Ёшларга гўзал одоблардан жуда кўп мисоллар келтирган уламо Али Тантовийнинг ҳикматли сўзлари ниҳоятда сермазмун. Қалбга файз ва ором берувчи бу сўзлар ҳар бир мўмин кишини бефарқ қолдирмайди, чуқур ўйга толдиради, ҳидоятга чорлайди, дилларга сурур ва қаноат бахш этади.
Уламо Али Тантовий ҳазратлари “Эй ўғлим” деб номланган рисолаларида бундай дейди:
“Эй ўғлим, менга нима учун иккиланиб ва уялиб ёзасан? Эй ўғлим, тинчлан, сен шикоят қилаётган дард ёлғиз сенда эмас, у барча йигитлар дарди. Ўн етти ёшингда бу дард сени уйқусизликка олиб келган бўлса, бошқаларни ҳам бедорликка олиб борган, уларнинг ҳам уйқу-оромини йўқ қилган. У кўп ўқувчини дарсдан, ишчини меҳнатдан, тожирни савдодан қайтарган.
Бундай йигит нима қилади? У шаҳват қийноғи, тана азоби ва қони қайнаганида қандай йўл тутади? Бу жуда қийин, албатта! Аллоҳнинг йўли унга уйлан, дейди. Бошқа фикрлар эса уни чалғитиб, уч йўлдан бирини танла, қолгани бекор, дейди.
Сен тўртинчиси ҳақида фикр қилишни ўзингга лозим тут. Фақат шу тўртинчиси яхши. У ҳам бўлса “уйланиш”дир.
Юқорида айтилган уч хато йўл қуйидагилар:
Бу қабиҳ йўл имконини бераётган мол-дунёдир. Маълум муддат ўтиб, “роҳат” бераётган тана бўйсунадими? Ана ўшанда соғлиқ кучи шаҳват талабини кўтара оладими?
Қанча-қанчалар ажойиб қувватли, кучли кишилар курашда, тош отишда ва югуришда ғолиб эди. Улар шаҳватига эргашиб ўта нимжон, бўш, камбағал, бечора бўлиб қолишди.
Аллоҳнинг ажиб ҳикматига эргашганлар фазилатли амал эвазига соғлом ва қувватли бўлиб ажрга эга бўлади. Разолат ва гумроҳлик йўлини тутган эса таназзул ва касаллик азобига лойиқ бўлади.
Кўпинча ўттиз ёшдан ўтмаган ўз нафсига жабр қилганидан гўё олтмишга киргандек кўринади. Кўпгина кексалар иффатлилигидан худди ўттиз ёшли йигитдек кўринади. Шундай ҳикмат бор: “Ким ёшлигини сақласа, унга кексалиги сақланур”.
Бу дарднинг давоси нима? Бунинг давоси Аллоҳнинг йўлини тутиш. Албатта, Аллоҳ нимани ҳаром қилган бўлса, унинг ўрнига бошқасини ҳалол қилган. Рибони ҳаром қилди ва савдони ҳалол қилди. Зинони ҳаром қилди ва уйланишни ҳалол қилди. Бас, даво – уйланиш. Агар уйланишга қурби етмаса, ўзини пок тутишдир.
Бир мисол. Олов устида қайнаб турган чойнакни кўрганмисиз? Агар сиз уни маҳкам беркитсангиз ва олов ёқсангиз, тўсилган буғ уни ёриб чиқади. Агар уни тешсангиз, суви оқиб кетади ва чойнак куяди. Агар унга паровоз ричагига ўхшаш ричак қўйсангиз-чи, сизга моторни айлантиради ва поездни юргизади!
Шаҳват гирдобидан қутулиш чоралари:
Биринчи, шаҳватдан нафсини тийган киши унинг тубан оқибати ҳақида фикр қила бошлайди ва унга қарши қаттиқ курашади.
Иккинчи, залолат йўлига эргашган кишининг ҳолати, ҳаром лаззат ўчоғига тинмасдан тортаётганини пайқайди ва бунинг олдини олади.
Учинчи, олдин йўл қўйган хатоларидан батамом тийилган киши улардан ўзини узоқда сақлайди.
Руҳий, ақлий ва қалбий жидду жаҳд ила нафсдан бундай ғамни улоқтириш лозим. Ана шунда тўпланиб қолган шайтоний қувват тамом бўлади ва ғафлат босиб, қамалиб қолган нур яна зоҳир бўлади. Бу эса Аллоҳга илтижо қилиш, ибодатда қоим бўлиш, тавбада бардавом бўлиш ва ихлос билан бўлади. Шунинг баробарида тасаввурда пайдо бўладиган манзаралардан фориғ бўлиш ва шаҳват уйғотувчи нарсалардан бутунлай воз кечиш шарт. Албатта, спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳам бундай ёмон одатларни эсдан чиқаришга катта ёрдам беради.
Эй ўғлим, инсон ўзини яхши кўради. Бирон кишини ўзидан афзал кўрмайди. У ойна олдида туриб, елкаси доирасимон бўлганини ва танаси қаттиқ, қўли бақувват бўлганини кўрса, бу унга ҳар қандай аёл зотидан севимли бўлади. Ҳақиқий имонли, мард йигит эса, қандайдир бир ҳаёсизни деб, бундай кўркам виқорни йўқотишга, қувватини бой беришга, мушаклари кучсиз ва қомати дол бўлишига зинҳор рози бўлмайди.
Энг маъқул йўл – уйланиш йўлини танлайди. Бу мукаммал даводир. Агар бунга қодир бўлмаса, рўза тутгани яхши.
Хуллас, тўғри йўл тутсанг, эй ўғлим, уйланиш лозим. Агар уйланишга қодир бўлмасанг, Аллоҳга тақво қилиш, ибодат ва билимга шўнғиш, барча фанлар ва спорт билан шуғулланишни маҳкам тутиш лозим. Чунки бу ишлар нафсни жиловлашда жуда яхши чорадир.
Эй йигит-қизлар, бу усуллар жинсий муаммоларни ечишдаги ҳалол йўллар. Сизларга бузуқликни зийнатлаб кўрсатаётганларни эшитишдан сақланинг. Улар ахлоқсизликни гўзал қилиб айтади. Бу мушкулларни енгиш гўдаклик ёки ёшлик вақтидан бошлаб, ички туйғу ва тарбияни яхшилаш билан бўлади.
Ғаламис кимсалар ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга оширишга уринади. Йигит-қизларни соғлом жамиятдан бузуқ майдонга ва ахлоқсизлик кўламига тортади. Нима учун, биласизми?! Маърифатли ёшларни уриш билан эмас, балки ушбу ялтироқ усул билан тўғри йўлдан буриб, уларнинг бошини эгиш ва бузуқликни жорий қилиш фитначи кимсаларнинг қинғир мақсадидир.
Бундай ёлғон, алдамчи чақириқлардан сабр қилиш ва қалбларни Аллоҳга боғлаш йўли билан сақланинг. Аллоҳ таолонинг бу улуғ амрига қулоқ тутинг:
“…Олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят).
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Ёшлар келажагимиз” китобидан
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Тақво – Рамазон рўзасининг ғоясидир. Яъни рўзадан кўзланган мақсад – тақводир. Бунинг учун банда Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан қайтиши, буюрган амалларни адо этиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ахир, инсон фақат таомдан ҳамда ичимликдан ўзини тийса-ю, лекин ёлғон сўзлашни, ғийбатни, судхўрликни, одамларнинг обрўсини тўкишни тарк этмасдан рўза тутиши мумкин-ми?!
Рўза бандани нафсига қарши туришга, ғазабини ютишга ва одамлардан етган озорларга сабрли бўлишга ўргатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза қалқондир. Рўзадор фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман”, десин».
Рўза бандани Аллоҳ таоло уни ҳамиша кузатиб турганини ҳис қилишга ҳамда ҳар бир ишни фақат холис Аллоҳ учун адо этишга ўргатади.
Шундай экан, рўза фақат таом ва шаробдан тийилиш эмас, балки нафсни тақво билан тарбиялашдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, тақводорлар жаннату анҳорлардадирлар. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадир” (Қамар сураси, 54-55-оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД