14 сентябрь куни «Hilol-nashr» нашриётида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг навбатдаги китоби тақдимоти ўтказилди. У кишининг қаламига мансуб ушбу китоб «Олам ва одам, дин ва илм» деб номланган.
Тақдимот тадбири анъанага мувофиқ Қуръони карим тиловати ва дуои хайрлар қилиш билан бошланди. Сўнгра сўзга чиққанлар мазкур китобнинг ёзилиш тарихи, унда кўтарилган масалалар, жамият ва инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
«Олам ва одам, дин ва илм» муаллифнинг вафотидан кейинги нашр қилинган тўртинчи китоби.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Содиқ муаллиф ҳаётлигида таълиф ва таржима қилган ва вафотидан кейин нашр этилаётган китоблар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, 2 та таржима китоблари ҳам нашр қилинган. Бундан ташқари ҳали нашр қилинмаган 2 та таълиф ва 13 та таржима — жами 15 та китоблари бор. «Исломда уч бало: Ислом гиёҳвандлик, ароқхўрлик ва кашандаликка қарши» номли китобни ўзлари таълиф қилган. Шунингдек, умрлари охирида қазо ва қадар номли китоб ҳам ёзган. Таржима китоблардан аксари уламоларнинг асарларидан қисмларни масжид имомлари, мадраса мударрисларига ўтилган дарслар асосида тузилган. Хусусан, улардан бири Ҳаким Термизийнинг «Нодир асарлар» ва «Янги ҳаёт» деб таржима қилинган «Муридлар одоби» китобларидир. Шунингдек, замонамиз уламоларидан бўлган шайх Тақий Усмонийнинг «Замонавий фиқҳий муомалалар баҳслари» деб номланган китоблари ҳам ҳазрат томонидан таржима қилинган.
Ҳазрат бу китобни 2014 йил 4 июль жума куни ёзиб тугатган. Мана орадан беш йилдан зиёд вақт ўтиб ушбу китоб нашр қилинди».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов