Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Қуръон илмлари: ҚУРЪОННИНГ ИСМЛАРИ

29.11.2019   17323   16 min.
Қуръон илмлари: ҚУРЪОННИНГ ИСМЛАРИ

ҚУРЪОННИНГ ИСМЛАРИ

Араблар ўз асарларини имкон қадар қисқа, ҳатто бир сўз билан номлаган бўлсалар, Аллоҳ таоло бунга хилоф ўлароқ, Ўзининг ваҳий тўплами учун турли исмларни ихтиёр қилди. Бунда ушбу исмларнинг сирлари ва уларнинг келиб чиқиши эътиборга олинди. Мазкур исмларнинг энг машҳурлари «Қуръон» ва «Китоб»дир.

  1. Ислом дастур Китобининг асосий исми «Қуръон»дир.

«Қуръон» сўзининг луғатдаги маъноси ҳамда уламолар истилоҳидаги таърифини юқорида кўриб ўтдик. Зотан, Аллоҳ таолонинг Ўзи бу мўъжизакор Каломини унинг ўзида «Қуръон» деб атаган.

Аллоҳ азза ва жалла Исро сурасида шундай деб марҳамат қилади:

إِنَّ هَٰذَا ٱلۡقُرۡءَانَ يَهۡدِي لِلَّتِي هِيَ أَقۡوَمُ ٩

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур» (9-оят).

  1. Қуръони Каримнинг номларидан бири «Китоб»дир.

Бу илоҳий дастурнинг «Китоб» деб номланиши унинг сатрларда жамланганига ишорадир, чунки ҳарфларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланиши ва улардан ташкил топгтан лафзларнинг тартиб билан жойлаштирилишидан ҳосил бўладиган тўпламга «китоб» дейилади.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَىٰ عَبۡدِهِ ٱلۡكِتَٰبَ وَلَمۡ يَجۡعَل لَّهُۥ عِوَجَاۜ١

«Ўз бандасига Китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга хамд бўлсин» (1-оят).

Оятда «бандаси» деганда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутиляпти. «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзининг Муҳаммад алайҳиссаломга туширган ваҳий тўпламини бошқа кўплаб оятларда ҳам «Китоб» деб номлаган. Баъзи оятларда эса ушбу икки исмни бирга зикр қилган.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат Қилади:

الٓرۚ تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱلۡكِتَٰبِ وَقُرۡءَانٖ مُّبِينٖ١

«Алиф лаам ро. Ушбулар Китобнинг ва очиқ-ойдин Қуръоннинг оятларидир» (1-оят).

Аллоҳ таоло яна Намл сурасида бундай дейди:

طسٓۚ تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱلۡقُرۡءَانِ وَكِتَابٖ مُّبِينٍ١

«То син. Ушбулар Қуръоннинг – очиқ-ойдин Китоб­нинг оятларидир» (1-оят).

Юқоридаги икки оятда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни «Китоб» ва «Қуръон» деб атамоқда. Аввалгисида «Китоб» исмини, кейингисида «Қуръон» исмини олдин келтирмоқда.

Ушбу илоҳий ваҳийнинг «Китоб» ва «Қуръон» деб номланиши ниҳоятда табиийдир. Зеро, ушбу имтиёз Муҳаммадий ваҳийнинг барча босқичларида – матнлаининг сақланишида, таълимотларининг ёд олинишида, сатрларда нақшланиб, қалбларда жамланишида яққол кўринади, намоён бўлади.

Шунга кўра, ушбу икки исм Қуръони Каримнинг бошқа исмларига қараганда кўпроқ ишлатилади.

  1. Қуръони Каримнинг номларидан бири «Зикр»дир.

«Зикр» сўзи икки хил маънога эга бўлиб, унинг биринчи маъноси «эслатма», иккинчи маъноси «шараф»дир. Қуръони Каримнинг «Зикр» деб номланишида мазкур икки маъно ҳам ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

وَهَٰذَا ذِكۡرٞ مُّبَارَكٌ أَنزَلۡنَٰهُۚ أَفَأَنتُمۡ لَهُۥ مُنكِرُونَ٥٠

«Бу Биз нозил қилган муборак эслатмадир» (50-оят).

Биз «эслатма» дея таржима қилган сўз ояти каримада «зикр» деб келган. Ҳа, Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳий зикрдир, бутун оламлар учун ваъз-насиҳат, эслатмадир.

Қуръони Карим фақат одамлар учун эмас, балки биз билган ва билмаган барча оламлар учун, масалан, жинлар оламига ҳам эслатмадир. У бутун оламларга иймонни, ихлосни, ибодатни, жаннатни эслатади. У оламларга куфрни, исённи, нифоқни, дўзахни эслатади. У оламларни ваъз-насиҳат йўли билан яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради.

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида бундай дейди:

وَإِنَّهُۥ لَذِكۡرٞ لَّكَ وَلِقَوۡمِكَۖ وَسَوۡفَ تُسۡ‍َٔلُونَ٤٤

«Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам, қавмингга ҳам шарафдир. Ва албатта сўралурсизлар» (44-оят).

Бу ерда «шараф» дея таржима қилинган калима ояти каримада «зикр» деб айтилган.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло шундай демоқда:

«Эй Муҳаммад, ҳеч шубҳа йўқки, сенга туширилган Қуръон сен учун, шунингдек, қавминг учун ҳам шон-шарафдир».

Дарҳақиқат, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шону шараф бўлди. Ушбу абадий илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръон у зоти бобаракотнинг зикрларини бутун оламга таратди, миллионлаб инсонлару жинларни у зотга уммат қилди. Сон-саноқсиз мўмин-мусулмонлар томонидан доимий равишда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар айтиб турилишига сабаб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу Қуръон туфайли инсониятнинг энг намунали вакилига, башариятнинг энг улуғ кишисига айландилар. У зотнинг башарият учун қилган хизматларини дўст ҳам, душман ҳам тан олди.

Шунингдек, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмларига ҳам шону шараф келтирди. Улар Қуръон уммати сифатида бутун дунёга танилдилар. Қуръонга амал қилиб, дунёнинг пешқадам умматига айландилар. Дунёдаги барча халқлар уларга ҳавас билан қарайдиган бўлди. Дунё тургунча номлари зикр қилинадиган, қиёматгача ҳақларига халқлар дуойи хайрлар, мадҳу олқишлар ўқийдиган бўлди.

  1. Қуръони Каримнинг номларидан бири «Фурқон»дир.

«Фурқон» лафзи луғатда «фарқловчи», «ажратувчи» деган маъноларни англатади. Қуръон ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни фарқлаб, ажратиб бергани учун шу ном билан ҳам аталган.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:

تَبَارَكَ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡفُرۡقَانَ عَلَىٰ عَبۡدِهِۦ لِيَكُونَ لِلۡعَٰلَمِينَ نَذِيرًا١

«Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир» (1-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ Зот. Ана шу беқиёс баракотлилиги, улуғлигининг аломатларидан бири шуки, У Зот бу дунё аҳлига, барча оламларга бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳнинг иқоби ва азобидан огоҳлантирувчи қилиб юборди ҳамда у кишига ҳақдан ботилни фарқлаб берувчи Фурқонни – Қуръонни нозил қилди.

  1. Қуръони Каримнинг исмларидан бири «Танзил»дир.

Бу лафз «нозил қилинган» – «туширилган» деган маънони англатади, Қуръони Каримнинг бундай номланиши унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига нозил қилинган ваҳий тўплами эканидандир.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасида шундай деб марҳамат қилади:

وَإِنَّهُۥ لَتَنزِيلُ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ١٩٢

«Албатта, у (Қуръон) оламлар Роббининг нозил қилганидир» (192-оят).

Ҳа, Қуръони Карим нозил қилингандир, юқоридан, оламларнинг Робби ҳузуридан тушгандир.

Ушбу исмлар Қуръоннинг энг кўп тарқалган машҳур исмларидир. Лекин баъзилар Қуръон исмларини санаб, бир неча ададга етказишган. Мисол учун, имом Заркаший қози Шайзаладан нақл қилиб, Қуръонга нисбатан эллик бешта исмни зикр қилган. Табиийки, улар исм ва сифатларни аралаштириб келтиришган.

Қуръони Каримнинг биз зикр қилгандан ташқари исм ва сифатларига мисол қилиб яна қуйидагиларни келтириш мумкин:

  • «Алий» – Олий:

وَإِنَّهُۥ فِيٓ أُمِّ ٱلۡكِتَٰبِ لَدَيۡنَا لَعَلِيٌّ حَكِيمٌ٤

«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, олий дир, ҳикматлидир» (Зухруф сураси, 4-оят).

2) «Мажид» – Улуғвор:

بَلۡ هُوَ قُرۡءَانٞ مَّجِيدٞ٢١

«Йўқ!!! У Қуръони мажиддир» (Буруж сураси, 21-оят).

3) «Азиз» – азиз, ғолиб:

وَإِنَّهُۥ لَكِتَٰبٌ عَزِيزٞ٤١

«Албатта, у азиз китобдир» (Фуссилат сураси, 41-оят).

4) «Арабий» – арабча:

وَكَذَٰلِكَ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ قُرۡءَانًا عَرَبِيّٗا لِّتُنذِرَ أُمَّ ٱلۡقُرَىٰ وَمَنۡ حَوۡلَهَا وَتُنذِرَ يَوۡمَ ٱلۡجَمۡعِ لَا رَيۡبَ فِيهِۚ فَرِيقٞ فِي ٱلۡجَنَّةِ وَفَرِيقٞ فِي ٱلسَّعِيرِ٧

«Ана шундай қилиб, сенга... арабча Қуръонни ваҳий қилдик» (Шуро сураси, 7-оят).

Уламоларнинг баъзилари, мисол учун, Ҳарролий Қуръон исмларини тўқсондан ошириб юборган. Қуръони Каримни қайси исми билан номлашдан қатъи назар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган, мусҳафларда ёзилган, мутавотир тарзда нақл қилинган, тиловати ибодат бўлган мўъжиза калом кўзда тутилади.

 

ҚУРЪОННИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ

Қуръоннинг нозил бўлиш босқичлари ҳақида Қуръони Каримнинг ўзида ва Суннатда матнлар келган. Мазкур матнларда «нузул» масдаридан олинган турли сўзлар ишлатилган. Мавзунинг ичига киришдан олдин, одатдагидек, ушбу «нузул» сўзининг луғатдаги маъноси ҳақида керакли билимга эга бўлиб олсак, яхши бўлади.

Араб тилида «нузул» сўзи бир жойга «тушиш» ва «жойлашиш» деган маъноларни англатади. Бинобарин, унда «тушириш» ва «жойлаштириш» маънолари ҳам бўлади.

Баъзи уламолар: «Нузул сўзининг ушбу маънолари моддий нарсаларга ишлатилади, Қуръони Карим моддий бўлмагани учун, унга нисбатан бу сўзнинг ишлатилиши мажозий бўлиши керак», дейишган. «Нузул» сўзининг мажозий маъносини эса «билдириш» деб таъвил қилишган. Аммо бошқа уламолар: «Қуръони Каримнинг ўзи бу маънони жуда кўп ўринда турли кўринишларда ишлатган, шунинг учун уни таъвил қилишга ҳожат йўқ», дейдилар.

«Улуми Қуръон» олимлари Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ҳақида луғат жиҳатидан бир оз ихтилоф қилган бўлсалар ҳам, унинг амалий нозил бўлиши уч қисмга бўлинишига иттифоқ қилганлар.

  1. Қуръони Каримнинг Лавҳул-маҳфузга нозил бўлиши.

Бунинг дали ли Қуръони Каримнинг ўзида келган.

Аллоҳ таоло Буруж сурасида марҳамат қилади:

بَلۡ هُوَ قُرۡءَانٞ مَّجِيدٞ٢١ فِي لَوۡحٖ مَّحۡفُوظِۢ٢٢

«Йўқ!!! У Қуръони Мажиддир. Лавҳул Маҳфуздадир» (21-22-оятлар).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз Расулига нозил қилган ваҳийлар тўплами бўлмиш «Қуръони Мажид»нинг «Лавҳул-Маҳфузда» эканини айтмоқда.

Лавҳул Маҳфуз, яъни «Муҳофаза қилинган лавҳ», исломий эътиқод бўйича Аллоҳнинг ҳузуридаги лавҳ бўлиб, барча нарсалар унда ёзилган бўлади. Ҳа, Аллоҳ тао­ло махлуқотлар тақдирини ёзган китобнинг номи «Лавҳул Маҳфуз»дир. Қуръони Карим ҳам дастлаб ўша Лавҳда бўлган. Лавҳул Маҳфуз Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлиб, унга ҳеч қандай ўзгариш кириши мумкин эмас.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа ҳеч бир зот билмайдиган тарзда ва вақтда Лавҳул Маҳфузда мавжуд бўлган. Бўлганда ҳам, ояти каримада зикр қилинганидек, бир йўла яхлит ҳолда бўлган.

  1. Қуръони Каримнинг Байтул Иззатга нозил бўлиши.

Бунинг далили ҳам Қуръони Каримнинг ўзида келган.

Аллоҳ таоло Духон сурасида марҳамат қилади:

إِنَّآ أَنزَلۡنَٰهُ فِي لَيۡلَةٖ مُّبَٰرَكَةٍۚ إِنَّا كُنَّا مُنذِرِينَ٣

«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...» (3-оят).

Аллоҳ таоло яна Бақара сурасида марҳамат қилади:

شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِيٓ أُنزِلَ فِيهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدٗى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَٰتٖ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ

«Рамазон ойи унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» (185-оят).

Аллоҳ таоло Қадр сурасида марҳамат қилади:

إِنَّآ أَنزَلۡنَٰهُ فِي لَيۡلَةِ ٱلۡقَدۡرِ١

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (1-оят).

Ушбу оятларда зикр этилаётган воқеълик, яъни Қуръоннинг нозил қилиниши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонидаги Байтул Иззатга, яъни «Иззат уйи»га бўлган. Бу нузул ҳам бир йўла бўлган.

Байтул Иззатнинг яна бир номи Байтул Маъмур бўлиб, «Обод уй» демакдир. Байтул Маъмурнинг нима экани Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларидан маълум бўлади.

Суддий айтадилар: «Бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига: «Байтул Маъмур нима, биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишди. Шунда у зот: «У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушади. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Бир кириб, чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дедилар».

Байтул Маъмурнинг зикри Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот ўша уйни кўрганлар, фаришталарнинг тавофи Байтул Маъмурни айланиш билан бўлишини ҳам айтганлар. Яна у уйга Иброҳим алайҳиссаломнинг суяниб ўтирганларини кўрганларини ҳам зикр қилганлар.

Бу ҳақдаги барча ривоятларни тўплаб, ўрганилгандан сўнг хулоса қилиб айтиш мумкинки, Байтул Маъмур еттинчи осмондаги, муаззам Каъбанинг тепасидаги бир уйдир, масжиддир. Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади, бениҳоя кўп бўлганларидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Ерда Каъбатуллоҳ қандай улуғланса, осмонда Байтул Маъмур ҳам шундай улуғланади.

  1. Ваҳийнинг Байтул Иззатдан ваҳий амини Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига тушиши.

 

Ябн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қуръон зикрдан ажратилиб, дунё осмонидаги Байтул Иззатга қўйилди. Сўнгра Жаброил уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушиб, тартил қилиб берадиган бўлди». Имом Ҳоким ривоят қилган.

«Қуръонни тартил билан ўқиш» деб унинг ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида, дона-дона қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла но­зил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди». Байҳақий «Шуъабул-ийман»да ривоят қилган.

Демак, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни дастлаб Лавҳул Маҳфузга жойлаган. Кейин у Лавҳул Маҳфуздан Байтул Иззат, яъни Байтул Маъмурга нозил қилинган. Кейин Жаброил алайҳиссалом орқали йигирма уч йил давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган.

 

ҚУРЪОН ВАҲИЙСИНИНГ БОШЛАНИШИ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етганларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги «Ҳиро» номли ғорга кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» деб аталган ибодат қилдилар. Дунёнинг муаммолари ҳақида, ундаги разолатларни қандай йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа муҳим ишлар тўғрисида ёлғиз ҳолда фикр юритдилар. Баъзида уйга озиқ-овқат учун ўзлари тушар, баъзан эса уйдан озиқ-овқат келтириб беришарди. Бу эса у зотни Аллоҳ таоло тарафидан пайғамбарликка тайёрлаш эди.

Кунлардан бир куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва­саллам Ҳиро ғорининг оғзига чиқишлари билан «Ўқи!» деган гулдурос овозни эшитдилар. У зот: «Ўқишни билмайман», деб жавоб бердилар. Бир нарса елкаларидан сиқди-да, қўйиб юбориб, яна: «Ўқи!» деди. У зот алайҳиссалом яна: «Ўқишни билмайман», дедилар. Бу ҳол уч марта такрорланганидан сўнг гулдурос овоз Алақ сурасининг дастлабки беш оятини ўқиди. Унинг сўзлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига тошга ўйилгандек муҳрланиб қолди. У киши нима бўлаётганини тушуна олмай, қўрқиб кетдилар ва шошиб уйга қайтдилар. Ранглари оқарган ҳолда уйларига кириб: «Мени ўраб қўйинглар», деб ётиб олдилар. Бир оз ўзларига келгач, бўлган воқеани жуфти ҳалоллари Хадижа онамизга сўзлаб бердилар. У киши: «Яхшилик бўлса керак, чунки сиз доимо барчага яхшилик қиласиз, сиздай одамга ёмонлик етмайди», деган маънодаги сўзларни айтиб, у зотни тинчлантирди. Кейин икковлари Хадижа розияллоҳу анҳонинг амакиваччалари Варақа ибн Навфалнинг олдига йўл олдилар. Варақа кўпна кўрган, илоҳий китоблардан бохабар, улуғ ёшдаги киши эди. Хадижа онамиздан бўлган воқеани эшитгач: «Суюнчи бер, жиян, Муҳаммадга Мусо пайғамбарга келган фаришта келибди, у охирги умматнинг Пайғамбари бўлибди», деди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳам гаплашиб, иш нимада эканини тушунтирди.

Бу инсоният тарихидаги энг саодатбахш кун эди. Чунки инсоният маълум бир босқичга етган пайтда Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол дини бўлмиш Исломнинг дастури – Ўзининг охирги Китобини Ўзининг сўнгги Расулига нозил қилишни бошлаган эди. Шу кундан эътиборан, адашиб юрган инсониятга Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл кўрсатишни ирода қилган, Арш билан ер орасида яна қайтадан боғланиш бошланган эди. Шу кундан инсоният тарихида бахтли соатлар саноғи ибтидо топди. Аста-секин оятлар нозил бўлаверди. Бу жараён 13 йил Маккада ва 10 йил Мадинада – жами 23 йил давом этди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ваҳий;

Қуръоний ваҳий ҳолати;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   12716   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари