Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатларидан тортиб барча феъллари ҳақиқатан уларнинг касб ва фаолиятлари ҳисобланади, лекин уларни Аллоҳ яратади. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан юзага келади. Тоат ва савобли ишлар Аллоҳнинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан амалга оширилур. Тоатсизлик ва гуноҳ ишлар эса, Аллоҳнинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан амалга оширилсада, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир.
(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг
“Фиқҳи акбар” китоби)
АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ: Пайғамбарларнинг барчалари кичик ва катта гуноҳлардан покдирлар
Пайғамбарларнинг барчалари кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва қабиҳ ишлардан покдирлар. Магар улардан баъзи саҳву хатоликлар содир бўлгани рост. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби, бандаси, расули, набийси, сафий ва нақийсидирким, зинҳор санамларга сиғинмаганлар, бир лаҳза ҳам Аллоҳга ширк келтирмаганлар ва асло кичик ва катта гуноҳга қўл урмаганлар.
(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг
“Фиқҳи акбар” китоби)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сеҳргар дини ва ўз нафсини шайтонга сотган саналади. Чунки шайтон инсоннинг ибодат қилишини асло истамайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ” (Бақара сураси, 102-оят).
Сеҳргар диндан чиқиш ёки жинларга атаб жонлиқ сўйиш ва улардан ёрдам сўраш орқали сеҳр билан шуғулланади. Шунингдек, бунинг учун Аллоҳ таолонинг Каломи – Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик қилади.
Уламолар айтадилар: “Сеҳргарлар қоғозларга Қуръондаги сура ва оятларни қон билан ёзадилар, атайлаб оятларнинг ҳарфларини хато қилиб кўчирадилар. Шайтонни рози қилиш учун яна бошқа турли ўзгартиришларни қиладилар”.
Ким ўз нафсини шайтонга сотса, ахлоқдан, солиҳ амаллардан мосуво, қалб кўзи кўр, яхшиликлардан юз ўгирган, гуноҳ йўлда юрувчи, динининг устидан кулувчи ва унга душманлик қилувчи бўлади. Нафсини рози қилиш йўлида барча жирканч ишларни қилишга тайёр туради.
Охир оқибат Аллоҳ таолога шак, шайтонга ибодат қиладилар, фитна-фасод ишларни бажарадилар, нафси фақат гуноҳ, фисқ амалларга бошлайди, кўп ёлғон гапирувчи ва ҳаром еювчи бўлади.
Аллоҳ таоло одамни лойдан, жинларни эса оловдан яратди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, Биз инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик. Ва жинларни бундан олдин самум оловидан яратдик” (Ҳижр сураси, 26-27-оятлар).
Қолаверса, Аллоҳ таоло Одам авлодини жинлардан афзал қилди. Аллоҳ таоло: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).
Лекин сеҳргар ҳамиша ўзини бошқалардан устун тутади. Ўзгаларни менсимайди. Ваҳоланки, сеҳргардан ҳам, жинлардан ҳам мўминлар афзалдир. Шайх Абу Бакр Жазоирий айтади: “Жинларнинг ҳатто солиҳлари ҳам қадр, каромат ва шарафда инсондан паст даражада”.
Даврон НУРМУҲАММАД