Яқинда «Оила» илмий-маркази томонидан юртдошларимиз ўртасида оилалар бузилиб кетишининг асл сабаблари ҳақида ижтимоий сўров ўтказилди. Сўровнома натижаларига кўра, оилаларнинг 22,5 фоизи бир-бирини тушунмаслик ёки тушунишни хоҳламаслик, фарзандсизлик оқибатида, 15,6 фоизи оилага ўзгаларнинг аралашуви, 15 фоизи ўзаро жанжаллар, 11 фоизи сурункали пиёнисталик туфайли бузилиши маълум бўлган.
Чиндан ҳам бугунги кунда, никоҳ дея аталмий муқаддас ва илоҳий риштанинг узулишига кўплаб сабаблар, жумладан: оила қурувчиларда оила ва оилавий муносабатлар ҳақида билимнинг етишмаслиги, ароқхўрлик ва гиёҳвандлик, ёш оилага ота-онанинг беҳуда аралашуви, эр-хотинларнинг бир-бирлари билан бўлаётган алоқаларида сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслиги асосий омил бўлмоқда.
Навоий вилояти Қизилтепа тумани бош имом-хатиби Завқиддин домла Орипов кўплаб ажрим низоли, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни ислоҳ қилиб келади. Эр-хотинлар, қайнона-қайноталарга динимизнинг кўрсатмасини етказади, насиҳат қилади. Йил давомида тумандаги имомлар билан биргаликда маҳалларда жами 403 та оила ислоҳ қилиниб, яраштирилганлиги қувонарли ҳол.
Шундай хайрли ишлардан бири куни кеча, 18 декабрь куни Тавоис қишлоғида истиқомат қилувчи Каримовлар оиласини яраштириш билан якун топди. Томонлар тингланганда, арзимас сабаб, яъни қайнона-келин муносабатларидаги совуқлик, феъл-атворларига мослаша олмаслик экани аён бўлди.
Имом домла ўн бир йилдан буён бирга истиқомат қилаётган қайнона-келиннинг ҳамон инсофга келмаслиги, адоватда бўлиши бу жоҳиллик, нодонлик эканини уқтирди.
Дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.
Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар.
Имом-хатиблар, отинойилар деярли ҳар куни ана шундай нотинч оилаларни ислоҳ қиладилар, муросага келтириш йўлида хизмат қиладилар. Бу уларнинг дин, миллат, юрт олдидаги масъулиятли вазифаларидир. Биз юқоридаги маълумот билан қайсидир оиланинг муаммосини ошкор қилиш ниятидан йироқмиз. Мақсадимиз, бу каби воқеалардан арзимас сабаблар билан жанжал кўтарётган, турмушига қаноат қилмаётган ёхуд оғзининг бир четидан бемалол ўзича “талоқ” лафзини айтиб Аллоҳ таолонинг Аршини ларзага келтираётган эр ва хотинлар, қайнона ва қайнота, қуда-андалар ибрат олсинлар, ўйлаб кўрсинлар. Имом етказса, шариатни етказади. Ҳеч бир нарса беҳикмат содир бўлмайди, балки Аллоҳ ана шундай оилаларга тўғри йўлни, ечимни эслатиш учун илм аҳлини рўпара қилади. Қиёматда эса етказилган эслатмаларни олган ёки олмаганлигидан қаттиқ сўралади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Сайёр йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табиригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Шу йил 17 июль куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов бошчилигида Ўрта Чирчиқ туманидаги «Усмон ота» жоме масжидида туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг тумандаги маҳаллаларга чиқилиб, оилалар ўрганилди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Бундай тадбир қамрови кенглиги билан алоҳида аҳамият касб этяпти. Гап шундаки, тадбир доирасида бир оила 12 номдаги турли адабий-бадиий китоблар совға қилинди.
Тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Шундан сўнг яна «Усмон ота» масжидига қайтилиб, амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати