Китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида бошқалар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир.
Яқинда Самарқанд тумани “Хўжа Аҳрор Валий” маҳалласида “Ёш китобхон маскани” номли кутубхона ўз фаолиятини бошлади.
Марказий кўчанинг бўш турган бекатида ёш китобхонлар учун мумтоз ва энг сара бадиий адабиётлар, луғат ва маълумотномалар, болалар адабиётларидан иборат китоблар ўрин олган зиё маскани ўрин эгаллади.
Кутубхонини қуриб берган маҳаллий тадбиркор келажагимиз эгалари бўлмиш болаларнинг бу ерда бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишлари, китоб билан ошно тутиниб, маънан баркамол бўлиб улғайишлари учун сайъ ҳаркат қилганини таъкидлади.
Кутубхонанинг очилиш маросимида қатнашган Самарқанд тумани бош имом-хатиби Баҳодир домла Шарипов, болаларга исломда илм эгаллашнинг фазилатлари, китоб мутолаасидан олинадиган фойдалар ҳақида сўзлаб берди. Бундай хайрли ишлар янада бардавом бўлиши, бу янаад кўпроқ болаларнинг севимли даргоҳига айланишини тилаб дуо қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Наманган вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Санэпидқўмита ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида дин етакчилари учун “Эмлаш: илмий ва диний асослар” мавзусида икки кунлик семинар-тренинг бошланди.
Тадбирда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда эмлашнинг ўрни, унинг илмий ва диний асослари ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалалари ёритилди. Иштирокчиларга миллий эмлаш дастурининг натижалари, организмни ҳимоя қилишдаги муҳим жиҳатлар ва жойларда учраётган савол ҳамда муаммолар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинар доирасида имом-хатиблар ва отинойилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ҳудудлардаги вазият, аҳоли фикрлари, таклифлар ва муаммолар муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорликни кучайтириш ва эмлаш бўйича аниқ ва ишончли маълумотларни аҳолига етказиб бориш бўйича келишиб олдилар.
Илмий таҳлиллар сўнгги юз йилда эмлаш кўплаб хавфли касалликларнинг тарқалишини кескин камайтирганини кўрсатади. Масалан, 1969 йилгача ҳар йили 2,6 миллион инсонни ҳалок этган қизамиқка қарши вакцина пайдо бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ушбу касаллик бўйича 2000–2017 йилларда дунё миқёсида ўлимлар 80 фоизга камайди. Миллионлаб болаларнинг ҳаётини издан чиқарган полиомиелит эса бугун деярли йўқ даражасга тушган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати