Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида ўтказилаётган 38-халқаро китоб кўргазмасида 300 метр узунликдаги Мусҳаф қўлёзмаси намойиш этилди.
The National нашрининг ёзишича, қўлёзма муаллифи, ҳиндистонлик рассом M Dileef экани айтилган. Муаллифнинг сўзларига кўра, Қуръони каримнинг тўлиқ кўчирилганидан кейинги қўлёзма шакли 1 километр узунликда бўлади.
Рассом Аллоҳнинг Каломини бутун дунёга ёйишни мақсад қилганини айтиб, ушбу қўлёзма Ҳиндистон, Туркия сингари мамлакатларда намойиш этилганини қайд этган. Эндиликда Европа бўйлаб кўргазмалар ташкил этиш режалаштирилган.
Шаржада ўтаётган китоб кўргазмаси жорий йилнинг 9 ноябрига қадар давом этади. Унда 2000 дан ортиқ дунё нашриётлари ўз китоблари билан иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Прага шаҳрида Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси ташаббуси билан қатор маънавий-маърифий учрашувлар ва ифторлик тадбирлари ташкил этилмоқда. Минглаб ватандошларимизни қамраб олаётган хайрли тадбирлар “Рамазон – меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик ойи” ғояси асосида ўтказилиб, хориждаги юртдошларимизни бирлаштирмоқда.
Прагадаги Ўзбекистон талабалари ассоциациясида ўтказилган учрашувда юздан ортиқ ватандошимиз иштирок этди. Суҳбат давомида Ўзбекистондан борган имомлар ёшларнинг таълимга масъулият билан ёндашиши, қонунларга риоя қилиши, шунингдек, ўқиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллардан эҳтиёт бўлиши лозимлиги ҳақида маърузалар қилишди. Шу билан бирга, Чехия миграция қонунчилиги талабларига амал қилиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
“Туркистон” маданий марказида ҳам ватандошлар билан мулоқот ташкил этилди. Унда юзлаб иштирокчилар қатнашиб, Рамазон ойининг мазмун-моҳияти, шахсий интизом ва масъулият, жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш каби масалалар хусусида маъруза тингланди.
Юртимиз уламолари, шунингдек, Tesla компаниясининг Прагадаги қурилиш объектида меҳнат қилаётган ватандошлар билан ҳам учрашди.
“Сулаймон” турк маданий марказида ифторлик дастурхони ёзилди. Ифторликдан кейин таровеҳ намози адо этилди. Диннинг мўътадил ва анъанавий қадриятларини асраш, турли радикал ғоялардан огоҳ бўлиш мавзусида суҳбат қилинди.
Ҳар куни давом этаётган мазкур хайрли ташаббуслар чет элда таҳсил олаётган ёшлар ва меҳнат қилаётган юртдошлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлашга тарғиб этиши билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати