Тобеъинларнинг улуғи Муҳаммад ибн Мункадир Муовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифни ўқиб қолди:
Муъовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, эй Расулуллоҳ, мен ғазотга бормоқчи эдим, маслаҳатингизни олишлик учун келдим, деди. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Онангиз борми?”, дедилар. У киши: “Ҳа”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Онангизни хизматларини ғанимат билинг, чунки жаннат унинг оёғи остидадир”, дедилар (Имом Насаий ва Ҳоким ривояти).
Ҳадисни ўқигач, онасининг олдига чопди. Она ёши бир жойга борган, қоп-қора, этлари суякка ёпишиб кетган, қария аёл бўлиб, доим ҳовлидаги супада ёлғиз ўтирар эди. Жаннат ана шу кампирнинг оёқлари остида экан....
Ибн Мункадир роҳматуллоҳи алайҳ онасининг ҳузурига бориб, унинг бағрига ошиқди. Чап юзини ерга қўйди. Ўнг қўли билан онасининг пойини юз-кўзига тортиб, суртмоқчи бўлди. Она оёқларини олиб қочар, фарзанд эса уни ўзига тортар эди.
- Қўйинг болам, сиз олим одамсиз, сизга ярашмайди, дея тортинган кўйи фарзандини тургазмоқчи бўлди.
- Олимлигим мени жаннатга киритмас экан онажон. Сизнинг ҳокингизни тавоф қилсам, жаннат эшикларидан бири мен учун очилса, дея умид қиламан, деди у зот.
Кейинчалик у зот: “Акам тунни намоз ўқиб ўтказди. Мен онамнинг оёқларини ушлаб ўтказдим. Менинг туним ўзимни ҳурсанд қилганчалик унинг туни мени ҳурсанд қилмади”, деб хотирлаган эди.
Энди ўзимизга боқайлик азизлар! Ҳаммамиз ғўддайганмиз! Мен шу минбарга ўзим чиқиб қолдимми? Йўқ, мени бу жойга дуолари билан чиқарган кишилар ҳозир ер остидалар.... Саловотларни гўзал ўқиб берган қорилар ўзлари қори бўлишдими? Йўқ, гўдаклигидан таҳоратсиз кўкрак тутмаган оналари уларни қори қилди. Ўйлаб кўринг, нега ҳаммамизнинг фарзандимиз қори эмас...
Ўзимизга савол берайлик: биз бу ҳадисга қанчалик амал қиламиз? Уларни жеркяпмиз, баъзан дилларини оғритяпмиз. Ўтмишда ўтганлардан шундай нақл бор: ота-онангга ишлатган қўпол сўзларингни, қарғишингни, қамчингни боланг учун олиб қўй!
Меҳр бердикми, ардоқладикми фарзандимиз эртага бизга меҳр беради, ардоқлайди. Хор қилсак, эртага Аллоҳ бизни бунданда баттар хор қилдиради.
Қиёмат кунида, ҳолимиз танг аҳволда қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шафоатларини умид қиламиз. Лекин ким унга ҳақли? Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, оғишмай амал қилган, қайтарганларидан қайтган киши ҳақлидир.
Тошкент шаҳар “Авайхон” масжиди имом-хатиби Алиқул домла Холиқуловнинг жума маърузасидан
08.11.2019
Банда бирор касалликдан азоб чекаётганда шифо сабабларини албатта излаши шартдир. Бу борада шифокорга мурожаат этиш, дори-дармонларни қабул қилиш, сабрли бўлиш, шунингдек, касалликнинг олдини олиш талаб этилади.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин”. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.
Бир куни Имом Қосим Кушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ўғли касал бўлиб қолди. Ота фарзандининг касаллигидан қаттиқ ғамга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради ва ўғлига шифо тилаб дуо сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўғлингга шифо оятларини ўқи”, дейдилар. Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи уларни ўқийди ва ўғли тузалиб кетади.
Шифо оятларига қуйидагилар киради:
وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ
قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ
Даврон НУРМУҲАММАД