Шимолий минтақаларда майда туёқли, кийиксимонлар оиласига мансуб кичик жуссали ҳайвон яшайди. Бу кийикнинг лотинча номи Moschus moschiferus бўлиб, у “миск чиқарувчи кийиклар” турига киради.
Танасининг узунлиги 1 метр, думи 4-6 сантиметр, ердан баландлиги 70 сантиметр, вазни 11-18 килограмм келади. Орқа оёқлари олд оёқларидан бироз узунроқдир. Эркагининг юқори лаблари остидан 7-9 сантиметр узунликдаги тишлари чиқиб туради. Ушбу жонзотлар Шарқий Сибир, Шарқий Ҳимолай, Тибет, Сахалин ороли ва Кореяда тарқалган бўлиб, асосан тоғлардаги қояларда яшайди. Шунингдек, уларда миск ишлаб чиқарадиган безлар мавжуд. Ушбу без жигарранг тук билан қопланган тери халтачаларда жойлашган.

Миск кийикнинг қорин (киндик) қисмида шаклланади. Кейин ўша ердаги қўнғирранг тери халтачаларга тўлгач, кийик харсангтошга қорнини ишқайди. Ишқаланиш натижасида киндик атрофидаги халтачалар ичи тўла миск билан ерга тўкилади. Унинг ранги қора бўлади. Миск изловчилар тоғлардан ана шу халтачаларни териб келадилар.

Вояга етган эркак кийикнинг битта безида 10-20 грамм табиий миск мавжуд бўлиб, қимматбаҳо маҳсулот ҳисобланади. Мискнинг кимёвий таркиби жуда мураккаб: ёғ кислоталари, мум, ароматик ва стероид бирикмалар ва холестерин эстерлари. Миск ҳидининг асосий ташувчиси макроциклли миск кетонидир.

Ушбу мискни халқ тилида мушк ҳам дейилиб, парфюмерия саноатида ҳамда тиббиётда ишлатилади. Қадимда араблар ва тибетликлар мискдан эркаклик жинсий қувватини оширишда фойдаланишган.
“Миск” калимаси Қуръони Каримнинг Мутоффифин сурасининг 25-оятида Аброрларнинг васфида келган.
Ибн Шиҳоб раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида: “…Сўнг жаннатга киргизилдим, қарасам унда маржондан бўлган қуббалар бор экан. Ва тупроғи миск экан…”, – деб айтилади. Муттафақун алайҳ.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар. Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга масжид одоблари мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, маърузада айтиб ўтилганидек, масжидлар эҳтиром юзасидан “байтуллоҳ” – Аллоҳнинг уйи дейилади. Зеро, масжиднинг деворлари ва устунлари Аллоҳ номи билан қурилган. Уларда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, У Зот улуғланади, мақталади. Унга руку ва саждалар қилинади. Зеро, Қуръони каримда бундай баён қилинган: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг!” (Жин сураси, 18-оят).
Сўнгги йилларда юртимизда бир нечта йирик масжид ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуасини олайлик. Ушбу мажмуанинг умумий майдони 44 гектар бўлиб, ўз ичига маҳобатли мақбара, ўн минг кишига мўлжалланган катта масжид ҳамда аллома тарихига бағишланган замонавий музей бунёд этилди.
Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда республикамиз бўйича 2147 та масжид фаолият олиб бормоқда. Бу ҳам бўлса, жамиятимизда диний-маънавий ҳаётнинг юксалиб бораётганидан далолат. Масжидлар ободлигига бўлган бу эътибор, шубҳасиз, муқаддас динимизга ва унинг қадриятларига бўлган эҳтиромнинг ёрқин кўринишидир. Зеро, масжидларни обод қилишнинг замирида инсон қадрини улуғлаш, унинг руҳий-маънавий эҳтиёжларини таъминлашдек эзгулик мужассам.
Масжид бино қилишнинг фазли ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради” (Имом Муслим ривояти).
Манфаатли суҳбат якунида бундай хайрли ишларга камарбаста бўлаётган мутасаддилар ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати