Муборак динимизнинг таълимотлари яна бир муҳим тарбияни ота-онанинг вазифаларидан қилиб белгилаган. Бу юксак масъулият фарзандларни инсон хулқини ихтиёрсиз бузадиган, жинсий мойиллик ва рағбат уйғотадиган ҳар бир нарса ва ҳолатлардан сақлашдир. Бу жараён бола тўққиз ёшдан то вояга етгунгача бўлган муддатни ўз ичига олади.
Таълим-тарбия олимлари фикрича, бу инсон ҳаётидаги энг муҳим босқич. Агар ота-она фарзанднинг бу борадаги тарбиясини ўз вақтида тўғри йўлга қўйса ва ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олса, бу катта ютуқ. Чунки соғлом жамият тараққиёти ва равнақи учун фазилатли, одобли, юксак маънавиятли ва тарбияли фарзанд вояга етади.
Шу боис динимиз ҳар бир ота-она ва мураббийга фарзандларнинг жинсий қизиқишлари эрта уйғонишидан эҳтиёт чораларини кўришга буюради.
Аллоҳ таоло бундай дейди: “…аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар!..” (Нур сураси, 31-оят).
Имом ибн Касир Нур сурасининг ушбу оятини бундай тафсир қилади: “Гўдак аёлларнинг турли ҳолатларини билмайди. Уларнинг авратларини, нозик овозларини, нозланиб юришларини фаҳмламайди. Агар бола ёш бўлиб, буларни тушунмаса, унда аёллар ҳузурига киришида зарар йўқ”.
Бу оят тафсиридан хулоса шу: агар бола аёлларнинг ҳолатларини ва авратларини фаҳмламайдиган даражада жуда ёш бўлса, уларнинг ёнларида ўтириши ва ҳузурларига кириб-чиқиб юришида зарар бўлмайди. Аммо фарзанд тўққиз ёшдан ошган бўлса, бундай ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмайди. Чунки бола бу ёшда ҳар бир кўринишни онгли равишда идрок қилади. Ушбу чегара ёшидан сўнг ҳам унга бу борада изн сўраш одоби буюрилмаса, баъзи ноқулай ва таъсирчан манзаралар гувоҳи бўлади. Натижада бола ғалати бир ҳолга тушиб, ахлоқи бузилиши ҳам мумкин. Бу эса, табиий, болада жинсий мойиллик жуда эрта уйғонишига олиб келади. Ҳаёт тажрибалари кўрсатишича, бундай ҳолга тушиб қолган фарзанднинг бутун фикри-зикри беихтиёр шундай ўй-хаёллар атрофида бўлади. Бунинг оқибатида илмга бўлган иштиёқи кескин пасайиб, ўзи бажарадиган кундалик ишларига бепарво бўлади.
Фарзандининг бу каби ғалати, ажабтовур ҳолатини кеч бўлса-да сезиб, вазиятни англаган ота- она учун энди унинг тарбия жараёни бироз оғир кечади. Муҳим паллада эътиборсизлик қилган ота-она энди бу иллатни юқтириб олган фарзандининг тарбиясига жуда жиддий эътибор бериши талаб этилади. Акс ҳолда, нечоғли оғир бўлса-да, айтиб ўтиш керак, шармандали ҳолат рўй бериши мумкин. Афсус, ўғил-қизлар ўртасидаги аянчли ва шармсиз воқеаларнинг барҳам топмаётгани фарзандлар тарбиясига етарлича эътибор берилмаётгани оқибатидир.
Баъзи кишилар: “Биз болага ушбу тарбияни бермасак-да, қинғир ишларга қўл ураётгани йўқ”, деб фикр билдириши мумкин. Тўғри, бундай салбий ишларни амалга оширмаса, нур устига нур. Аммо бу ҳол “Ушбу тарбия билан шуғулланмаса ҳам бўлади”, деган фикрни илгари сурмайди. Чунки фарзанд вояга етиб, маълум ёшга киргач, бирон олийгоҳга кириб ўқиш ёки иш туфайли ота- она назоратидан бироз бўлса-да узоқлашади. Ана шу маҳалда, ёшлигида бу тарбиядан мосуво бўлиб ўсган, боз устига ота-она назоратисиз қолган фарзандда ушбу иллат бўй чўзиб қолиши, шунда у турли хил бузуқликлар таъсирига тушиб, ҳаёсиз ишлар қилиши мумкин.
Фарзандининг қилаётган ҳар бир ишидан батафсил хабардор бўлиб турибман, деб қайси бир ота-она кафолат бера олади? Ёки фарзанд улғайгач, унинг учун хоҳ яхши, хоҳ ёмон эшиклар барчаси очиқми? Ёхуд ота-она вазифаси шулар билан ниҳоясига етдими? Йўқ, асло. Ваҳоланки, айни палла, ўзларидан андоза олган фарзандни жамият учун қай даражада тўғри тарбиялаб, тайёрлаб берганини кўрадиган пайт бўлади. Халқимизда нақл бор: “Яхши бўлса ейди ошини, ёмон бўлса ейди бошини”. Яхшилигидан раҳмат, ёмонлигидан лаънат ҳам бевосита ота-онага келади. Шу боис ота-она ҳаёт экан, фарзандлар доим назоратга, панду насиҳатга муҳтожлигини унутмасинлар. Шунинг учун муҳтарам мураббий ва ота-оналар тарбиянинг ҳар бир жабҳасида оқсамасдан шижоат кўрсатишлари қатъий талаб этилади.
Ҳадиси шариф:
Имом Бухорий ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фазл ибн Аббосни қурбонлик куни уловларининг орқасига ўтирғизиб олдилар. Фазл балоғат ёшига етиб қолган эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шаръий масала сўрагани Хасъам қабиласидан келган бир аёлга Фазл тикила бошлади. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фазлнинг иягидан ушлаб, юзини бошқа томонга бурдилар”.
Имом Термизий ривоятида:
Ибн Аббос Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Нега амакингиз ўғлининг юзини бурдингиз?” – деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ёш йигит ва қизни кўрдим, улар фитнадан омон бўлишига ишонмадим”, дедилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто 10–12 ёшли бола бўлган Фазлни бегона аёлга қарашдан қайтариб, юзини бурдилар. Бундан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) балоғат ёшига яқинлашаётган болаларнинг одоби яхши бўлиши ва фитна гирдобига тушиб қолишларидан сақлашга катта аҳамият берганларини билиш мумкин. Бу билан: “Улар фитнадан омон бўлишига ишонмадим”, дея қиёматга қадар давом этадиган барча умматларига жинсий мойиллик эрта уйғонишининг олдини олиш ниҳоятда муҳим тарбия эканидан сабоқ бердилар. Буни эса Набий (алайҳиссалом)нинг фарзандларни тўғри тарбиялашда олтин ўгитлари деб қабул қилишимиз, ҳаётимизда қўллашимиз зарур.
Бу тарбияни сингдириб боришда шарафли бурч соҳиблари ота-она қуйидаги икки масъулиятли назоратни сидқидил билан амалга оширишлари лозим. Биринчиси, оиладаги ички назорат, иккинчиси, атроф-муҳитнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Ёшлар келажагимиз” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара, яъни мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқнинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар. Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз?". У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинг ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринг!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадиснинг умумий маъноси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асаранинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар.
Мол-дунё фитнаси ҳам бошқа фитналар каби жуда хатарли бўлиб, ўз соҳибини турли балоларга ва охиратда аламли азобга мубтало этувчидир. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳамда бутун умматни фитналардан огоҳ бўлишга чақириб, замонлар келиб мол-дунё билан фитналанган манман, мутакаббир кишиларни ва Ислом динига номувофиқ ишларга гувоҳи бўлишларини башорат қилдилар.
Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нима деб амр қиласиз?" дедилар. Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар нажот топишлари мумкинлигини сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришга буюрдилар. Чунки бундай вақтда қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатда фуқароларга тинчликни таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бошқаларга нисбатан жуда қаттиқ қайғурадиган, мана шунга интилиб яшайдиган инсон фақат юрт раҳбари бўлар экан. Шунинг учун турли фитналарнинг олдини олишда мусулмонлар суянадиган энг ишончли киши фақат юрт раҳбари бўлиши мумкин. Шу билан бирга мусулмон киши ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини, фарз ибодатларни бажариши лозим эканлигини уқтирдиларки, бошқа манбаларда келтирилишича Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”, деб ўша вақтдаги ибодатнинг савобини Расулга бўлган муҳаббат ва ҳижратга тенглаштирган эканлар.
Фитналар бошланганда мусулмон кишининг бу икки нарса – итоат ва ибодатга чорланишини буюк ҳикмати бордир. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилади. Зеро, дунё фитналарга аралашиб турган даврда охират саодатига етаман деган киши учун энг мақбул ва сўнги йўл шудир.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
Ҳадиси шарифда жамият фуқароларини ўзаро иттифоқликка чақириб, фитналaрдан эҳтиёт бўлишга буюрилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз амирининг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин. Чунки султоннинг итоатидан бир қарич бўлса ҳам чиққан киши жоҳилият, яъни Ислом динидан бехабар, жоҳиллар ўлимини топади!” дедилар.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Суфиев Жаъфархон