Аллоҳга шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, кўплари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда. Намозхонлар бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар.
Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг эски биноси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари бошчилигида барпо этилган эди. Ўша даврларда “Ракат” маҳалласида яшовчи Миржалил ота ўзига тегишли бўлган боғидан саккиз сотих ер ажратиб, бу жойга масжид қуриш учун берган. Шундан сўнг 1954 йил масжид тикланган ва ўз фаолиятини шу кунга қадар давом эттириб келмоқда.
Мухлисахон Зиёвуддинхон қори қизлари мазкур масжиднинг эски биносига биринчи ғишт қўйишни шундай хотирлайди:
– Қори амаким бир куни оқ рўмолга ўралган нарса олиб келдилар-у, бизларга бермай тўғри бобомиз олдиларига кириб кетдилар. Нима олиб келдиларкин, деб қизиқиб мен ҳам кетларидан кириб бордим.
Бобомиз Эшон Бобохон ҳазратлари ўшанда 98 ёшда эдилар. Уйда кроватда, орқаларига 2-3 та ёстиқ қўйилган ҳолда, ўтирардилар. Саломатхон катта ойимиз уларга қараб турардилар. Қори амаким улар билан саломлашиб, хол-аҳвол сўраганларидан сўнг: — Отамиз, Тошкентда “Ракат” маҳалласида янги масжид (Совет даврида) қурилишига Москвадан рухсат олинди. Шунга бир оқ фотиҳа бериб, мана шу биринчи ғиштига муборак қўлингизни қўйиб берсангиз, — деб оқ рўмолни очиб, ичидан ғиштни олиб, бобомиз қўллари олдига олиб бордилар.
Бобомиз: — Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдалиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ— шу кунларга еткказганига шукур! - деб чуқур нафас олдилар-да, ўнг қўлларини “Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим — деб ғишт устига қўйиб, —Бундай муқаддас даргоҳлар юртимизда кўплаб очилиб, мусулмонларга хизмат қилсин! - деб, юзларига фотиҳа тортдилар.
Мана шундай мустажоб дуолар сабаб бугунги кунда диёримизда масжидлар сони ортиб бормоқда, қайта бунёд этилаётганларининг эса саноғи йўқ.
Ўтган давр мобайнида ушбу масжид биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Шу йилнинг 14 сентябрь куни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Маросимга йиғилган уламолар ва мўйсафид отахонлар масжид кўп йиллар хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Нуронийлар, мутасаддилар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов маросимда масжид аҳлини ушбу Аллоҳнинг уйи билан табрик қилиб, жумладан шундай сўзларни билдирдилар:
– Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида юртимизда масжид-мадрасаларни обод этиш ишлари жуда кенг кўламда амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари айни дамларда водий вилоятлари сафарида бўлганликлари боис келолмадилар, лекин бундай хайрли ишни кечга сурмасдан бошлашни, салом-дуоларини етказишни бизга топширдилар, қабул қилгайсизлар.
Давлатимиз раҳбари қайси ҳудудга ташриф буюрмасинлар масжид-мадрасалар, зиёратгоҳларни обод этишга жуда катта эътибор қаратмоқдалар. У кишининг раҳбарлик даврларида 26 та янги жоме масжид очилди, 116 та масжид қайтадан барпо этилди ва 200 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу масжидни ҳам мўмин-мусулмонларга муборак айлашини Ҳақ таборака ва таолодан сўраймиз.
Онлайн (Facebook): https://www.facebook.com/tojiyev.umidjon/videos/929585607387934/?t=141
Онлайн (youtube): https://youtu.be/9yP6NoRRefE
Фотожамланма: http://muslim.uz/index.php/media-17/fotolavhalar-2/item/16669
Тадбирда уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманган вилоятига сафарлари давомида вакилликнинг янги биносида туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Муфтий ҳазратлари юртимизда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ҳамда соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритар экан, имом-хатибларнинг дин пешвоси сифатидаги иш фаолиятларини жадаллаштиришлари зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, соҳа ходимларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, имомларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва хорижда касб-маҳоратини юксалтириш борасидаги ишлар алоҳида эътироф этилди.
Таҳлилий мажлисда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят имом-хатиблари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, 40 мингта маърифий тадбир, ОАВларда 9 мингта чиқишлар қилиниб, 5 500 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилгани, 5 300 та мигрант оилалари билан мулоқот қилингани ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 5 млрд сўм, мадрасаларга эса 800 млн сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилгани юқори баҳоланди.
Йиғилишда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан ҳамда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида масжидларни ободонлаштириш, тозалик ва техник хавфсизлик чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, Фатво маркази фаолияти, ўз устида ишлаш, имом-хатиблар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда muftiy.uz мобиль иловаси имкониятларидан самарали фойдаланиш таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари сўзлари ниҳоясида ҳар бир бош имом-хатиб ўз ҳудудида фаолият юритаётган дин пешволарининг фаолиятларини таҳлилий ўрганиб, масъулият, садоқат, фидоийлик ва ташаббускорлик билан хизмат қилишларини таъминлаши лозимлиги айтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати