Journal of Hospital Infection номли тиббий журналда соқолни доим ўткир тиғли асбоб билан қириб олишнинг зарарлари ҳақида янги тадқиқот хулосаси эълон қилинди.
Унда айтилишича, соқолни қириб олиш юзда кўринар-кўринмас жароҳатлар пайдо бўлишига олиб келар экан. Бунга сабаб соқол орасидаги бактерияларнинг олинган тук тешиклари орқали тери остига киришидир.
Соқоллилар ва соқоли олинганлар устида олиб борилган бу тажрибанинг кўрсатишича, доим соқолни ўситириб юрадиган кишилар соқолини олиб юрадиганларга нисбатан бактерия зарарига камроқ рўбарў бўлар эканлар.

Ушбу расмда соқол туклари орасида табиий равишда яшовчи бактерия ва вируслар кўк ва сариқ рангда берилган. Ўткир тиғли устара билан соқолни олиш эса ушбу вирусларнинг тери остига кириб олишига, бу эса сурункали тери яралари, тошмалар, ҳуснбузарлар ва сўгалларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин экан. Шу боис шифокорлар соқолни камроқ олишни, агар иложи бўлса, соқолни олмай, қўйиб юришни маслаҳат бермоқдалар.
Тадқиқотчилар яна шундай хулосаларга ҳам келишдики, соқол кишининг жозибали, ҳурматли ва виқорли кўринишига сабаб бўлар экан.
Шунингдек, “Нэйшнл географик” каналида ўтказилган тажрибада соқол кишининг ишончлироқ кўринишига ҳам сабаб бўлиши айтилган.
Баъзилар ўйлаганидек, соқол бактериялар уяси эмас.
Юзини кун давомида бир неча марта ювадиган одамнинг соқоли орасида зарарли бактериялар бўлмайди, қолаверса, юз соқол сабабли вируслар ҳужумидан ҳимояланган ҳолда бўлади.
Биз мусулмонлар кун давомида таҳорат асносида юзимизни бир неча бор ювамиз. Бу эса турли зарарлардан ҳимояланашимизга боис бўлади.
Ҳа, айтгандек, соқол юзни ультрабинафша нурлар таъсиридан ҳам ҳимоя қилиб, тери саратонининг олдини олади.
Бундан ташқари соқол астма, аллергия касалликларининг микроблари оғиз бўшлиғига тушиб, ўпкага етиб боришининг ҳам олдини олади.
Қолаверса, қишнинг қаҳратон совуғида соқол ўзига хос изолятор вазифасини бажариб, юз, жағ ва оғиз бўшлиғини совуқда музлашдан ёки совуқ уришидан ҳимояланишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ
“Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада биз бандаларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга, у зот алайҳиссалом берган, тавсия қилган нарсаларини олиб, қайтарганларидан қайтишимизни ва бу борада Ўзидан қўрқишимизни амр қилмоқда.
Барчамизга яхши маълумки, соқол қўйиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий суннатларидандир. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда соқол қўйиш вожиб амал ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини соқол қўйишга буюрганлар.
Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўйлабни қисқартириб, соқолни мўл қўйинглар!» — дедилар». Имом Бухорий ривояти.
Бошқа бир ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнта нарса фитратдан (инсоннинг табиий қиладиган ишларидан) деб, шуларнинг орасида соқол қўйиб, мўйлабни қисқартиришни ҳам зикр қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга яхшилиги, фойдалари бор амалларни қилишимизни амр этиб, ёмонлиги, зарарлари бор нарсаларни қилишимиздан қайтарганлар. Шунинг ўзиёқ у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига яққол далилдир.
Абдуддоим Каҳел мақоласи ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар. Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга масжид одоблари мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, маърузада айтиб ўтилганидек, масжидлар эҳтиром юзасидан “байтуллоҳ” – Аллоҳнинг уйи дейилади. Зеро, масжиднинг деворлари ва устунлари Аллоҳ номи билан қурилган. Уларда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, У Зот улуғланади, мақталади. Унга руку ва саждалар қилинади. Зеро, Қуръони каримда бундай баён қилинган: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг!” (Жин сураси, 18-оят).
Сўнгги йилларда юртимизда бир нечта йирик масжид ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуасини олайлик. Ушбу мажмуанинг умумий майдони 44 гектар бўлиб, ўз ичига маҳобатли мақбара, ўн минг кишига мўлжалланган катта масжид ҳамда аллома тарихига бағишланган замонавий музей бунёд этилди.
Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда республикамиз бўйича 2147 та масжид фаолият олиб бормоқда. Бу ҳам бўлса, жамиятимизда диний-маънавий ҳаётнинг юксалиб бораётганидан далолат. Масжидлар ободлигига бўлган бу эътибор, шубҳасиз, муқаддас динимизга ва унинг қадриятларига бўлган эҳтиромнинг ёрқин кўринишидир. Зеро, масжидларни обод қилишнинг замирида инсон қадрини улуғлаш, унинг руҳий-маънавий эҳтиёжларини таъминлашдек эзгулик мужассам.
Масжид бино қилишнинг фазли ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради” (Имом Муслим ривояти).
Манфаатли суҳбат якунида бундай хайрли ишларга камарбаста бўлаётган мутасаддилар ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати