Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга: «Аммо сен, эй Абу Бакр, умматимдан жаннатга биринчи бўлиб кирадиган кишисан» деганлар. Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривоят қилишган.
*******
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даъватлари билан Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Убайда розияллоҳу анҳум ажмаъийн Ислом билан шарафланишган. Бу зотларнинг барчалари Ашараи мубашшара (Жаннатга кириши ҳақида хушхабар олган ўнта саҳобалар)дан ҳисобланишади.
*******
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Шайтон сен юраётган кўчадан эмас, балки бошқа кўчадан юради» деганлар.
*******
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига урушда ишлатиш учун кийимларининг бир четида минг динор олиб келиб, у Зот алайҳиссаломнинг қўйниларига тўкдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши олиб келган динорларни қўлдан ўтказа туриб: «Бугундан кейин Аффон ўғлига қилган амали зарар бермайди», деб марҳамат қилдилар. Бу гапни бир неча марта такрорладилар.
*******
Набий алайҳиссалом Ҳайбар ғазотида Али розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай дедилар: «Эртага байроқни бир одамга бераман. Аллоҳ унинг қўли билан ушбу диёрни фатҳ этади. Унинг ўзи Аллоҳни ва Расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради».
*******
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланарди. Танимаган одам у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди.
*******
Ибн Умар розияллоҳу анҳу рўза тутиб, ифторни мискинлар билан бирга қилардилар. Масжидга бориб (Шомни) ўқиб, кейин уйларига бир гуруҳ мискинлар билан қайтардилар.
*******
Сўзимиз сўнггида Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг мана бу гапларини келтирсак: «Салафи солиҳлар ўз фарзандларига Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳуни яхши кўришни худди Қуръондан суралар ўргатгандек ўргатишар эди».
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин! Уларга эргашиб яшашимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Ҳошимжон
Ҳар бир давлатнинг тарихи, қадрияти ва келажакка интилиши унинг давлат рамзлари – герб, мадҳия ва байроқда мужассам бўлади. Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган бўлиб, бу сана нафақат давлатчилик асосларининг мустаҳкамланганини, балки асрлар оша давом этган озодлик орзусининг амалга ошганини англатади.
Байроқ бу шунчаки тўртбурчак мато эмас, балки миллий ўзликни англашнинг энг юксак ифодаси, халқимизнинг ўтмиш ва келажак ўртасидаги ноёб кўпригидир. Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамлар экан, давлат байроғининг нафақат тарихий-рамзий, балки ижтимоий-сиёсий аҳамиятини чуқур таҳлил қилиш фуқароларимизда ғурур ва масъулият юкини янада оширади.
Байроқнинг ҳар бир ранги ва белгиси остида қандай фалсафа яширинганини англаш Ватанга дахлдорлик туйғусини кучайтиради. Шу боис, Ўзбекистон байроғи нафақат давлатнинг муқаддас рамзи, балки халқнинг умумий тақдири, ғурури ва буюк мақсадларининг жонли декларациясидир.
Ўтмиш, бугун ва келажак уйғунлиги
Ўзбекистон байроғидаги ранглар ва белгилар тўплами чуқур маънога эга бўлиб, улар мамлакатимизнинг тарихий, маданий ва маънавий қиёфасини акс эттиради. Байроқдаги ҳар бир чизиқ ва тимсол, Ватанимизнинг руҳий кодларидир.
Мовий ранг (кўк) – ҳаётийлик, мусаффо осмон ва сувнинг мангулигини билдиради. Тарихий жиҳатдан Амир Темур империяси байроғининг ранги сифатида тарихий давомийлик, куч-қудрат ва мардлик тимсолидир. Шу билан бирга бу ранг "Янги Ўзбекистон" ғоясининг очиқлик, ўзгаришларга тайёрлик ва глобал тараққиётга интилиш фалсафасини ифодалайди.
Оқ ранг – тинчлик, поклик, эзгулик ва ҳалолликнинг муқаддас рамзи. У ислоҳотларнинг асосий мақсади бўлган тинчлик-фаровонлик ва ҳалол меҳнат фалсафасида ўз аксини топган.
Яшил ранг – уйғониш, табиатнинг янгиланиши, умид ва ёшлик рамзидир. Ислом цивилизацияси анъаналарига ҳурматни ифодалаш билан бирга "Яшил макон" каби экологик лойиҳалар билан узвий боғлиқдир.
Қизил ҳошиялар – рангларни ажратиб турувчи бу йўллар – вужуддаги ҳаётий қудрат ирмоқлари, тириклик ва матонат тимсоли.
Янги ой қўлга киритилган мустақиллик, янгиланиш ва тараққиётнинг рамзи ҳамда Ислом анъаналарига ҳурматни билдиради.
Ўн икки юлдуз қадимий астрономик билимлар, хусусан, Мирзо Улуғбек мактабининг юлдуз илми (нужум) тараққиётига қўшган ҳиссасига ишора қилади. 12 рақами комиллик, тўкислик ва юксакликка интилиш фалсафасини англатади.
Ижтимоий-сиёсий аҳамияти ва қонунчилик
Давлат байроғининг қабул қилиниши мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тан олиниши учун биринчи ва энг муҳим қадам бўлган. Байроқ кўп миллатли Ўзбекистон халқини ягона Ватан ғояси атрофида бирлаштирувчи, улар орасидаги миллатлараро тотувлик ва умумий мақсадларни мустаҳкамловчи энг олий рамздир. 2023 йилда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида” ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар байроққа бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда, фуқароларнинг уни спорт, маданий тадбирлар ва оилавий байрамларда кенгроқ қўлланишига имкон яратди. Бу ўзгариш миллий рамзларга дахлдорлик туйғусини кучайтирди.
Спорт, тарбия ва халқаро ғурур
Ўзбекистонда давлат байроғи қабул қилинган кунни нишонлаш ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни билан ажралиб туради. Байроққа меҳрни спорт орқали тарғиб этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. "Янги нафас" оммавий югуриш мусобақаси каби кенг қамровли спорт тадбирлари орқали байроққа ҳурмат ҳаракат, соғломлик ва ёшлар шижоатида ифодаланади. Байроғимизнинг халқаро майдондаги энг баланд ҳилпираши бу спортчиларнинг ғалабасидадир. Спортчилар учун байроқ бутун бир халқнинг ишончи ва орзуси ҳамдир. Айниқса, Кураш миллий спортимизнинг либосларида (яктак) Ўзбекистон байроғидан жило олинганлиги, бу либослардан дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакати фойдаланаётганлиги байроғимизнинг халқаро спорт маданиятига сингиб бораётганини кўрсатади.
Мамлакатимизда давлат байроғи қабул қилинган кун бу йил ўзгача шукуҳ ва кўтаринкиликда нишонланмоқда. Бутун республикамиз бўйлаб "Бир байроқ остида" эстафетаси тадбирлари ўтказиляпти. Бу халқни жипслаштириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим воситасидир. Узоқ вилоятлардан бошланадиган тадбирларнинг якуний тантанаси 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқлар дўстлиги майдонида катта шоу тарзида давом этиб, бутун халқнинг бирдамлик байрамига айланади.
Эҳтиром, масъулият ва келажакка ишонч
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун бу нафақат тақвимдаги бир сана, балки миллий ўзлик ва мустақилликнинг устуворлигини эслатувчи тарихий чорловдир. Байроқ бугунги тинч, фаровон ва ўз келажагини ўзи қуришга бел боғлаган халқнинг ягона мақсад йўлидаги бирдамлик декларациясидир.
Ҳар бир фуқаронинг бурчи бу муқаддас рамзга нисбатан юксак эҳтиром билан қараш, унинг замиридаги чуқур фалсафани англаш ва унинг жаҳон узра мағрур ҳилпираши учун ўз масъулиятини ҳис этишдир.
Байроғимиз остида бирлашган ҳолда биз Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини бунёд этамиз. Зеро, ҳилпираётган байроқ бу бизнинг тинчлик, тараққиёт ва келажак авлодларга қолдирадиган энг буюк ва муқаддас меросимиздир.
Аловаддин Ғаффоров, ЎзА