АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ СИФАТЛАРИ
Аллоҳ таолонинг Зотий сифатлари ва Субутий сифатлари бор.
Зотий сифатлари:
Вужуд (Бордир)
Қидам (Борлигининг аввали йўқдир)
Бақо (Борлигининг охири йўқ)
Ваҳдоният (Бирдир)
Мухолафатун лил-ҳаводис (ҳеч бир махлуқотга ўхшамайди)
Қиём бинафсиҳи (Борлигида ҳеч нарсага муҳтож эмасдир).
Субутий сифатлари:
Ҳаёт (доимо тирик)
Илм (барча нарсани билиш)
Самъ (ҳамма нарсани эшитиш)
Басар (кўриш)
Ирода (хоҳиш)
Қудрат (барча нарсага қодирлик)
Калом (сўзлаш)
Таквин (бутун махлуқотни яратиш).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:
"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.
Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.
Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.
Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.
У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.
Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.
Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.
Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."
Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).