ҳидоятга чорловчи пайғамбарлардан бири бўлди.

Марям Аллоҳ таолога жуда кўп ибодат қилар эди. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло уни аёлларнинг энг афзалларидан бири қилиб танлаб олди ва унга Исо Масих ибни Марям исмли солиҳ пайғамбарни ўғил қилиб берди.

Шунингдек, сурада Исо алайҳиссаломнинг Марям онамиздан Аллоҳнинг амри билан отасиз дунёга келиши, Марям онамизнинг поклигини исботлаш учун у одамларга гўдаклик чоғида гапириб гувоҳлик бериши, Аллоҳ таоло изни билан ўликларни тирилтириши, лойдан қуш ясаб унга дам урса қушга жон кириб учиб кетиши, туғма кўр одамни кўзини силаса кўриши, пес касаллигини тузатиши каби мўжизаларни берилгани келтирилади. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ёзишни, илму-ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим бергани келтирилади.

  Ушбу сурада аҳли китобларнинг насоро тоифаси ҳақида кенг сўз юритилиб, уларнинг Марям онамиз ва Исо алайҳиссалом ҳақидаги нотўғри ақийдаси ва гумонларига раддиялар берилади. Улар муқаддас илоҳ эмас, балки Аллоҳ таоло макаррам қилиб яратган бандаларидан бири эканлигини таъкидлайди.   

Шунингдек, Сурада ҳижратнинг иккинчи йилида бўлиб ўтган Бадр жанги, учинчи йилидаги Уҳуд жанги ва ундан кейинги даврдаги мусулмонлар ҳаётидан лавҳалар келтирилиб, ушбу воқеаларга муносабат билдирилади ҳамда ҳукмлар баён қилинади.

“Бадр” Мадина шаҳрининг жануби-ғарбий ҳудудидаги жой номи бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили Макка мушриклари билан мусулмонлар ўртасида жанг бўлган. Бадр жангида мушриклар сони мингга яқин бўлган, мусулмонлар сони эса уч юздан ортиқ бўлишига қарамасдан Аллоҳ таоло уларга нусрат бериб мушриклар устидан ғалаба қозонади.

Уҳуд жангида дастлаб ғалаба мусулмонлар томонда бўлади, аммо жанг якунига етай деганда камончи мусулмонлар пайғамбар алайҳиссалом буйруғига итоат этмай ўлжа илинжида жанг охиригача туриши лозим бўлган жойларини тарк этади. Ушбу бўш қолган жойдан отлиқ мушриклар кириб келиб мусулмонларни қуршовга олади, уларга катта талофат етказиб мағлуб этишади. Ушбу қиссалардан ибрат олган ҳолда Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва унинг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш фақат яхшиликларга эришишимизга сабаб бўлиши, аксинча, уларга итоат этмаслик дунё ва охират азобларига дучор бўлишимиздан огоҳлантиради.

  Ушбу сура фазилати ҳақида ҳадисларда қуйидагилар баён этилган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳлига шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара билан Оли Имрон сурасини ўқинглар. Иккиси қиёмат куни икки булут (икки соябон) ёки бир гуруҳ қушлар шаклида келиб соҳиблари ҳожатини чиқаради (ёки соясига олади). Бақара сурасини ўқинглар. Уни олиш (ўқиш, ёд олиш, амал қилиш) барака, тарк этиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўла олмайди»деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Уламолар тавсиясига кўра, мана шу икки сурани ўқиш ва унга амал қилишдан ҳосил бўладиган ажр-савоб қиёмат куни булут шаклида келиб бандага соябон бўлади ва жаннатга киришига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон сурасини ўқиса, Аллоҳ ва фаришталари кун ботгунича унга салавот айтадилар», деганлар (Имом Табароний ривояти).

Язид ибн Асвад айтадилар: «Ким кундузи Бақара ва Оли Имрон сурасини ўқиса, кеч киргунча нифоқдан саломат бўлади. Ким уларни кечаси ўқиса, тонг отгунча нифоқдан сақланади» (Саъийд ибн Мансур, Байҳақий ва Абу Убайд ривояти).

Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: «Ким Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиса, иккиси қиёмат куни келиб: «Парвардигоро, бу банда учун азоб-уқубатга йўл йўқ!» дейди.

Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Ким еттита узун сураларни ёдласа, у олимдир» (Имом Аҳмад ва имом Ҳоким ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким Оли Имрон сурасини ўқиса у бойдир» (Доримий ва Абу Убайд ривояти).

«Ким Оли Имрон сурасининг 190-200 оятларини кечқурун ўқиса, ушбу оятларни тафаккур ва тадаббур қилса, унга бутун тунни ибодат билан ўтказганлик савоби берилади» (Доримий ривояти).

Қуръони карим тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат манбайидир. Уни ўрганган инсон илм билан бойийди, гўзал хулқ билан зийнатланади, Аллоҳнинг махлуқотларини кўриб тафаккур қилади, беҳисоб берилган неъматларга шукр қилади. Ушбу сурани ўқиш, тафсирини ўрганиш, унинг оятлари маъносини тафаккур ва тадаббур қилиш, унга ихлос билан амал қилиш ҳамда суранинг улуғ фазилатларига эга бўлишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб қилсин.

 

“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон МАМАДАЛИЕВ тайёрлади.

Мақолалар