Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари ўзларининг беқиёс ижодларида Қуръони карим оятлари ва кўплаб ҳадиси шарифларнинг маъноларини гўзал ва таъсирли тарзда шарҳлаб берганлар. Қуйида у зотнинг ижодларидан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча (комил) мўмин бўла олмайди”.
Ушбу ҳадиси шарифни Алишер Навоий ҳазратлари шундай шарҳладилар:
Мўмин эмасдур улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай
Токи қардошига раво кўрмас,
Ҳар наким ўзига раво кўргай.
Бу ҳадиси шарифни уламолар Муқаддас динимизнинг мадори бўлган ҳадислардан санайдилар. Чунки, агар жамиятда ҳар бир шахс фақат ўз манфаати учун яшаса, ундай шахсни бошқа махлуқлардан фарқи қолмайди. Эътибор беринг, ҳайвонлар бир-бири билан талашиб ейди, инсонлар, хусусан мўминлар бир-бирларига илтифот билан ейдилар. Бу фақат таом борасида эмас, балки мўмин киши ҳамма вақт илтифотли, сахий, бағрикенг, қўли очиқ, очиқ юзли ва бошқалар дардига ғамхўр бўлиши лозим. Бошқа байтларида:
Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами
деганлар. Бу ҳам кишини инсонпарварликка чақирувчи, худбинликдан қайтарувчи ҳикматли сўздир. Шу ондан бошлаб қолган умримизни ана шундай ўтказишга ҳаракат қилайлик. Зеро охират мукофотларидан умид қилган мўмин киши халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўяди. Элу юрт манфаати йўлида қилинган ҳар бир эзгу амал Аллоҳнинг ҳузурида ажрсиз қолмайди. Қуръони каримда:
“Албатта, Аллоҳ таоло мўминларнинг ажрларини зое қилмайди” (Оли Имрон сураси, 71-оят) дейилган.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча (комил) мўмин бўла олмайди”, – деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Комил мусулмон қўли ва тилидан мусулмонлар омонликда бўлган зотдир”, – дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифни Алишер Навоий ҳазратлари шундай шарҳлайдилар:
Ким мусулмонлиғ айласа даво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмон дурурки, солимдир,
Тилию илкидин мусулмонлар.
Бир киши мусулмонман деб жонини фидо қилса ҳам, унинг даъвоси чин эмасдир. Балки тили ва қўлидан одамлар омонликда бўлган, яъни зарар кўрмаган киши комил мусулмондир.
Бу ҳадиси шариф билан пайғамбримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг энг комили – одамларга қўли ва тили билан манфаат етказувчилари эканини баён қилганлар.
Хулоса килиб айтадиган бўлсак, ислом дини инсонни яхшилик ва эзгуликка чорловчи диндир. Мусулмон киши эса, тили ва қўли билан ҳеч кимга озор бермаслиги, балки ҳаммага яхшилик қилиш билан комилликка эришар экан. Аллоҳ таоло ҳаммамизни қўлимиз ва тилимиз билан фақат яхшилик қилишга муваффақ қилсин!
М.Ғаниев,
Қўқон шаҳар «Зинбардор» масжиди имом-хатиби
Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири “Ас-Саттор”дир. Марҳаматли роббимиз ушбу сифати билан бандаларнинг айбларини бу дунёда яшириб, камчиликларини ёпувчидир. Охиратда эса ўзининг фазли ва раҳмати билан кечириб юборади. Чин, ҳақиқий мусулмон ҳам роббимизнинг ушбу гўзал сифати билан хулқланиб, биродарларининг айбларини қидирмасдан, балки билган айбларини ҳам яширади. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунёда мусулмонларнинг айбларини яширган бандасини қиёмат куни одамлар олдида шармандаликдан асрайди.
Бу ҳақда суюкли, меҳрибон пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَسْتُرُ عَبْدٌ عَبْدًا فِي الدُّنْيَا إِلَّا سَتَرَهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда бошқа бир банданинг айбини шу дунёда беркитар экан, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бандаларнинг айбларини яшириш деганда, банда билан Роббининг ўртасида содир бўлган айблар тушунилади. Аллоҳга нисбатан банда томонидан гуноҳ, бирор айб содир этилганда, уларни фош этиб, шарманда қилинмайди, балки Аллоҳ таолонинг марҳамати, кечиримли эканига суяниб, фазлидан умид қилинади. Шу ниятда мусулмон биродарининг айбини яшириш ижобий хислат саналади.
Аммо, ҳақиқат беркитилиб, одамларнинг ҳуқуқлари зое қилинганини кўрганда, буни яшишириш, ошкор қилмаслик фазилат саналмайди, аксинча разолат саналади. Аммо бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлганда айбу камчиликлар яширилмасдан, рўйирост гапирилади. Гарчи ўзининг яқинлари томонидан содир этилган бўлса ҳам. Бу ҳам ўз навбатида гўзал фазилатдир.
Ҳадисдан биз ўрганган фойдали ўгитлар:
1. Мусулмон кимса биродарининг айбларини яшириб, одамлар олдида шарманда қилмайди.
2. Бу дунёда биродарининг айбини яширса, бунинг мукофоти қиёмат кунида Аллоҳ унинг ҳам айбини яширишини билган банда албатта бу амалини охиратига захира қилиб қўяди.
3. Мусулмон киши одамларнинг айбини яширади, чунки бу амални Аллоҳ яхши кўради.
4. Одамларнинг айбини яширар экан, уларнинг уят нарсаларини ҳам фош қилмаслиги ундан ҳам муҳим. Инсон бу билан ўзи яшаб турган жамиятда парокандалик, қўшнилар, қариндошлар орасида хусумат, жанжалнинг олдини олган бўлади.
5. Одамларнинг ҳуқуқлари зое қилинганини кўриб, ҳақиқатни яшириш, ҳақиқатни ошкор қилмаслик фазилат эмас, аксинча разолат саналади.
6. Инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётган киши гарчи ўзининг яқинлари, ака-ука, қариндошлари бўлса ҳам унинг айбу-камчиликлари яширилмасдан, ўзига рўйирост гапирилади.
Бекназар Муҳаммад Шакур,
Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси.