Ота-она ҳақига дуо қилиш.
“Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).
Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам муҳтожроқдирлар”.
Ота-она қабрини зиёрат қилиш.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).
Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳақига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.
Ота-она ҳақига истиғфор айтиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.
Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.
Ота-она номидан садақа қилиш.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).
Ота-онанинг дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилиш.
Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».
«Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.
Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».
Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.