Назира келин бўлиб тушганига бир ойча бўлиб қолди. Чоршанба куни тушликка яқин қўшни келин косада таом олиб чиқиб, “Тугун оши қилган эдик, Қуръон ўқиб юборарсизлар. Тугунларимиз ечилиб кетсин” , дея чиқиб кетди. Назира ота-онасининг уйида бундай ҳолатга дуч келмаганидан қайнонасидан тугун оши нима учун қилинишини сўради. Қайнонаси ён қўшниси ҳар ойда чоршанба куни тугун оши, пайшанба ҳолвайтар, чўзма қилиб, қўшниларга тарқатишини, бу одат ислом дини кўрсатмаларида йўқлигини қўшни аёлга қанча тушинтирмасин таомга эътиқод қилишини ташламаганини айтиб берди.
Бошига бирор муаммо тушганида фолбинми, яқинларими билиб-билмай “тугун оши” қилиб юборишни маслаҳат беришади. “Тугун оши” қандай одат? Бу тўғрисида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Ҳақиқатан, баъзи кимсалар чоршанба куни тугун оши қилиб, у орқали муаммолар ечимини ахтарадилар. Жумладан, иши юришмаганда, бирон муаммога дуч келганида, ўғил-қизларининг бахти очилмаганида, келини ёки қизининг кўзи ёриши яқинлашганида бундай ишларни қилиш омма халқ орасида урф бўлган. Аммо бунинг шариатимизга ҳеч қандай дахли йўқ. Аслида ўша чучвара, холвайтар ва бошқа таомлар покиза ҳолатда қилинса, уларни “бисмиллоҳ” айтиб ейиш мумкин. Бироқ улар инсонни бирон муаммодан қутқаради, йўли очилишига сабаб бўлади, деган эътиқодда бўлиш нотўғри!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз”.
“Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар Сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У Kечиримли ва Раҳмлидир” (Юнус сураси, 106-107 оятлар).
Ташвиш ва муаммолардан қандай қутулиш лозимлиги ҳақида динимизда бошқа кўрсатмалар келган. Жумладан, бирон ишда иккиланиш бўлса, истихора қилишга, муаммолардан қутула олмай турган бандага кўп истиғфор айтишга, келиши мумкин балолардан сақланиш учун ихтиёрий садақалар беришга тарғиб қилинган. Бироқ таом тайёрлаб, Қуръон тиловат қилиш ва ўша таомга ишониб қолиш мусулмон бандага тўғри келмайди. “Чоршанба муродбахш кун”, деган ишонч ҳам шу билан боғлиқ бўлса ажаб эмас.
Хуллас, халқ орасида кенг тарқалган бу одатлар Исломга бутунлай ётдир. Улар бидъат-хурофотдан бошқа нарса эмас. Унутмайликки, таом пишириш билан ташвиш аримайди, шариатимизда таом устида тиловат қилишга буюрилмаган ёки бу ишга тарғиб ҳам қилинмаган...
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
ҲАРОМ ОЙЛАРДА РЎЗА ТУТ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
ҲАДИС ШАРҲИ
Уламолар ҳадисни бундай шарҳлайдилар: “Ушбу ҳаром ой (ашҳурул ҳурум)ларда рўза тутишга даъват этади ва уч кун рўза тутиб, уч кун қолдиришга ишора қилади. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бири ҳисобланади”.
ҲАРОМ ОЙЛАРИ ТЎРТТАДИР
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир” (Тавба сураси, 36-оят).
БУ ОЙДА РАСУЛУЛЛОҲ ﷺ ҚАНДАЙ РЎЗА ТУТАРДИЛАР?
Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу айтади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда бу ой рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
РАЖАБ ОЙИДА РЎЗА ТУТУВЧИЛАРГА ҚАСР ҚУРИЛАДИ
Абу Қилоба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор”.
БИР КУНЛИК РЎЗАНИНГ МУКОФОТИ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
САҲАРЛИК-ИФТОРЛИК ВАҚТИ
06 январь – душанба
Саҳарлик вақти (оғиз ёпиш): 06:24
Ифторлик вақти: (оғиз очиш) 17:12
ҚАНДАЙ НИЯТ ҚИЛИНАДИ?
Нияти: Холис Аллоҳ учун ражаб ойининг рўзасини тутишни ният қилдим.
Даврон НУРМУҲАММАД