Ҳаммамиз ҳам ўғил уйлантирсак, қиз чиқарсак – фарзандларимизнинг бахту камолини кўрсак, деб орзу қиламиз. Меҳнатларимиз ҳам, дуоларимиз ҳам фарзанди зурриёдларимиз учун.
Шу табиатимизга кўра, қизимизга совчи келса, “Уйи борми, тайинли иш жойи борми, машинаси борми? деб бошлаган саволимиз айланиб-айланиб ётоқхона кровати, кир машинаси, музлатгич, чангютгич кабиларга боради ва қайнота-қайнонаси билан бирга яшайдими, алоҳидами? қабилида юзлаб саволлар сўралади.
Аммо шу саволлар ичида кўпинча асосий саволлар сўралмай қолади: Раббини танийдими, Ибодатга маҳкамми, Қуръони каримни ўқийдими, ҳалол-ҳаромни биладими? Эртага туғилажак фарзандларига ҳалол луқма едириш учун тунни кунга улаб ишлайдими?
Зеро, дунё ҳаётидан мақсад – Жаннатга эришмоқдир. Жаннатга етишмоқ эса Аллоҳ таолонинг розилиги билан бўлади. Раббимизнинг ризоси эса Унинг амрларини бажармоқ, қайтарганларидан қайтмоқ туфайли ҳсоил қилинади. Табиийки, икки ёшнинг биргаликда ҳаёт кечириши ҳам Жаннатга эришиш йўлидаги қадамлардан биридир. Қачонки ёшлар шунга интилса!
Аммо шунча нарсани биламиз-у, динимиз биз мусулмон оилаларнинг қачон кундалик ҳаётига айланишини билмаймиз. Ёшларимиз қачон намоз билан туриб, намоз билан ётишни одат қилади. Қуръони каримни ҳаёти марказига қачон қўяди. Қачон Қуръон деб нафас олиб, Қуръон дея нафас чиқаради? Шуни англаб олмоғимиз учун бизга қабристонларда ўтганлар ортидан ўқишимиз керак бўлган суралар, оятлар талқин этилди. Туғилганда ўқидик, жанозада ўқидик, очилишда ўқидик, ёпилишда ўқидик... Тирикларнинг ўқиганларни уқиб олишига эҳтиёжи йўқ каби тушундик ва ўзимизга зарур бўлган иштиёқ ила ўқимадик...
Саволни тўғри сўрашимиз керак. Бу йигит қўлни қўлга, кўнгилни кўнгилга боғлаб йўлга чиқяптими? Шу қизга Жаннатда ҳам етишмоқни ният қиляптими?
Жаннатда ҳам бирга бўладиган жуфтларни сўрайлик.
Жаннатда ҳам бирга бўладиган жуфтларни топайлик.
Жаннатдаги жуфтимиз бўлсин дея жуфтимизнинг қадрига етайлик.
Раббимиз дунёдаги уйларимизни Жаннат тимсоли ўлароқ гўзал ҳаёт кечирмоғимизни ва охиратда Жаннатига ва жамолига етишмоғимизни насиб айласин.
“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби Музаффархон АЪЗАМ тайёрлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ ва самимий мулоқотлар фуқароларнинг муаммоларини бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кўплаб масалалар жойида ва ижобий ҳал этилмоқда.
Хусусан, бугун, 4 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Мулоқот давомида имом-хатиблар фаолияти, ҳаж ва умра зиёратлари, диний таълим тизими, оилавий муносабатлар ҳамда ижтимоий кўмакка оид мурожаатлар кўриб чиқилди.
Қабулда оилавий масалалар юзасидан келганларга шаръий ечимлар ва зарур маслаҳатлар берилган бўлса, моддий ёрдам сўраган фуқароларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган юртдошларимиз Диний идора раҳбариятига миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шу каби қабул жараёнлари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари ва жоме масжидларида имом-домлалар томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати