Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Биз золим қавммиз(ми)...?

08.04.2019   2844   4 min.
Биз золим қавммиз(ми)...?

Нега инсонларда меҳрдан кўра қаҳр, сокинликдан кўра жаҳл ва ғазаб тез шаклланади? Нега инсонларда ўзгаларга (айниқса ўзидан заифроқларга)  нисбатан зулмкорлик кайфияти тез ривожланади? Америкалик олимлар ана шу масалага ойдинлик киритиш учун моҳиятан анчагина шафқатсиз ижтимоий тажриба ўтказишди. Бу тажриба мутлақо кутилмаган натижа келтирди...

Стэнфорд университетининг руҳшунослик бўлими ертўласида ўзига хос қамоқхона жиҳозланди. Тажрибада илгари судланмаган, хушмуомала, анчайин уятчанг, тартиб-интизомли одамлар кўнгиллилар сифатида қатнашдилар. Улар икки гуруҳга бўлиниб, ярми маҳбус, қолганлари эса турма назоратчилари “роли”га киришдилар.

Тажриба шартига биноан, “турма”даги ижтимоий-маиший шароитлар мунтазам оғирлаштириб борилиши керак эди. Биринчи кечадаёқ “маҳбус”лар исён кўтаришди. Бу норозилик “назоратчилар” томонидан шафқатсизларча бостирилди. Ҳар икки гуруҳ аъзоларининг феъл-атворида “рол”га мос салбий хусусиятлар пайдо бўла бошлади. Назоратчилар маҳбусларни қийнашнинг янги-янги усулларини ўйлаб топишга киришдилар: овқатдан маҳрум қилиш, ҳожатхонадан фойдаланишни таъқиқлаш ва ҳоказо.

Атиги бир ҳафтадан сўнг, кўнгилчан, хушмуомала одамлар, хўмрайган ва қаҳрли “зек”лар ҳамда муросасиз назоратчиларга айланишди.

Шартлари ва муҳитининг ўта шафқатсизлиги боис, тажрибани муддатидан олдин тўхтатишди. “Маҳбуслар” бундан беҳад шодланган бўлсалар, “назоратчилар” ҳаммаси бунчалик тез тугаганидан афсусланишди...

Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Бир-бирига зулм ўтказишга мойиллик инсон руҳиятининг туб-тубида “мудраб” ётадими?

Юқоридаги тажриба шундан дарак бермаяптими? Заҳириддин Муҳаммад Бобур таъбири билан айтганда :    

Ким кўрибдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!

Инсонни тупроқдан ясаб жон киритган Аллоҳ таоло биз бандаларини ўзимиздан минг чандон зиёдроқ яхши билади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз  каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

“Ўз аҳдларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйдик”.  (Моида сураси, 13)

Оятдаги аҳддан мурод Аъроф сурасининг 172-173 оятларида зикр қилинган “Ал-Мийсоқ” воқеасидир. Хўш, унда нима бўлган эди?

Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

“Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: «Мен Раббингиз эмасманми?» (деди). (Улар): «Йўғ-е! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик», – дедилар. Қиёмат куни: «Биз бундан ғофил (бехабар) эдик ёки ота-боболаримиз олдиндан мушрик бўлганлар. Биз улардан кейин келган зурриёт эдик. (Ўша) ноҳақ кишиларнинг феъллари сабабли бизни ҳалок қиласанми?» – дейишларини (билганимиз учун шундай қилдик).   

(Аъроф сураси, 172-173)

Энди ушбу оятлардан келиб чиқиб юқорида тилга олган зулмкорлик синдромининг нима учун инсонларда тез шаклланиши ҳақида хулоса чиқарамиз. Маълумки Аллоҳ таоло инсонларни зарра шаклида Одам алайҳиссалом сулбларидан чиқариб уларга савол билан мурожаат қилади: “Мен Раббингиз эмасманми?” Бандалар бу саволга: “Раббимизсан! Гувоҳлик бердик” дедилар. Мана шу жавоб уларнинг Аллоҳ билан аҳдлашганликларини билдиради. Бу аҳд Аллоҳ ва унинг буйруқларига тўла бўйсуниш учун берилган аҳддир. Аммо, ер юзида одамлар тарқалиб нафси ва шайтонннинг найрангларига учгандан сўнг, улар исёнкорга айланди ва Аллоҳ уларни тўғри йўлга қайтариш учун Ўз элчилари пайғамбарларни юборди. Афсуски, одамларнинг аксари то бугунга қадар Аллоҳ таоло ва унинг пайғамбарларига берган аҳдларини бузишиб, тўғри йўлдан юз ўгирдилар. Натижада оятда келтирилганидек ўз аҳдларини бузганликлари сабабли улар Аллоҳнинг лаънатига учради ва қалблари бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйилди. Демак, инсондаги бу нуқсон яни зулм, бешафқатлик, ғазаб ва қаҳрларнинг бош сабаби Аллоҳ таоло ва пайғамбарига итоат этмасликдан келиб чиқар экан.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло шундай деди: “Эй бандаларим! Албатта мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва сизларнинг ораларингизда ҳам зулмни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилманг”.

Умри Исломда, тақвода, ҳидоятда ва Аллоҳнинг розилиги талабида ўтган инсоннинг қалбида ҳеч қачон ноҳақ зулм, қаҳр, жаҳл ва ғазабга жой қолмайди.        

                        

Саидаброр Умаров

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Етказиб бериш кечиккани сабабли қўшимча таом бериш

07.07.2025   3287   1 min.
Етказиб бериш кечиккани сабабли қўшимча таом бериш

Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб  беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.

Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.

Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.

2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.

Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази