Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев масжидларда олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан танишиш мақсадида Қўштепа туманига ташриф буюрди.
Тумандаги «Қорашбува» жоме масжидининг дастлабки биноси хўжалик иншооти сифатида қурилган бўлиб, кейинчалик масжидга мослаштирилган. Юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ мазкур масжид ҳам айни вақтда янги лойиҳа асосида қайта қад кўтармоқда.
Вилоят бош имом-хатиби қурилиш жараёни, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишар экан, янги бунёд этилаётган масжид ва унга ҳамоҳанг бўлган қўшимча бинолар ҳам замонавий архитектура талабларига жавоб бериши, мўмин-мусулмонларнинг ибодати учун ҳар томонлама қулай бўлишини эътиборга олиниши ҳам халқимизга узоқ йиллар хизмат қилиши, бир сўз билан айтганда, узоқни кўзлаб иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.
«Эшонгузар» ва «Дўрмон» масжидларига уюштирилган ташриф асносида таҳоратхоналар ҳолати, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилиб, зарурий тавсиялар берилди.
Р.Жалилов,
Фарғона вилояти вакиллиги ходими
Тошкент ислом институтида “Сентябрь – Ислом тарихи ва сийрат фан ойлиги” доирасида институтнинг 3-курс талабалари ўртасида "Ҳидоят маёғи” номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат бўлими етакчи мутахассиси, ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Умиджон Ходжаев, институт ректори Уйғун Ғафуров, Илмий ишлар ва фан бўйича проректори Соатмурод Примов, шунингдек, "Ҳадис ва ислом тарихи фанлари" кафедраси устозларидан иборат ҳакамлар гуруҳи иштирок этди.
Мусобақа анъанага мувофиқ Қуръон тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди. Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Мусобақада 3-курс талабаларидан иборат Ибн Касир, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Имом Заҳабий жамоалари ўртасида қизиқарли баҳслар бўлиб ўтди.
Якунда биринчи ўрин Ибн Касир жамоасига, иккита иккинчи ўрин Имом Заҳабий ва Ибн Ҳажар Асқалоний жамоаларига насиб этди. Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссалом сийратларига бағишланган ана шундай тадбирлар "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта-махсус ислом таълим муассасаси, Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида ҳам ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати