بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ للهِ الَّذِي قَالَ فِى كِتَابِهِ الشَّرِيف "وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ" وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الَّذِي قَالَ فِى حَدِيْثِهِ الْمُنِيف "الْمُؤْمِنُ لِلْمُؤْمِنِ كَالبُنْيَانِ يَشُدٌّ بَعْضُهُ بَعْضًا" وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمِعِينَ أَمَّا بَعْدُ
МУСУЛМОННИНГ МУСУЛМОН УСТИДАГИ ҲАҚЛАРИ
Муҳтарам жамоат! Динимиз мўмин-мусулмонларни бир-бирлари билан ака-укалардек яхши муносабатда бўлишга буюради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُون
سورة الحجرات الاية-10
яъни: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилиш – аслида уларга ёрдам қилишдир. Чунки баъзан оддий тушунмовчиликлар ортидан ҳам ўзаро адоватлар келиб чиқади. Бу борада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларига ёрдам беришга чақириб, шундай марҳамат қилган:
...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
яъни: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Демак, динимиз ўзаро бирдамликка ва эзгу ишларда бир-биримизга кўмакчи бўлишга буюрар экан, аввало ўз ҳаққимиз ҳамда зиммамиздаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларини ҳам яхши билмоғимиз даркор. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"حَقُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ سِتٌّ، قِيلَ مَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: إِذَا لَقِيتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ، وَإِذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ، وَإِذَا اسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْ لَهُ، وَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اللَّهَ فَشَمِّتْهُ، وَإِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ، وَإِذَا مَاتَ فَاتَّبِعْهُ،"
(رواه الامام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Мусулмонни (бошқа) мусулмоннинг зиммасидаги ҳақлари олтитадир”, – дедилар. Шунда: “Улар нималар, ё Расулаллоҳ?” – дейилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон учратсангиз, унга салом беринг; сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг (яъни чақирилган жойга боринг); насиҳат сўраса, насиҳат қилинг; акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга жавоб қайтаринг; бемор бўлса, уни зиёрат қилинг; агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида умматларига бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:
Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, савобнинг кўпини олади ва нариги биродарига алик олишни фарз қилади.
Бир мусулмон тўй ёки маросим қилиб, бирор танишини таклиф қилса, ўша таклифга жавобан мазкур маросимга бориш – таклиф қилинганнинг мусулмонлик бурчидир.
Қийин вазиятга тушган инсон маслаҳат сўраганда, унга тўғри маслаҳат бериш ҳам мусулмонлик бурчи ҳисобланади.
Ҳар бир мусулмон акса урганида “Алҳамдулиллаҳ” дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган кишига эса, унга “Ярҳамукаллоҳу” (Аллоҳ сизга раҳм қилсин) деб, яхшилик тиламоғи – мусулмонлик бурчидир.
Бемор бўлган мусулмонни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, унинг дуосини олиш –аввало мусулмонлик ҳаққи, қолаверса – инсонийлик бурчидир.
Вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш –мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинки, ота-боболаримиз минг йиллардан буён мана шундай мўмин-мусулмончилик ҳақларига риоя қилиб келганлар. Маҳалладаги боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни хизматларида бўлиш каби эзгу ишлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ҳозирги кунимизда ҳам миллий-диний қадриятларимиз ўлароқ, маҳаллаларимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда айрим имконияти чекланган фуқароларимизга моддий ва маънавий кўмак бериш мақсадида Президентимиз ташаббуслари билан “Вақф” фондини ташкил қилиниши ҳам мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳақларини адо этишларига замин яратди.
Мусулмон инсон бошқа мусулмоннинг бирор гуноҳ иш қилаётганидан хабардор бўлса, уни бу ишидан қайтариши ҳам – бир мўминлик бурчидир. Чунки бу – ҳақиқий дўст-биродарлик рамзидир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ
(رواه الامام البخاري والامام مسلم)
яъни: “ “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа мусулмон учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Сўфи Оллоёр бобомиз ҳам бу ҳақда шундай деганлар:
Худонинг буйруғидин тойса ногоҳ,
Биродарлик ўшалдур – қилсанг огоҳ.
Мусулмон инсоннинг зиммасидаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларидан бири – унинг тилидан ва қўлидан бошқалар озор чекмаслигидир. Аллома ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Жомеъул улум вал ҳикам” асарларида: “Мусулмонга ҳар қандай кўринишда, хоҳ сўз билан, хоҳ феъл билан бўлсин, ноҳақ азият бериш – ҳалол эмаслиги шарий далилларда ўз ифодасини топган”, – деганлар.
Мусулмон инсоннинг бошқалардан уч кундан ортиқ аразламаслиги ҳам мусулмонлик ҳақларидан ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда арзимаган сабабларга кўра бир-бирлари билан аразлашиб юрган мўмин-мусулмонлар кўзга ташланиб турибди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида:
لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثٍ، فَمَنْ هَجَرَ فَوْقَ ثَلَاثٍ فَمَاتَ دَخَلَ النَّارَ
(رواه الامام ابو داود والامام احمد عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни “Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш – ҳалол эмас. Ким уч кундан ортиқ аразласа ва шу ҳолида вафот этса, дўзахга киради”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳақлари бир қанча бўлиб, қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз:
Муҳтарам жамоат! Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган техника асрида турмушимизнинг ажралмас қисмига айланган автотранспорт воситаларини бошқаришда ҳам бир-бирларимизнинг ҳақларимизга риоя қилишимиз лозим. Кўчаларимизга ўрнатилган светофорларга амал қилиш, пиёдалар йўлакларидан ўтаётган пиёдаларга йўл бериш ва бошқа йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳам мусулмонлик бурчларимиздан биридир. Ҳатто светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатланиш – ўзганинг ҳаққини поймол қилишдир. Демак, нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдалар ҳам йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишлари талаб этилади. Айниқса, автомобил йўллари ва кўчаларда ҳаракатланаётган тўй кортежлари бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб, уларнинг ҳавфсизлигига раҳна солмоқда. Баъзан бу айрим кўнгилсиз ҳодисаларни келтириб чиқармоқда. Аслида бундай дабдабабозлик шариатимизда ҳам, қонунчилигимизда ҳам қораланган. Озгина эътиборсизлик қилиб, бошқа одамларнинг ҳақларини поймол этиб қўймаслигимиз зарур.
Дарҳақиқат, бугун ислоҳотлар даврида яшаяпмиз десак муболаға бўлмайди. Жойларда “Халқ қабулхоналари”нинг ташкил қилиниши ҳам том маънода фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бирорта инсоннинг ҳаққи поймол бўлмаслигини таъминлаш ҳамда халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида қилинган ишлардандир.
Сўнги йилларда ўнлаб янги масжидлар очилиши, юзлаб масжидлар эса қайта барпо этилиши, ҳадис, ақида, фиқҳ ва тасаввуф мактабларининг очилиши ва мадрасаларда қабул квоталарининг кўпайиши ҳукуматимизнинг мўмин-мусулмонларга, шак-шубҳасиз, юксак эътибори ҳисобланади.
Бундай ислоҳотларни кўрган ҳар бир мусулмоннинг қалбида шукроналик ҳисси жўш уради. Аслида шундай бўлиши ҳам керак! Чунки, Аллоҳ таолонинг неъматларини бардавом бўлиши ҳам айнан ўша неъматга шукр келтириш билан бўлади.
Муҳтарам азизлар! Маърузамиз давомида ақидамизга тегишли бўлган васила қилиш масаласи ҳақида суҳбатлашамиз.
Васила бу – Аллоҳнинг исм ва сифатлари, пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ бандалар, шунингдек яхши амалларни восита қилиб, Аллоҳ таолога дуо қилишдир. Бу иш аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жоиз амал ҳисобланади.
Ҳозирги кунда сохта салафийлар томонидан ихтилофга сабаб бўлаётган масалалардан бири бу – васила қилиш (тавассул) жоиз эмас, деган даъводир. Баъзи фирқалар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва солиҳ инсонларни дуосида васила қилаётганларни кофирга чиқариб, уларга “мушрик” номини тамға қилиб қўймоқдалар.
Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин инсонларни васила қилишга амр қилиб шундай дейди:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга васила (восита) излангиз” (Моида сураси, 35-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ўзига васила излашларини буюрмоқда. Тафсир китобларида василани Аллоҳнинг исм ва сифатлари, яхши амаллар, пайғамбарлар ва солиҳ бандалар экани айтилган.
Усмон ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин”, – деди. “Хоҳласангиз, дуо қиламан. Хоҳласангиз, сабр қилинг. Бу – сиз учун яхшидир”, – дедилар”. “Дуо қилинг”, – деди. Уни яхшилаб таҳорат қилишга ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, мен Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, ушбу ҳожатим раво бўлиши учун Парвардигоримга сизни васила қилиб юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил”. Шундан сўнг унинг кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).
Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи ожиз инсонга дуо қилаётганда Пайғамбарни васила қилиб сўрашни ўргатдилар. Демак, инсонлар дуоларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ўртага қўйиб ҳожатларини сўрашлари айнан ҳадисга мувофиқ бўлади.
Манбаларда саҳобаларнинг ҳам васила қилганлари келтирилади. Бу борада Ҳазрати Умарнинг қурғоқчилик вақтида қилган қуйидаги василалари жуда машҳурдир.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қурғоқчилик вақтида Аббос ибн Абдулмутталиб ила Аллоҳдан сув сўраб, қуйидагича дуо қилар эди: “Эй Аллоҳим! Биз Сенга Пайғамбаримиз ила васила қилар эдик ва Сен бизни сув билан сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримиз амакисини васила қиламиз. Бизни сув билан сероб қилгин”. Натижада улар сув билан сероб қилинар эдилар (Имом Бухорий ривояти).
Аҳли суннанинг тўрт мазҳаби – ҳанафий, моликий, шофиий ва ҳанбалий уламолари томонидан васила қилиш жоиз эканлиги баён қилиниб, у ҳақда кўплаб асарлар ёзилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, васила қилувчи инсон дуосида ҳақиқий яратувчи – Аллоҳ таоло эканини эътиқод қилиши лозим. “Эй Аллоҳим! Мен Сендан фалон яхши амалим ёки фалон инсоннинг сенинг ҳузурингдаги ҳурмати ила сўрайман” шаклида бўлади. Аксинча, қабрларни зиёрат қилиш чоғида баъзи илмсиз инсонларнинг қабрларга тўғридан-тўғри сажда қилиб, қабр эгаларидан “Эй фалончи, менга фарзанд бер!” ёки “Эй фалончи, мени ҳожатимни чиқар!” деб сўрашлари эътиқодимизга зид амал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мусулмон киши қабр зиёрати ҳамда улуғларни васила қилишни шариатга мувофиқ ҳолда амалга оширмоғи лозим ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, васила қилиш жоиз эканлигига оят ва ҳадисларда етарлича далиллар мавжуд. Ҳозирги кундаги баъзи тоифалар, хусусан, сохта салафийлар ва бемазҳаблар “ширк” ва “бидъат” деб даъво қилаётган амаллар аслида “мустаҳаб”, “жоиз” эканлиги аҳли сунна уламолари томонидан асослаб берилган.
Аллоҳ таоло барчамизни аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабида собитқадам қилиб, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ ВОЖИБ” мавзусида бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.
Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.
Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.
Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.
Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.
Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.
Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا
“Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:
تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه
“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти), деганлар.
Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ
“Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).
Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.
Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.
Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.
Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.
Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.