Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимиз мўмин-мусулмонлари ўз ибодатлари, диний маросимларини эмин-эркин адо этаяптилар. Ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этиб келмоқдалар.
Истиқлолгача саноқли кишилар муборак зиёратларга бориш бахтига муяссар бўлган бўлса, мустақиллик йилларида минглаб фуқароларимиз ушбу бахтга муваффақ бўлмоқдалар.
Ҳозирда Ҳаж ва Умра зиёратларининг ташкилий ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июнь кунидаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.
Дастлаб, юртимиз фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг ташаббуслари билан Жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланганини эслаб ўтиш ўринли бўлади.
Маълумот учун сўнгги йилларда умра зиёратига бораётганларнинг сони 10 000 нафардан ошмаган эди. Авваллари фуқароларимиз умра сафарига бориш учун йиллаб навбат кутишар, бошқа йўллар билан бориш имкониятларини қидиришар эди. Эндиликда, ортиқча оворагарчилик ва югур-югурларга барҳам берилди.
Шу ўринда 2019 йил умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган мавсумда умра сафари учун тўланадиган маблағ миқдоридан арзонлаштирилди. Яъни 11 600 000 сўмдан 11 450 000 сўмга туширилди.
Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб САП ҳаж ва умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдорида маблағ жорий этилмоқда. Юқоридаги харажатлар сметасига ушбу маблағ киритилмаган. Келишувга кўра, мазкур қўшимча маблағ умра зиёрати учун жорий йил ноябрь ойидан бошлаб тузиладиган кейинги шартномада қўшилиши белгилаб олинди.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати томонидан ҳаж ва умра соҳасида чет эл зиёратчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилиб, зиёратчиларга хизмат кўрсатишнинг янги тизими яъни электрон платформа жорий қилинган.
Янги тизим тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабабли
20 кун САПга кириш визаси фаолияти тўхтаб қолган. Шу йилнинг 25 сентябрь кунидан бошлаб электрон платформа орқали дастлаб кичик гуруҳли (5-25 нафар) умра зиёратчиларига “В2С” турдаги кириш визалари расмийлаштириш бошланган.
Лекин, умра зиёратига келиши режалаштирилаётган ҳукуматлараро келишув асосидаги катта гуруҳларга эса мазкур порталнинг тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабабли “В2В” турдаги виза бериш тизими ҳозиргача ишга тушмаганлиги ҳақида расмий билдирилди. Ушбу турдаги кириш визасини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча амалий ишлар амалга оширилиб, жараён шай ҳолга келтирилган. САПдаги ҳамкорлар томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ишлари ниҳоясига етган. Барча шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлар ва ОАВда фуқароларимиз томонидан берилаётган турли саволларга жавоб тариқасида, юқорида зикр этилган кириш визаси билан боғлиқ масалалар тез орада ҳал этилгандан сўнг, умра сафарига отланган биринчи гуруҳ зиёратчиларимизнинг Саудия Арабистонига жўнаб кетиш куни Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.
Маълумот учун, ҳар бир зиёратчи учун тўланадиган маблағ ичига:
Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси;
Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича авиачипта;
Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона;
ошпазлар томонидан тайёрланадиган тансиқ таомлар; сархил мевалар, ширинликлар, салқин ичимликлар;
24 соатлик бепул тўлиқ тиббий хизмат;
мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус нимча ва сумка;
Умра қўлланмаси (китоби), бейжик, қўл тасмаси, вакцина, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган.
Эътиборли жиҳати, сўнгги 2-3 йил ичида Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ҳаж ва Умра сафарига борадиган фуқароларимиз учун яратиладиган шарт-шароит ва хизматларга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, ўтган йилдан буён зиёратчиларимизга Мадина шаҳрида “Масжидун Набавий”дан 50 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Пулман Зам-зам”, Макка шаҳрида эса “Масжидул ҳарам”дан 600-650 метр узоқликдаги 4 юлдузли “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонаси хизмат кўрсатмоқда.
Зиёратчиларимиз учун меҳмонхоналарда юқори даражадаги сервис йўлга қўйилиб, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатиш пунктлари жорий этилди.
Шу ўринда, Умра сафари давомида зиёратчиларимизга хизмат кўрсатиш, уларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун билимли, тажрибали гуруҳ раҳбарлари саралаб олинганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Ўз навбатида, тайёргарлик ва ташкилий ишларни ўз вақтида, тизимли ва тартибли амалга ошириш учун Макка шаҳрида 3 нафар ва Мадинада 2 нафар жами 5 нафар ишчи гуруҳи хизмат кўрсатишини маълум қиламиз.
Маълумот учун, Умра зиёрати 10 кунни ташкил этиб, юртдошларимиз 3 кун Мадинаи мунаввара, 7 кун Маккаи мукаррама шаҳрида бўладилар.
Умра сафари давомида зиёратчиларга ўзбекистонлик
5 нафар ишчи гуруҳи, 200 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши) ва 47 нафар шифокор хизмат кўрсатади.
Умра сафарига отланаётган юртдошларимизнинг сафарлари бехатар, амаллари мақбул, эсон-омон, соғ-саломат оила аъзолари бағрига қайтиб келишларини Яратгандан сўраб қоламиз.
Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати
Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси масъул ходимларидан иборат илмий гуруҳнинг Индонезияга ташрифи ушбу мамлакатнинг етакчи босма ва электрон нашрлари томонидан кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Жумладан, Индонезиянинг "CNN Indonesia" ахборот агентлиги "Ўзбекистон делегацияси Индонезияга ташриф буюрди" сарлавҳали мақолани эълон қилди. Унда Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университетида "Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтгани ва мазкур анжуманда Ўзбекистондан етакчи олимлар иштирок этгани маълум қилинган.
"Тадбир илмий мулоқот шаклида ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида Имом Бухорий меросини ўрганиш, Мавароуннаҳр уламоларининг Индонезия оролларида ислом динини тарқатишда тутган ўрни, ҳадисшунослик йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди", – деб ёзган ахборот агентлиги.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида бўлиб ўтган қатор тадбирлар икки мамлакат ўртасида исломий маърифат, таълим, диний бағрикенглик ва тарихий меросни асраб-авайлаш соҳаларида алоқаларни янада мустаҳкамлаши таъкидланган.
Мақолада хабар қилинишича Ўзбекистон илмий-маърифий доиралари вакиллари Индонезия халқ манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Мухаймин Искандар, экология вазири ўринбосари Диас Хендраприоно, Уламолар Кенгаши ва "Наҳдатул уламо" ташкилоти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
"Businessreview" веб-сайти "Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлиги диний мўътадиллик ва ислом таълими тизимини мустаҳкамлайди" сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Нашрда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлигида Индонезия пойтахтида илмий-амалий конференция ташкил этилгани қайд этилган.
Материалда ёзилишича, анжуманда Мавороуннаҳр тарихи, Имом Бухорий мероси, Марказий Осиё уламоларининг Индонезияда ислом таълимотини тарқатишда тутган ўрни каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ушбу мамлакатдаги "Aspirasi Nusantara" электрон нашри Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари "Наҳдлатул уламо" ташкилоти фаолияти билан танишгани ҳақида ёзди. Маълум қилинишича, шу йил 2 июль куни Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов Индонезиядаги энг йирик ташкилот "Наҳдлатул уламо" раҳбарияти билан учрашди.
"Наҳдлатул уламо" ташкилоти қошидаги Илмий марказ раҳбари Абшор Абдулло Имом Мотуридий таълимоти сунний калом илмида мўътадил, ақл ва мантиққа таянадиган йўналиш эканини қайд этди" – деб ёзган электрон нашр.
Томонлар таълим соҳасида алоқаларни кенгайтириш, талабалар алмашувини амалга ошириш ва зиёрат туризми йўналишида дастурлар ишлаб чиқиш каби мавзуларда фикр алмашдилар.
Индонезиянинг "Jakarta Merdeka" онлайн портали эса "Богор Ботаника боғида дўстлик дарахти экилди" сарлавҳали мақолани эълон қилинди. Унда Ўзбекистон делегацияси аъзолари Богор шаҳридаги Индонезия Миллий Ботаника боғида дарахт экиш маросимида иштирок этгани ва Индонезия экология вазири ўринбосари билан учрашув ўтказгани маълум қилинган.
"Вазир ўринбосари Диас Хендраприоно Имом Бухорий тўплаган ҳадислар орасида табиатни асрашга оид насиҳат ва тавсиялар кўп эканини таъкидлади. Бу эса ислом таълимотида экологик билим ва онг асосий ўрин тутишининг яққол далилидир", – деб ёзилган "Jakarta Merdeka" мақоласида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати