Сўнгги кезларда айрим хорижлик санъаткорларнинг томошаларидаги беҳаёлик саҳналари ёшлар тарбиясига жиддий путур етказмоқда. Ғарбни аллақачон домига тортиб кетган очиқ-сочиқлик, эҳтирослар бизнинг ёшлар ақли ва қалбини эгаллашга хуружлар бўлмоқда. Натижада беҳаёлик ўсмирлар орасида эпидемия каби тарқамоқда. Сиртдан қараганда, замона зайлидек кўринган бундай кўринишлар аслида, барчамиз учун улкан мусибат.
Ҳаё – кишини, инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган нарсалардан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё инсонларни турли надомат ва пушаймонликлардан асрайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир”, дедилар”.
Аччиқ надомат билан тан олиш керакки, бугун жонимиздан-да азиз бўлган ҳаё, ахлоқ, уят халқимиз табиатидан анчайин кўтарилишига хатти-ҳаракатлар кучайган. Бунинг сабаблари кўп, албатта. Аммо уларнинг энг асосийларидан бири бу – турли хил ҳаёсиз шоулар.
Биз бир неча асрлардан буён амал қилиб келаётган Ислом – поклик дини. Бу динга амал қилувчилар ҳам покиза инсонлар. Динимиз доим биз мусулмонларни ҳам жисмонан, ҳам маънан пок бўлишга буюради. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилганда ҳам У зотни шакллари, либослари, ташқи кўринишлари билан эмас, балки хулқлари билан васф этиб, шундай марҳамат қилди: “Ва албатта, сен улкан хулқдасан” (Қалам сураси, 4-оят).
Ҳа, хулқ энг муҳим нарсадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларидан бирида ўзларининг пайғамбар қилиб юборилишларидан кўзланган мақсадни баён қилиб шундай марҳамат қилганлар: “Мен карамли хулқларни тамомига етгазиш учун юборилдим”.
У зот гўзал хулқларни мукаммал қилиш, атрофга ёйиш учун келган эдилар. Шунинг учун ҳар бир ишда, сўзда, ибодатда, одамлар билан муомалада, оилавий масалаларда биз умматлари учун гўзал хулқнинг олий намунасини кўрсатганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ахлоқ ва ахлоқсизлик ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “… Аллоҳ ахлоқсиз беномусни ёмон кўради”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳаё иймондандир, иймон эса жаннатдадир. Беҳаёлик қўполлик-шафқатсизликдир, қўполлик эса дўзахдадир”. Эътибор беринг, ҳаё инсоннинг жаннатга киришига сабаб бўлса, беҳаёлик дўзахга киришига сабаб бўлар экан.
Афсуски, шу кунларда юртимизга турли хорижий давлатлардан санъат, маданият ниқоби остида оммавий маданиятнинг жирканч кўринишларидан бўлган турли шоулари кириб келмоқда. Ушбу шоулар кўп сонли одам сиғадиган концерт залларида намойиш этилиб, халқимизнинг маданияти, маънавияти, руҳиятидаги ҳаё, иффат туйғуларини қўпориш, беҳаёлик, фаҳшни тарғиб этиш ишлари авж олдирилмоқда. Мазкур шоуларга чиққанларнинг ўзини тутиши, кийими, рақслари кишининг ахлоқига, тўғридан-тўғри қалбига салбий таъсир қилиб, уни ахлоқий фазилатлардан узоқлаштириб, қадриятларидан айирмоқда.
Аллоҳ таоло фаҳш тарқалишини яхши кўрадиган бузғунчиларни қоралаб, шундай хитоб қилади:
“Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар” (Нур сураси, 19-оят).
Мана шундай шоуларни ташкил қилиш фикрини илгари сурадиган, уни ташкил қиладиган, маблағ ажратадиган, хайрихоҳ бўладиган, шоунинг амалга ошишини истайдиган ва уни томоша қилиш учун борадиганлар фоҳиша ишлар тарқалишини яхши кўрадиганлардир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши таҳқирлайдиган, лаънатлайдиган, ахлоқсиз, беномус бўлмайди”, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда оламларга раҳмат қилиб юборилган зот мўмин кишининг оғзидан, қўлидан сўкиш, ахлоқсизлик, ҳақорат каби нарсалар содир бўлмаслигини, у қилаётган ҳар бири ишини шариат тарозусига солиб, кейин амалга оширишини таъкидламоқда.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мен учун энг ёқимлигингиз ва қиёмат кунида менга энг яқин ўтирадиганингиз хулқи гўзалингиздир. Мен учун энг ёқимсизингиз ва қиёматда мендан энг узоқ бўладиганингиз сафсата сотувчилар, бекордан бекорга кўп жавровчилар ва вайсақилик қиладиганлар”.
Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун энг ёқимли инсон бўлишни ва у зотга энг яқин ўринда ўтиришни истайсизми, унда хулқингизни гўзал қилинг! Ахлоқсизлик, фаҳш тарқатиладиган, шунга тарғиб этиладиган ишлардан узоқ бўлинг!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).
Аллоҳ таоло сабрли, ростгўй, итоаткор, саховатли бандаларини бирма-бир зикр этиб, саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида мадҳ этади: “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди”.
Тун қоронғу кечасининг тонг ёғдусининг илк нурлари билан уйғунлашган лаҳза саҳар вақтидир. Бу пайт дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).
Яқуб алайҳиссаломга фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб алайҳиссалом: “Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).
Абдуллоҳ ибн Умар раҳимаҳуллоҳ кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳдан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).
Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим ибн Ҳатиб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни “Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода розияллоҳу анҳу: “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).
Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).
Набий алайҳиссалом қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).
Саййидул истиғфор деб номланган ушбу дуо энг афзал истиғфор калимларидан ҳисобланади: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн”
(Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ).
Бу истиғфор ҳақида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай вафот этса, жаннатга киради. Агар савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай вафот этса, у ҳам жаннат аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарда истиғфор айтиш нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиш, балки қут-баракага ҳам ноил этади. Чунки Набий алайҳиссалом: “Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД