Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Октябр, 2025   |   30 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:43
Пешин
12:12
Аср
15:49
Шом
17:36
Хуфтон
18:48
Bismillah
22 Октябр, 2025, 30 Рабиъус сони, 1447

Жумодал аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар

09.01.2020   6754   3 min.
Жумодал аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар

Ҳижратдан аввалги 45 йилжумодул аввал ойи (мил. 579 йил, апрель боши)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшу икки ойу ўн кунлик бўлганларида боболари Абдулмутталиб Маккада вафот этди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туғишган амакилари Абу Толиб ўз кафолатига олди.

Ҳижрий 4 йил, жумодул аввал ойи (ёки рабиъус соний мил. 625 йил сентябрь-октябрь)

– Нажд ғазоти бўлди.

Ҳижрий 6 йил, жумодул аввал ойи (ёки рабиъул аввал / мил. 627 йил сентябрь-октябрь ёки июль-август)

– Бани Лиҳён ғазоти бўлди.

Ҳижрий 6 йил, жумодул аввал ойи (мил. 627 йил сентябрь-октябрь)

– Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу сарияси бўлди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта куёвлари Абул Ос розияллоҳу анҳу (Зайнаб розияллоҳу анҳонинг эри) мусулмон бўлди.

Ҳижрий 7 йил, 10 жумодул аввал, сешанба кечаси (мил. 628 йил 13 сентябрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кеча Форс ҳукмдори Кисронинг ўғли Шеравайҳ ўз отасини ўлдириб, тахтини қўлга киритганини ваҳий орқали билиб, эртасига бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мактуб юборганлари учун Кисронинг ҳузурига олиб бориш вазифаси билан Мадинага келган Яман ҳокими Бозоннинг икки элчисига айтдилар.

Ҳижрий 8 йил, жумодул аввал ойи (мил. 629 йил август-сентябрь)

– Муъта жанги бўлди.

– ушбу жангдан кейин шу пайтгача мусулмонларга қарши хуруж қилишда давом этиб келаётган Бани Сулайм, Бани Ашжаъ, Бани Ғатафон, Бани Зубён, Бани Фазора ва бошқа араб қабилалари мусулмон бўлишди.

Ҳижрий 9 йил, жумодул аввал ойи (мил. 630 йил август-сентябрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган охирги ғазот – Табук ғазоти бўлди;

– Айла ҳокими, Жарбо, Азруҳ ва Мийно аҳллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳга эришишди ва жизя тўлашди (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга омонлик хати ёздириб бердилар);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни 420 отлиқ билан Дувматул Жандал ҳокими Укайдир ҳузурига юбордилар. Сўнг у билан сулҳ тузиб, унга ҳам омонлик хати ёздириб бердилар;

– Табук ғазотидан қайтаётганларида мунофиқлардан ўн иккитаси бир тор дара ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд уюштиришди.

Ҳижрий 13 йил, жумодул аввал ойи (мил. 634 йил июль)

– Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу олтмиш уч ёшида вафот этган.

Ҳижрий 193 йил, жумодул аввал ойи (мил. 809 йил февраль-март)

– имом Осим раҳматуллоҳи алайҳнинг энг машҳур ровийси Қуръони каримни ўн саккиз минг марта хатм қилган Абу Бакр Шуъба ибн Айёш раҳматуллоҳи алайҳ вафот этган...

 

Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади

Манба: http://siyrat.uz/maqola/1849

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Нега эркак ўз жонига қасд қилади?

27.12.2023   2246   5 min.
Нега эркак ўз жонига қасд қилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сабаблари кўп...

Нега эркаклар ўз жонига қасд қилишмоқда? Оила бошлиғининг ҳаётдан тўйишига сабаб нима? Баъзилар уни оилавий можаролар билан боғлайди. Афсуски сабаб фақат шу эмас, унинг омиллари жуда кўп.

 

Бутун дунёдаги ҳолат шу...

Дунёдаги барча ўз жонига қасд қилишларнинг тўртдан уч қисми эркаклар ўртасида содир бўлмоқда. Афсуски, юртимизда ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ эркаклар билан юз бермоқда, яъни аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ суицидга қўл урмоқда.

 

Муаммонинг илдизи қаерда?

Асосий сабаб – оиладаги нотўғри тарбияга бориб тақалади. Фарзанд тарбиясига бефарқ, ҳар куни уруш-жанжал, ичкиликбозлик бўладиган оилаларда улғайганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ кузатилади.

 

Бола тарбияси учун фақат Она масъул(ми)...

