Бугунги кунда барча соҳалар қатори хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам ривожланиб, инсонларнинг эҳтиёжи учун мослаштириб борилмоқда.
Жумладан, Чилонзор туманидаги “Тошкент” автовокзали ҳам реконструкция қилинди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Маҳаллий ва халқаро йўналишларда қатновлар йўлга қўйилди. Бу ҳақда Азон интернет нашри хабар бермоқда.
Вокзал энг илғор технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, диспетчерлик хизмати, чиптахона, кутиш зали ва VIP залда йўловчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Меҳмонхона, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари, савдо дўконлари очилди.
Энг қувонарлиси эса, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхоналар йўловчиларга хизмат қилмоқда. Шунингдек, намозхоналарда Исломий адабиётлар кутубхонаси ҳам мавжуд.
Бугунги кунда Тошкентдан Янгиер, Зомин, Самарқанд, Зарафшон, Каттақўрғон, Хатирчи, Учқудуқ, Термиз, Денов, Бухоро, Қоракўл ва бошқа йўналишлар бўйича кунига 10 дан ортиқ маҳаллий рейслар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, автовокзалдан 12 та халқаро йўналиш бўйича хизмат кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати