Дуо – энг улуғ ибодат. Ҳадиси шарифда “Дуо ибодатнинг мағзидир” дейилган. Инсон бошига тушган мушкулнинг ариши, қарздан қутулиши, беморликдан тузалиши, иши юришиши, оила қуриши, сафардан омон қайтиши ва бошқа ҳожатлари раво бўлишида дуо қилиш муҳимдир. Зеро, у шу дуоси орқали Аллоҳ таолога муножот қилиб, Ундан ёрдам сўрайди. Дуо қилишда бошқа сабабларни ҳам амалга оширади. Айниқса, кўпчиликнинг ёки инсонларнинг бир-бирлари ҳақларига қилган ғоибона дуолари тезроқ ижобат бўлиши умид қилинади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дейдилар, Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қайси бир мусулмон ўзининг биродарига ғоибона дуо қилса, бир Фаришта: “ва лака бимисл” – “Сенга ҳам дуойинг мислича бўлсин” деб туради”, деганларини эшитдим (Имом Муслим ривояти).
Бошқа ривоятда эса: “Мусулмон кишининг ўз биродарига қилган ғоибона дуоси мустажоб дуодир. Унинг бош томонида муваккал бир фаришта бўлади, биродарининг ҳаққига ҳар дуо қилганида: “Амин! Ва лака бимисл” деб туради”, дедилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Muslim.uz сайти жамоаси томонидан “Дуо қилайлик!” номли янги лойиҳа бошланганини маълум қиламиз. Энди сиз сўрамоқчи бўлган дуоингизни https://t.me/DuoQilaylikBot ушбу манзилга ёзиб юборишингиз мумкин. Биз дуоларингизни умумлаштириб, Muslim.uz сайтида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари соат 17:00 да, яъни Пайшанба куни тугаб, Жумъа кунига ўтар маҳалида эълон қиламиз. Албатта, эълон қилинган дуоларни ўқиган мухлисларимиз “Омин!” дейишади. Бу эса дуо ижобат бўлишининг бир неча шартларини ўзида мужассам этади.
Аллоҳ таоло барчамизнинг дуоларимизни ижобат айлаб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин! Омин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун 3 декабрь куни Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва талабали учун ўзгача хурсандчилик билан бошланди. Таълим муассасасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан 15 дона смарт доскалари беғараз ёрдам сифатида тақдим қилинди.
Ҳадяларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби устоз Раҳматилло Усмонов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходими Аслиддин Раҳматуллаев топширди.
Таълим сифатини янада ошириш, замонавий услуб ва методлардан самарали фойдаланган ҳолда дарс самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида ҳадя қилинган бу ўқув жиҳозларидан динимиз равнақи, илм-маърифати йўлида оқилона фойдаланиш борасида тавсиялар бериб ўтилди.
Тадбир сўнгида юртимиз тинчлиги, осойишталиги ва мазкур ўқув жиҳозларини етказиб беришда амалий ёрдам берганлар, хусусан, муфтий ҳазратларининг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати