Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
27 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Матбуот ва оммавий ахборот восита-лари ходимлари куни” муносабати билан барча ижодкорларни муборакбод этдилар.
Ушбу байрам тадбирида телевидения, радио, босма ва электрон нашрлар ходимлари, журналистлар, сайт юритувчилари, блоггерлар ва таҳлилчи-шарҳловчилар иштирок этди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мана шундай ижод аҳлини бир жойга жам қилиб, Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва ижобий ўзгаришларни халқимизга етказишда мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти таҳсинларга лойиқ эканини алоҳида қайд этдилар.
Бугунги тезкор замонда блоггерлар воқеа-ҳодисаларни ёритишда жуда ҳам тезкор бўлаётганлари учун ташаккур айтиб, улар жараёнларни ёритишда холисликни асос қилиб, хабарларни чиройли услубда ёртишни ва берилган имкониятлардан кенг фойдаланишни муфтий ҳазратлари тавсия этдилар.
Ҳозирги мураккаб замонда халқимизни рўйи-рост маълумот билан таъминлашда блоггерларнинг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётгани, айниқса, журналист ва блоггерларнинг жамиятимиздаги диний-маърифий воқеаларнинг аҳамиятини очиб бериш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби миллий матбуотимизнинг асосий мезонларига доимо амал қилиш лозимлиги таъкидланди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қалам аҳлининг меҳнатини нақадар машаққатли эканини тўла англаган ҳолда, уларнинг саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканлари, уларни энг яқин ёрдамчи, деб билишлари, шунингдек, барча ижодкорларга, жумладан, танқидий-таҳлилий йўналишда меҳнат қиладиган муаллифларга ҳам алоҳида эътибор қартишларини ҳамда Диний идора ҳар қандай масалада яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қиладилар.
Байрам тадбирида турли йўналишлар бўйича ўтказилган танловлар якунлари бўйича бир гуруҳ ижодкорлар тақдинланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил топганига 35 йил тўлгани муносабати билан Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё ва Қозоғистонда Ислом: тарихий анъаналар ва замонавий имкониятлар” мавзусида нуфузли халқаро анжуман ўтказилди. Унда турли давлатлардан келган ислом уламолари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев ҳам қатнашиб, “Сунъий онг (интеллект) ва унинг ҳукми” мавзусида чиқиш қилди.
Дарҳақиқат, сунъий онг (СО) – одам каби фикрлаб, қўйилган муаммога ечим топишга йўналтирилган бугунги технология. Гарчи у турли ускуна ва жиҳозлар кўринишида бўлса ҳам, қарор қабул қилиш, инсоний хулқ-атворга тақлид қилиш каби қобилиятларга эга.
Ахборот асри деб аталаётган бугунга келиб илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жуда ҳам тез ва шиддат билан ривожланиб бормоқда. Тараққий этган ўлкаларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгайиб, у кўплаб соҳаларга кириб бормоқда. Ушбу “онг”нинг шаръий ҳукмига аниқлик киритиш замона фақиҳлари олдида турган муҳим вазифалардан. Зеро, ундан мусулмонлар ҳам кенг миқёсда фойдаланмоқда.
Ўзбекистон уламолари вакили Ғуломиддин домла Холбоевнинг чиқиши шу маънода катта қизиқиш билан тингланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати