Хоразм вилояти Гурлан тумани бош имоми, “Қора Алам Бобо” жоме масжиди имом-хатиби Маҳмуджон Ҳабибуллаев Гурлан тумани Фидокор маҳалласида яшовчи Қутлимуратовлар оиласига ўз ҳисобидан янги уй қуриб берди. Мазкур оила ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бири бўлиб, яшаб турган хонадони ночор ҳолатда, уйнинг шифти, поллари яроқсиз аҳволда эди. Унинг устига, газ, электр токидан катта миқдордаги қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган эди. Имом-хатиб эски уйнинг ёнидан алоҳида бинода 5 хоналик янги уй қуриб берган, коммунал тўловлардан ҳам қарзларини тўлаб берган.
Аслида бу хабар, мазкур хонадон соҳиби, уч фарзанднинг отаси Умрбек Қутлимуродовнинг Диний идорага Маҳмуджон Ҳабибуллаев номига ёзилган Ташаккурнома хатидан сўнг маълум бўлди.
Ташаккурнома хатида: “Бош имом Маҳмуджон ака бизларни зах, кўримсиз жойдан халос қилиб, ўз ҳисобидан беш хонали замонавий тартибда уй солиб берди. Биз фарзандларимиз билан ҳар куни эрталаб қўлимизни дуога очиб, у кишини узоқ умр кўришини, қилаётган хайрли ва савобли ишлари Қодир Аллоҳ ҳузурида ўзларига соябон бўлишини истаб қоламиз, дея мамнуният сўзлари битилган.
Биз бу масала бўйича биз имом домла билан боғланганимизда камтарлик билан: “Ҳа, ўтган йили қиш ойларида хонадоннинг оғир шароитини кўриб, Аллоҳ қодир қилса, шу оилага янги уй қуриб беришни ният қилган эдик, ёзга чиқиб, шу иш насиб бўлди ва тез фурсатда уй ҳам битди, дедилар.
Аллоҳ розилиги, халқ хизмати йўлида қилнаётган бу каби ишлар кўпаяверсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ким бир яхшиликни кўнгилга тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга тўлиқ бир яхшилик деб ёзади. Агар шуни кўнгилга тугиб, кейин уни қилса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга ўнта яхшиликдан етти юз бараваргача қилиб, ундан ҳам бир неча баравар кўп қилиб ёзади. Ким бир ёмонликни кўнгилга тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга тўлиқ бир яхшилик деб ёзади. Агар шуни кўнгилга тугиб, кейин уни қилса, Аллоҳ буни унга биргина ёмонлик деб ёзади" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).