Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Бировга ҳамроҳ бўлайин деб ботил йўлда юрма!
Бир ўзинг бўлсанг ҳам Ҳақ Йўлда юр!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Эслатма
Аёл киши эрининг ҳаққига кўп дуо қилиб туриши керак. Зеро, у бу дуони ихлос билан қилади. Чунки, дуосининг ижобатидан ўзи ҳам баҳраманд бўлади.
Уйдаги мастураларимизга бизнинг ҳаққимизга кўп дуо қилишларини тайинлаб турайлик!
*****
Зарари аниқ бўлганларга нисбатан доимий яхши гумонда бўлиш гоҳида сенга кулфат келтириши мумкин.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бечора фақир бутун умрини меҳнату машаққатда, ғамгин ҳолда ўтказади. Бир марта кулиб юборганда эса дарҳол уни суратга олишади-да, “Молу дунё бахтни пайдо қилмайди” деб пост қўйишади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сенинг синишингни кутаётган, синганингни кўриш истагида юрганнинг ёнидан ўтаётганингда шаҳдам қадамлар билан юр!
*****
Эсипаст ва аҳмоқлар билан тортишма. Акс ҳолда улар сени ўзларининг даражаларига тушириб оладилар-да, кейин аҳмоқлик борасидаги тажрибалари билан ютиб қўядилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Пар тўшакда ухлайдиганларнинг тушлари ерда ухлайдиганларнинг тушларидан гўзалроқ бўлмайди.
Жуброн Халил Жуброн
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД