Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июн, 2025   |   7 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:51
Пешин
12:26
Аср
17:34
Шом
19:54
Хуфтон
21:30
Bismillah
03 Июн, 2025, 7 Зулҳижжа, 1446

Афвнинг ажри Аллоҳнинг зиммасида

28.08.2019   2847   4 min.
Афвнинг ажри Аллоҳнинг зиммасида

Ҳар тонг  фарзандини ишга кузатаётиб, қўлларини дуога очиб қолаётган, фарзанди ишдан қайтадиган вақт бўлганда  остонага чиқиб олиб, уни кўзлари нигорон бўлиб кутиб ўтирадиган, қайтганида қалби қувончга тўлиб қучоқ очиб кутиб оладиган ота-она;

Не-не орзулар билан бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалолини тонгда ишга кузатиб, кечгача вақти-вақти билан унинг уйдаги кийимларини ҳидлаб-ҳидлаб қўяётган, эри ишдан қайтишига  ширин таомлар пишириб, чиройли кийимларини кийиб, атир-упалар сураётган бахтиёр аёл;

Эрта тонгда уйқули кўзлари  билан отасининг пинжига кириб ётиб оладиган, отаси ишга жўнаётганда жажжи қўлчаларини силкиб хайрлашиб қолаётган, кечқурун қайтганда эса ўзини қучоғига отиб кун давомида уни қандай соғинганини таърифлаб бераётган жажжи болакай;

Укамнинг рўзғоридан хабар олиб келай, тинч ўтирибдимикан, ейиш-ичишдан қийналиб қолмадимикан, деган эзгу ниятли акалар;

Акамнинг уйига бир кириб ўтай, бирор хизмати бўлса қарашиб юборай, деган самимиятли укалар;

Сигирининг оқлигидан орттириб, укасининг рўзғорига олиб келувчи меҳрибон опалар;

Акасининг уйини супуриб-сидиришда янгасига ёрдамга ошиқувчи мушфиқа сингиллар;

Ҳар доим бирга ишлайдиган, фикр алмашадиган, зиёратларга, саёҳатларга  бирга борадиган, ҳар доим ёнида эканини, тафтини ҳис қилиб турадиган содиқ дўст;

Тансиқроқ таом пиширса, илинадиган, кечқурунлари тоза ҳавога сайрга чиққанда дилкаш суҳбатлар қурадиган, яхши-ёмон кунларда севинчингизга шерик, қайғунгизга ҳамдард бўладиган хушфеъл қўни-қўшнилар, меҳрибон қавму қариндошлар...

Агар бирор киши қандайдир сабаб билан панжара ортига ўтиб қолса, ана шуларнинг  ҳаммасининг боши эгилиб, кўзига дунё тор бўлиб қолади.

Муҳтарам Президентимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг 28 йиллигини нишонлаш арафасида эълон қилинган "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги Фармонни имзолагани ва шу Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига асосан, содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқаро афв этилиши, қаранг, қанча инсонларнинг бахтини, бахтиёрлигини қайтариб берди. Буни гўёки тўхтаб қолган ҳаёт араваси бирданига юриб кетганига, сўлиб қолган чечаклар қайтадан барқ уриб кетганига менгзаса бўлади.

Бинобарин, Аллоҳ таоло айтади: “...(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).

Президентимизнинг ушбу фармони ана шу ояти каримага мувофиқдир. Адашгани оқибатида халқимизга, давлатимизга нисбатан ёмонлик қилган кишиларга ўзларининг ёмонликларига муносиб тарзда жавоб қайтариш имкони юз чандон бўлиб турган паллада улар афв этилди. Бунинг учун афв этувчига Аллоҳ таолонинг ажри бор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳадиси шарифдан гуноҳ қилувчиларнинг энг яхшилари қилган гуноҳларига тавба қилувчилар экани аён бўлмоқда. Шундай экан, адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган, бугунги кунда ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқариб олган фуқароларни кечириш қанчалар фазилатли иш. Зотан, Ватанимизда олиб борилаётган ислоҳотларда авваламбор инсон манфаатлари устувор аҳамият касб этаётгани ҳам ана шу фармонда ўз инъикосини топган.  Зеро, ислоҳотларнинг асосий мақсади бутун жамиятнинг куч ва имкониятларини халқимиз фаровонлиги йўлида бирлаштириш ҳамда шу орқали барча юртдошларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, давлатимизнинг жаҳон саҳнасидаги мавқеини яна юксалтиришдан иборатдир.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда

30.05.2025   8440   2 min.
Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда

#xabar #haj2025

Макка шаҳрида зиёратчилар жойлашган меҳмонхоналарда маърифий суҳбатлар ўтказилиб, улуғ ибодат аҳкомлари ва ҳожилик одоблари ҳақида мавъизалар қилинмоқда. Юртимизда кейинги йилларда ҳаж ва умра сафарларини юқори даражада ташкил этилаётгани, юртдошларимизга ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун ҳар томонлама қулайлик ва шароитлар ҳозирлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари,  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Қуръон ва тажвид бўлими мудири шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғли, Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломжон домла Холбоев, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошев, “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадамин домла Алихонов, “Эшон Бобохон” жоме масжиди имом-хатиби Таваккал домла Кенжаев, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Муҳаммадбобур домла Йўлдошев каби уламолар ҳожиларга суҳбатлар қилиб беришмоқда.

 

Учрашувларда табаррук шаҳарлар қадр-қиммати, бу ерларда зиёрат ва ибодат қилиш улкан саодат экани, бу улуғ жойларда Расул алайҳиссалом юрганлари, Ислом тарихидаги муҳим воқеалар содир бўлгани, ҳаж улуғ ибодатлиги, бундай шарафга етказгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиш, ҳар бир зиёратчи ҳақиқий ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиш тавсия этилмоқда.

 

Шунингдек, маърифий суҳбатлар чoғидa, аввало, ниятни тўғри қилиш, дoимo Аллоҳ таолонинг зикpи билан банд бўлиш, иcтиғфоp, дyoлар ва Қypъoни кapимни тилoвaтини кўпайтириш, тилни бeҳyдa cўзлapдaн тийилиш, қўлидaн кeлгaничa oдaмлapгa яxшилик қилиш, қaлбни мaшғyл қилувчи нарсалардaн xoли бўлиш, ўзини камтар тyтиш, зeбy зийнaтгa эътибop беpмacлик сингари ҳаж одобларига амал қилиш ҳажнинг мабрур бўлишига сабаб бўлиши ҳақида шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида эслатиб ўтилмоқда.

Суҳбатлар ниҳоясида зиёратчилар билан ҳаж ибодатига доир савол-жавоблар ҳам бўлмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда Уламолар зиёратчиларга маърифий суҳбатлар ўтказмоқда