Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:18
Қуёш
07:44
Пешин
12:25
Аср
15:15
Шом
17:00
Хуфтон
18:19
Bismillah
18 Декабр, 2025, ,

Нишонга урилган гаплар: “Уйқудан олдин Мулк сурасини ўқиш сизни қабр азобидан қутулишингизга сабаб бўлади”

10.10.2019   3885   2 min.
Нишонга урилган гаплар: “Уйқудан олдин Мулк сурасини ўқиш сизни қабр азобидан қутулишингизга сабаб бўлади”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Биласизми, азон билан иқомат орасидаги дуо ижобат қилинади. Шунинг учун бу фурсатни қўлдан бой бермай, дуони узун қилинг!

Биласизми, намозда гуноҳларингиз бошингиз устига, кейин курагингиз устига қўйилади. Кўпгина гуноҳларингиз тўкилиб кетиши учун рукуъ ва саждани узоқроқ қилинг!

Биласизми, агар ҳар фарз намоздан кейин Оятул Курсийни ўқисангиз, сиз билан Жаннат орасида фақат ўлим бўлади.

Биласизми, уйқудан олдин Мулк сурасини ўқиш сизни қабр азобидан қутилишингизга сабаб бўлади.

Эй Аллоҳ! Ушбу айтилганларга ихлос билан амал қилиб боришимизни насиб этгин!

*****

Биз кўп одоблар қатори, жанозада иштирок этиш, тобутни кўтариш одобини ҳам яхши ўрганишимиз керак.

*****

Донишмандлар сукут қилиб турганда аҳмоқлар кўпайиб кетади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

“Жамият аъзоларининг ярми ахлоқсиз, ёмон кимсалар” десангиз, ҳамманинг ғазаби келади.

“Жамият аъзоларининг ярми ахлоқли, яхши одамлар” десангиз, ҳамма сизни мақтайди.

Ваҳоланки, иккала гап маъноси бир хил.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Луғавий хатоларга эътибор қаратиб, мавзунинг моҳиятини унутадиганлар “Мен ойга ишора қиламан, аҳмоқ эса бармоғимга қарайди” деган мақолни ёдимга солади.

Тавфиқ Ҳаким

*****

Агар бир шахсга ишонч билдириб, у билан улфат бўлиб юрсанг, охирида икки натижадан бирига эришасан:

Ё бир умрлик дўстга эришасан.

Ё бир умрлик дарсга эришасан.

Иброҳим Фиқий

*****

Бойлик - денгиз сувига ўхшайди. Ундан ичганинг сари ташналигинг ошиб бораверади. Бу қоидани машҳурликка ҳам татбиқ этса бўлади.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Шарафли инсон юксалгани сари камтар бўлиб боради.

Пасткаш инсон юксалгани сари мутакаббир бўлиб боради.

Араб мақоли

*****

Одамларга ҳар қанча ишонсанг ҳам, сирларингни ўзингда қолдир!

Нажиб Маҳфуз

*****

Ҳаёт ҳар қанча қийин ва оғир бўлмасин, яхши кўрган кишимиз билан ёнма-ён яшасак, у ширин туюлиб қолади.

“Ажойиб фикрлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Нидо қилди... биз ижобат қилдик”

17.09.2025   6591   4 min.
“Нидо қилди... биз ижобат қилдик”

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бандаларнинг тавба-тазарру қилиши учун турли имтиҳонлар билан синовлар беради. Мана шу синовлардан шукр ва сабр ила ўтганларга Аллоҳ улкан савоблар бериб, гуноҳларини кечиради, мусибатларини аритади.


Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида туриб Аллоҳга зорланмадиларми?! У зотнинг нолаларига берилган жавоб қуйидагича бўлди: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик...»[1].


Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир, Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан! Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилгувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз»[2].


Айюб алайҳиссалом одоб ва ҳаё ила нидо қилмадиларми?! Аллоҳ таоло у зотга ҳам қуйидагича жавоб қилди: «Айюб эса Парвардигорига нидо қилиб: “(Эй Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма бўлсин, деб (Айюб­га) оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг баробарида аҳли авлод ато этдик»[3].


Шунингдек, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоларини ҳам ижобат қилиб: «Нуҳни (эсланг!) У илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳлини буюк ғамдан қутқардик»[4], деди.


Яъқуб алайҳиссалом ҳам бошига тушган синовни аритишини сўраб Аллоҳ таолога нидо қилди: «...Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...»[5].

Пайғамбарларнинг энг афзали бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қувғин бўлиб, ҳатто ёш болалар тошбўрон қилишганида кавушлари қонга тўлиб оламлар Роббига дуою илтижолар ила юзланганлар: “Қувватсизлигим, чорасизликдан ва одамлар олдида хорлигимдан Сенга шикоят қиламан, эй Раббим! Сен Раҳмли Зотсан! Заифҳолларнинг Парвардигорисан ва менинг ҳам Роббимсан! Мени кимга ташлаб қўйдинг? Менга қовоғини соладиган бегонага  ташлаб қўйдингми? Ишимни душманга топшириб қўйдингми? Муҳими, ғазабингга дучор бўлмаган бўлсам, бундан бошқа барчаси бекор! Шундай бўлса-да, офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган, дунё ва охират ишлари у билан юриб турадиган Важҳинг нури ила паноҳ сўрайман. Ғазабингга дучор бўлиб қолишимдан паноҳ тилайман. Ўзинг рози бўлгунингга қадар розилик Сеникидир[6]. Сендан ўзгада қувват ҳам, куч ҳам йўқ!”.


Бу дуонинг, нидонинг жавоби нима бўлди?!

Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиларига келиб: “Қавмингизнинг сизга айтган гапларини ва қандай қилиб сизни қувғин қилганларини Аллоҳ кўриб турибди. Аллоҳ таоло тоғларга масъул бўлган фариштани юборди, улар борасида нимани ихтиёр қилсангиз, буюришингиз мумкин”, деди.

Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга тоғларга масъул фаришта нидо қилиб: “Маккадаги мана бу икки тоғни уларнинг устига қопқоқ қилиб ёпиб қўйишимни хоҳласангиз, шундай қиламан”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аксинча, мен Аллоҳ таоло уларнинг пушти камарларидан Ягона Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга бирор нарсани шерик қилмайдиганларни чиқариб қўйишини умид қиламан”, дедилар.


Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.


[1]  Анбиё сураси, 88-оят.
[2]  Анбиё сураси, 87–88-оятлар.
[3]  Анбиё  сураси, 83–84-оятлар.
[4]  Анбиё сураси, 76-оят.
[5]  Юсуф сураси, 86-оят.
[6]  Бу мажозий маъноси. Ҳақиқий маъноси: “Сен рози бўлганингча Сендан дакки эшитавераман”.

 

Мақолалар