Афсуски аксар оилаларда фарзанд тарбияси билан фақат оналар шуғулланади ва шунга масъул саналадилар. Барча машаққатлар ожизалар зиммасига юкланади. Отанинг вазифаси эса пул топиш, рўзғорни бус-бутун қилиш, хуллас оилани фақат моддий тарафдан таъминлаши керак деган нотўғри тушунча кенг тарқалган.

 

Агар фарзанд ота меҳри ва эътиборисиз улғайса....

Ўғил боланинг эркаклик фазилатларининг шаклланишида отанинг ўрни беқиёс. Чунки ҳар бир ўғил бола ўз отасини қаҳрамон деб билади. Фарзанд учун ҳаётидаги энг мукаммал инсон бу унинг отасидир.

Ҳаётидаги қаҳрамонидан намуна олмаган фарзанд жамиятда ўз ўрнини топишга, мақсад сари интилишга, машаққатларни енгиб ўтишга, синовларда сабрли ва иродали бўлишга қийналади. Бундай вазиятлардан қандай қутилишни, мусибатлани енгишни, кимдан маслаҳат олишни ёки кимга эргашишни билмай қолади.

Оғир кунларда яқинларининг, хусусан, отасининг қўллаб-қувватлашини, далда бўлишини, тасалли беришини, ишончини кутади. Афсуски бу бўшлиқ айрим оталар томонидан тўлдирилмайди.

 
“Кучли портлаш”га олиб келади

Аксинча жуда кўп оталар фарзандига берадиган ягона тасаллиси: “сен ўғил боласан”, “ўғил бола йиғламайди”, бўлади. Наҳотки, ўғил бола йиғламаса ёки унга йиғлаш мумкинмас бўлса?

Йўқ, асло. Аслида ўғил бола ҳам ўз муаммолари ёки ҳиссиётлари сабабли йиғлаши мумкин. Аксинча кечинмаларни ичга ютиш бир кун келиб “кучли портлаш”ларга сабаб бўлади. Шу тариқа муаммолар бартараф этилишининг ўрнига, фарзанд ўз ёғига янада баттар қовурилади.
 

“Жонимга тегди”

Эркак киши бир кунда ўз жонига қасд қилиш қарорига келмайди. У ёшликдан муаммолар гирдобидан чиқа олмаган, ўзини ҳатто ота-онасига ҳам керакли деб ҳис қилмаган бўлади. Ҳаётда ўз ўрнини топишга, муаммоларини ечишга ҳаракат қилади. Аммо ҳеч кимдан далда топа олмаганидан кейин шу қарорга келади. Унгача анча босқичларни босиб ўтган, лекин ҳеч ким унга эътибор бермаган бўлади. “Ҳаммаси жонимга тегди”, “Яшагим келмаяпти”, “Эплолмаяпман” деган гапларини эса афсуски яқинлари “эшитмаган” бўлишади.

 
Тушкунлик – ташвиш келтиради

Шу тариқа эркак киши муаммолар, мусибатлар ёки қийинчиликларининг ечимини топа олмай ичини кемиради. Биров уни эшитмайди ёки тасалли бермайди. Натижада яна бир ташвиш – касалликка чалинади.

 
Ўлим – сўнгги чора эмас

Оғир вазиятларда муаммолар ечимсиз туюлади. Бундай ҳолатда баъзилар муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилмайди, балки муаммони оғирлаштирни ўйлайди. Масалан, қарзга ботган ёки иши юришмай турган бўлиши мумкин. Айримлар ушбу муаммоларнинг “ечими”ни – ўлим деб билишади.

 
Мусибатлар ҳеч кимни четлаб ўтмайди, аяб ўтирмайди ҳам...

Ҳамма гап унга муносабатда, уни қандай қабул қилишда. Сиз учун дунё зимзиё, қоронғими? Сабрли бўлинг, тонг отишига оз қолди, қуёш ҳам ҳадемай чарақлаб чиқади!

 
Қарзга ёки ғамга ботган бўлсангиз

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига: “Аллоҳ ғамларингни кетказадиган ва қарзларингни узадиган калималарни ўргатиб қўяйми?” дедилар. “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули!” деди у. Набий алайҳиссалом: “Тонг отганда ва кеч кирганда: Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман, дегин”, дедилар.

 
Барча муаммолар ечими, барака калити

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради”, деганлар.

Ҳали ҳаммаси яхши бўлади...

Агар солиҳларнинг амал қилишида беллаша олмасангиз, гуноҳкорларнинг истиғфор айтишида мусобақалашинг! Шунда ҳаммаси яхши бўлади, инша Аллоҳ.

 Даврон НУРМУҲАММАД