25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимига тайинлангани эълон қилинди.
Нуриддин домла Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилояти Асака шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. 1992 йилда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасини, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда Фарғона давлат университетини тамомлаган.
Иш фаолияти давомида Нуриддин домла Холиқназаров Андижон вилояти Асака шаҳри “Аҳмадали Махдум” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Оқ тепа” жоме масжиди имом-хатиби ва шу кунга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилган.
Нуриддин домла Холиқназаровга ушбу шарафли вазифада, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини таъминлаш йўлида Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраймиз.
Шу пайтгача пойтахт бош имом-хатиби вазифасида меҳнат қилиб келган Раҳимберди домла Раҳмонов “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида иш фаолиятини давом эттиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савоб иш қилишга, эзгу амални бажаришга одатланган кишининг кўнгли нурафшон бўлади. Нега? Чунки хайрли амал кишининг қалбини нурлантиради. Шу нур одамнинг юзида балқийди. Бу масжид қуришдек савобли амалларга ўз ҳиссасини қўшаётган азизларимиз тимсолида яққол намоён бўлади.
Бугун Бекобод туманидаги «Янгиобод» жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Обиджон домла Мирҳамидов, Бекобод шаҳар бош имоми Эргашбой домла Ҳамидов, масжид имом-хатиби, маҳалла фаоллари, нуронийларм иштирок этди.
Аллоҳга шукр, бугун масжидларимиз қиёфаси кун сайин гўзаллашиб, кўркамлашиб боряпти. Шу билан бирга, масжидларимизни намозхонлар маънавий жиҳатдан ҳам обод қилишмоқда.
Илк ғишт қўйилган жоме тез орада фойдаланишга топширилишини Аллоҳ таоло насиб қилсин.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати