Муқаддас ислом динимиз бизни дин-у диёнатли, одоб-у ахлоқли ва инсофли бўлишимизга даъват қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло бандаларнинг ўртасида мол-у дунёни бўлиб берганидек, дин-у диёнатни, одоб-у ахлоқни ҳам бўлиб берган. Аллоҳ таоло мол-у дунёни яхши кўрган бандасига ҳам, яхши курмайдиган бандасига ҳам бераверади. Аммо, дин-у диёнатни ва одоб-у ахлоқни фақат яхши кўрган бандасига беради. Бас, кимга Аллоҳ таоло дин-у диёнатни ва одоб-у ахлоқни берган бўлса, уни Аллоҳ таоло яхши кўради”.
Динимиз асоси гўзал хулқ ва ибратли ахлоқдир. Хулқ сўзи инсоннинг феъл-атвори, фазилатли хислати ва одоби каби маъноларни билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан динимиз нима деб сўрашганда: “Динимиз ахлоқ динидир”, деб жавоб берган эканлар. Динимиз эзгулик динидир. Бас, қайси бир киши гўзал ва кўркам ахлоқ эгаси бўлса, ундан фақат эзгулик ва яхшилик кутилади. Чунки маънавияти юксак ва қалби тоза пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари улуғ ахлоқ эгаси бўлганлар.
Аллоҳ таоло буни ўз каломида баён этган: “Ва албатта, сен буюк хулқдасан”. Қалам сураси, 4-оят.
Бу оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, хулқларини улуғлик билан сифатлади, бу пайғамбар алайҳиссалом учун катта баҳодир. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан пайғамбаримиз алайҳиссалом хулқлари тўғрисида сўрашганда: “Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари: “Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, деб марҳамат қилганлар. Ҳамда у зот: “Инсон яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечани намоз ўқиб ўтказадиганлар мартабасига етади”, деганлар.
Умуман олганда мазкур оят ва ҳадислардан маълум бўладики, ислом динида одоб-ахлоқ, яхши хулққа катта эътибор берилган. У зотга уммат бўлган ҳар бир мусулмон пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари билан хулқланиши лозим.
Одам боласи Аллоҳ таоло ҳузурида сурати билан эмас, сийрати билан, яъни, ички дунёси, маънавияти билан баҳоланади. Ота-она, устоз ва мураббийлар, қолаверса, ҳар бир тарбиячи энг аввало ўзи гўзал хулқли бўлиши лозим. Чунки ривоятларда келишича тарбия берувчи қандоқ бўлса, тарбия олувчи шундоқ бўлади. Айрим инсонлар боласини тарбия бераётганда ёки бошқа киши билан мулоқотда бўлганларида ёмон сўзлар (сўкиш) билан гапирадилар. Ёмон сўзни (сўкиш) одат қилган киши бадахлоқ одамга айланади. Ҳадиси шарифларда сўкиш гуноҳ эканлиги айтилган. Икки кишидан бири иккинчисига ёмон сўз (сўкиш) айтса маънавий жиноят қилган бўлади ва орадаги Аллоҳ таоло томонидан тутилган пардани бўзган бўлади, натижада гуноҳкор бўлиб хулқсиз инсонга айланади. Яхши хулқ эгалари, масалан, устоз ва мураббийлар шогирдларига тарбия бераётганда, оилада эса ота-оналар ўғил-қизларига тарбия бераётганда уларга ёмон сўз (сўкиш) айтмасдан, урмасдан ва бақирмасдан тарбия берадилар. Демак, ҳар бир мураббий ва устоз киши гўзал ахлоқли бўлса, ёш авлодга берган насиҳатлари самара беради. Шунда жамиятимизга фойдаси тегадиган, одоб-у ахлоқли ёш авлод вояга етади. Бундан ташқари яхши хулқли инсон ота-онаси ва аҳли аёлини ҳурмат қилади ва маҳалладаги маҳалладошлари, корхонасидаги ишчилар билан суҳбат қилганда гўзал ахлоқда бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик даврларида ҳеч кимга озор бермаганлар. Имом Аҳмад Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўл остидаги хизматчиларни ва хотинларни ҳеч қачон урмаганлар. Икки ишдан бирини танлаш тўғри келса, гуноҳ бўлмаса, осонини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар, ўзлари учун ўч олмаганлар...”.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ таоло суратларингизга ва мол-у дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди”, деганлар.
Юқорида келтирилган хадислардан хулоса қилиб, гўзал одоб-ахлоқ билан ўзимизни безаш, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиш, одоб-ахлоқда пайғамбаримиз алайҳиссаломга муносиб уммат бўлиш ҳар биримизга насиб бўлишини тилаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо қилиб: “Эй Роббим, менинг хилқатимни (суратимни) гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қилгин”, деб сўраган дуоларини ўзимизга одат қилиб олайлик!
Аминжон Исмоилов
Сирдарё тумани бош имом-хатиби
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: «Қуръонни ўқиш ва ёдлашда бардавом бўлинглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Қуръон ипини ечиб, қочиб кетиш борасида туядан ҳам тезроқ», дедилар (Имом Бухорий, 5033; Имом Муслим, 791).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ёд олган (Қуръонни ўзига дўст тутган) кишининг мисоли боғлаб қўйилган туянинг мисолига ўхшайди. Агар қаттиқ туриб, уни боғлашда бардавом бўлса, туясини сақлаб қолади. Агар бўш қўса, кетиб қолади”, дедилар (Имом Бухорий, 5031; Имом Бухорий, 789).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнингдир мен фалон-фалон оятни седан чиқардим, деб айтиши қандай ҳам ёмон. Балки, у седан чиқартирилди. Қуръонни (ўқиш билан уни) эсда сақланглар. Чунки у кишиларнинг қалбидан кетиб қолишда туялардан ҳам тез”, дедилар.
"Қуръон фазилатлари ҳақида қирқ ҳадис" китобидан