Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Биласизми, азон билан иқомат орасидаги дуо ижобат қилинади. Шунинг учун бу фурсатни қўлдан бой бермай, дуони узун қилинг!
Биласизми, намозда гуноҳларингиз бошингиз устига, кейин курагингиз устига қўйилади. Кўпгина гуноҳларингиз тўкилиб кетиши учун рукуъ ва саждани узоқроқ қилинг!
Биласизми, агар ҳар фарз намоздан кейин Оятул Курсийни ўқисангиз, сиз билан Жаннат орасида фақат ўлим бўлади.
Биласизми, уйқудан олдин Мулк сурасини ўқиш сизни қабр азобидан қутилишингизга сабаб бўлади.
Эй Аллоҳ! Ушбу айтилганларга ихлос билан амал қилиб боришимизни насиб этгин!
*****
Биз кўп одоблар қатори, жанозада иштирок этиш, тобутни кўтариш одобини ҳам яхши ўрганишимиз керак.
*****
Донишмандлар сукут қилиб турганда аҳмоқлар кўпайиб кетади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
“Жамият аъзоларининг ярми ахлоқсиз, ёмон кимсалар” десангиз, ҳамманинг ғазаби келади.
“Жамият аъзоларининг ярми ахлоқли, яхши одамлар” десангиз, ҳамма сизни мақтайди.
Ваҳоланки, иккала гап маъноси бир хил.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Луғавий хатоларга эътибор қаратиб, мавзунинг моҳиятини унутадиганлар “Мен ойга ишора қиламан, аҳмоқ эса бармоғимга қарайди” деган мақолни ёдимга солади.
Тавфиқ Ҳаким
*****
Агар бир шахсга ишонч билдириб, у билан улфат бўлиб юрсанг, охирида икки натижадан бирига эришасан:
Ё бир умрлик дўстга эришасан.
Ё бир умрлик дарсга эришасан.
Иброҳим Фиқий
*****
Бойлик - денгиз сувига ўхшайди. Ундан ичганинг сари ташналигинг ошиб бораверади. Бу қоидани машҳурликка ҳам татбиқ этса бўлади.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Шарафли инсон юксалгани сари камтар бўлиб боради.
Пасткаш инсон юксалгани сари мутакаббир бўлиб боради.
Араб мақоли
*****
Одамларга ҳар қанча ишонсанг ҳам, сирларингни ўзингда қолдир!
Нажиб Маҳфуз
*****
Ҳаёт ҳар қанча қийин ва оғир бўлмасин, яхши кўрган кишимиз билан ёнма-ён яшасак, у ширин туюлиб қолади.
“Ажойиб фикрлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов