Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарларидан ҳисобланади. Катта Лангар Қуръони деб номланиши, унинг Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақланганига бориб тақалади.
“Катта Лангар Қуръони”нинг сақланиш тарихи
Саҳифалар узоқ вақт давомида “Катта Лангар шайхлари” деб ном олган Ишқия тариқати вакиллари томонидан асраб келинган.
Маҳаллий аҳолининг ҳикоя қилишича Катта Лангар Қуръони 1917 йилларда Асрорхўжа ота исмли кишининг қўлида бўлган, 30 йилларгача унинг ўғли Уста Абдулло ота, ундан кейин Ёқуб бобонинг қўлида сақланган. Ундан Қулфи момонинг қўлига ўтиб 1957 йилгача у кишининг қўлида сақланган. 1957 йилдан Тўхта Бобо Ражабовнинг қўлида сақланган.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида Ўзбекистонда диний ва миллий қадриятларга қарши кураш авж олгач, ушбу қўлёзманинг ҳам катта қисми атайин йўқ қилинган ёки яширилган.
Ҳикоя қилишларича, 1984 йили ўша вақтда тегишли ташкилот вакиллари томонидан ҳеч қандай далолатнома қилинмаган ҳолда Лангар Қуръонининг 67 саҳифаси олиб кетилган. Унинг қаерда эканлиги ҳалигача маълум эмас. Шунда қишлоқ оқсоқолларидан Тўхта бобо Ражабов қўлёзманинг 12 саҳифасини асраб қолишга муваффақ бўлади.
Орадан ўн йил ўтиб, мустақиллик йилларида ушбу муборак саҳифалар яна Катта Лангар зиёратгоҳига қайтарилади.
Қўлёзманинг қадимийлиги
Аслида бу қўлёзма бизнинг юртимизга қандай келиб қолганлиги ҳақида ҳалигача ҳеч ким аниқ маълумот айта олган эмас. Аммо биз шуни биламизки, ушбу қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашларича, ушбу қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.
Ҳозирги кунда ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю.Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган[1].
1998 йилда профессор Е.А.Резван Шарқ қўлёзмалари институтида Е 20 инвентар рақами остида сақланаётган мазкур қўлёзма ҳақида хориж матбуотида инглиз тилида “The Qur’an and its World” мақоласини эълон қилди. Орадан бир неча ой ўтиб, француз шарқшуноси Франсуа Дерош Санкт-Петербургга хат йўллаб, у билан бирга Ўзбекистондаги Катта Лангар қишлоғидан топилган Қуръон саҳифалари фотонусхаларини ҳам юборади. Бу нусхалардаги ёзув тури ва услуби институтда Е 20 рақами остида сақланаётган қўлёзманики билан айнан бир ҳил эди.
Кейинчалик Е.Резван ушбу қўлёзманинг айрим саҳифалари Катта Лангар қишлоғида, шунингдек Тошкент ва Бухорода ҳам сақланиши ҳақида хабар топади. 1999 йилда Катта Лангар Қуръони билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга илмий экспедицияни амалга ошириб, бир гуруҳ шарқшунос олимлар билан Тошкентда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва Лангар Қуръонининг бир саҳифаси, Шарқшунослик Қўлёзмалар институтида сақланаётган 1та саҳифасини, Лангар ота масжидида сақланаётган 12 саҳифани бориб кўради. Кейинчалик бу ҳақда “Усмон Қуръони изидан” деган ҳужжатли фильм ҳам тайёрлайди[2].
2000 йилнинг май ойида россиялик ва голландиялик олимларнинг изланишлари натижасида, Гронинген (Голландия) университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма пергаментининг намуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилади. Текширув натижаларига кўра, ушбу қўлёзма милодий 775-995 йиллар оралиғида кўчирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берилди. Олимлар ушбу хулосага таяниб, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган. Бу хулосани француз шарқшуноси Ф.Дерош ҳам тасдиқлайди.
Қўлёзмалар қаерларда сақланмоқда?
Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд:
Биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада “Бақара” сурасининг 26-61-оятлари кўчирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садир Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи Халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) замонасида кўчирилган китобга тегишли экани айтилади.
Иккита саҳифаси Бухорода: биттаси Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхонасида, иккинчиси Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк қўлёзмалар музейида сақланмоқда. Унда Мужодала сурасининг 11-оятидан Ҳашр сурасининг 3-оятигача ёзилган.
Соҳага оид муҳим воқеа
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаганларидан кейин юртимизда бу борада бир қанча илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ташаббуси билан 2017 йил 28 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуида халқаро медиа-форум ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан вакиллар ҳам иштирок этдилар. Айни медиа-форум 2018 йил 10 декабрь куни ҳам бўлиб ўтди. 2017 йилда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида Европа технологиялари асосида “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди.
2018 йилнинг 3 декабрь куни Даракчи газетасининг интернет саҳифасида Катта Лангар Қуръони ҳақида мақола эълон қилинди. Ана шу мақолада шундай дейилади. “Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, шундан биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида, биттаси Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида, 12 варағи Катта Лангар қишлоғида сақланади”, дейилган.
Мақолада шунингдек, “ушбу саҳифаларда “Нисо” ва “Анъом” сураларининг парчалари ўрин олган”, дейилган.
Катта Лангар Қуръони Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қачон келтирилган?
Катта Лангар Қуръонининг 12 саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ноиби марҳум Абдураззоқ Юнусов томонларидан Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги “Лангар ота” жомеъ масжидидан 2003 йилнинг 11 декабрида олиб келинган.
Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см.ни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Саҳифаларнинг баъзиларига, айниқса ҳошияларига жиддий зарар етган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган.
Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган. Саҳифаларнинг чарм муқовасида муқовасознинг исми (Муҳаммад Носир) ҳамда 1255 (1839-1840) санаси ёзилган.
Лангар Қуръонининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган қисми
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси кутубхонасида аввалдан бир саҳифаси сақланиб келган бўлса, 2003 йилда қолган 12 саҳифаси Лангар ота масжидидан келтирилган бўлиб, ҳозирда 13та саҳифаси сақланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг аввалги битта саҳифасида “Бақара” сурасининг 126-150 оятлари, қолган 12 саҳифасида Нисо сурасининг 136-оятининг ярмидан бошланиб, Моида сураси тўлиқ ва Анъом сурасининг 82-оятининг бошланишигача бўлган қисми мавжуд.
Мавжуд 12 саҳифани муқовага тикишда тартиб бузилган. Яъни, бешинчи саҳифани иккинчи саҳифа ўрнига, еттинчи саҳифани олтинчи саҳифа ўрнига алмаштириб тикиб юборилган. Натижада сураларнинг кетма-кетлиги бузилган.
Мавжуд саҳифалар Қуръони каримнинг икки жузини ўз ичига олган. Демак, таҳмин қилиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони 190-200 саҳифа атрофида бўлган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси ёхуд 47 фоизигина етиб келган.
Катта Лангар Қуръони асрлар оша
Катта Лангар Қуръони йиллар давомида таъмирланиб, уни безак ва нуқталар билан тўлдириб келинганини кўришимиз мумкин. Масалан, баъзи саҳифаларнинг йиртилган бурчакларига ямоқ солинган ва ямалган жойидаги оятлар насх хати турида ёзилган. Суралар орасига нақш чизилиб, унга суранинг номи ва оятларининг сони насх хатида битилган. Баъзи саҳифалардаги баъзи калималарга ҳаракатлар қўйилганини ҳам кўришимиз мумкин. Масалан,
ان الله جامع المنافقين و الكافرين في جهنم جميعا
(سورة النساء/140)
оятини мисол қилишимиз мумкин.
Катта Лангар Қуръонининг ўзига хос жиҳатлари
Лангар Қуръонининг бир бетига ҳозирги Мадина Мусҳафининг бир ярим бети ҳажмидаги оятлар ёзилган. Лангар Қуръонида суралардаги оятларнинг сони ҳозирги Мадина мусҳафидаги оятларнинг сонидан фарқли қилиб берилганини кўришимиз мумкин. Масалан, Мадина мусҳафида Моида сураси 120 оятдан иборат дейилган бўлса, Лангар Қуръонида Моида сураси 122 оят дейилган. Анъом сураси Мадина мусҳафида 165 оят дейилган бўлса, Лангар Қуръонида 167 оятдан иборат дейилган.
Катта Лангар Қуръони Ўзбекистонга қандай келиб қолгани ҳақида турли тахминлар илгари сурилади. Шуниси аниқки, ўтган муддат давомида Катта Лангар масжидида сақланиб келган. XIX аср охирларида қўлёзманинг бир қисми номаълум сабабларга кўра, мамлакатдан олиб чиқиб кетилган ва юқорида таъкидланганидек, 1936 йилда И. Ю.Крачковскийнинг қўлига етиб борган. Қўлёзманинг бошқа саҳифалари ҳар хил одамлар томонидан олиб кетилган. Хуллас бугунги кунда ушбу нодир китоб саҳифаларининг ярмидан кўпроғи қаерда, кимларнинг қўлида экани ҳамон сирлигича қолаётир.
Катта Лангар Қуръонидан нусха кўчириб ёзилиши
2004 йилда хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан Катта Лангар Қуръонининг 12 саҳифаси қайта кўчириб ёзилган ва ҳозирда ўша қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Ислом Академиясининг манбалар ҳазинасида сақланмоқда.
Катта Лангар Қуръони тарихий аҳамиятга эга
Лангар Қуръонининг юртимизга келиб қолиши тарихи ҳақида бир қанча тахминлар мавжуд:
Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжиди ва зиёратгоҳи билан боғлиқ бўлганлиги боис унинг ушбу манзилга келиши, у ердаги ишқия тариқати машоихларининг ўз даврида ерли аҳолининг ижтимоий ва маънавий ҳаётида тутган ўрни, Лангар қишлоғининг ўтмишда маданий ва иқтисодий жиҳатдан қандай ҳолатда бўлганлиги билан боғлиқ илмий тадқиқот ишларини олиб борилиши лозим эканлиги билан ҳам катта аҳамиятга эга деб ўйлаймиз.
Шу кунгача Лангар зиёратгоҳи билан боғлиқ бир нечта мақолалар, шунингдек, Ғулом Каримийнинг “Лангар фожиаси” романи чоп этилган ва уларда Лангар Қуръонига боғлиқ маълумотлар ҳам берилган.
Ҳозирги кунда Лангар масжидида профессор Е.Резван томонидан амалга оширилган Лангар Қуръонининг фотонусхаси ва хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан кўчирилган қўлёзма сақланмоқда.
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Диний идора Фатво бўлими мудири
[1] https://history.wikireading.ru/256823 Над арабскими рукописями Куфический Коран и “бабушка-арабка” (1936)
[2] https://youtu.be/l_by2R6-8ec
Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг шуҳрати янада кенг ёйилаётганлиги хаммага маълум. Аммо буни кўра олмайдиганлар томонидан бунга қарши турли найранглар ўйлаб топилаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мусулмонлар орасида фитна қўзғаб, ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва жамият хаётида барқарорликни издан чиқаришда исломни нотўғри талқин қилиб, унинг номидан турли нотўғри ғоя ва оқимларни пайдо қилиш энг сермахсул қуролга айланиб қолди. Айни шу асосда мазҳабсизлик муаммоси ҳам пайдо бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган мехнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишни ўзи қийин. Бу пайғамбаримиз с.а.в.нинг суннатларига хам тўғри келмайди, зеро У киши шундай мархамат қилади: “Аллох умматимни бирор залолатга жамламас”. Бошқа бир хадисда: “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллохнинг ҳузурида ҳам яхшидир” – дейилган.
Ўзбек халқи неча асрлардан бери суннийликнинг тўрт фиқхий мазҳабидан бири бўлмиш ҳанафийлик мазҳабига амал қилиб келади. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётнинг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар ўртасидаги хар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гурухларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.
Халқимиз ўз мустақиллигини қайтадан қўлга кириганидан сўнг динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний маърифий соҳаларда турли мусулмон давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри аммо зоҳирда гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришга улгурди. Улар халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳабини нотўғрига чиқарди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Натижада мусулмонлар ўртасида низо, тортишув юз бериб ихтилофлар авжига чиқди. Мазҳабларга эргашишдан қайтариш ҳали динни тўлиқ билмайдиган, Қуръоннинг таржима ва тафсири у ёқда турсин, уни тўғри ўқий олмайдиган юртдошларимизнинг диний ҳукмлар ҳақида тортишиб бир- бирини адашганга чиқаришларига сабаб бўлди.
Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган экстеримизмга мойил кишилар пайдо бўлди. Улар энди нафақат мазҳабга амал қилувчилар билан балки ўзаро бир- бирлари билан келишмас эди. Уларнинг ўзлари хам турли номсиз фирқаларга ажралиб кетди. Бундан эса турли экстремистик рухдаги ғаразли кучлар унумли фойдаланди. Ўлкамизга четда шаклланган радикал оқимлар кириб келди ва тарқоқ номсиз фирқаларни ўзларига қўшиб олди.
Рамазон ал- Бутий: “Мазҳабсизлик- ислом шариатига тахдид солиб турган энг катта бидъат” деб айтгани бежиз эмас. Зеро динимиз мусулмонларни ўзаро бирлашишга ва фирқаларга бўлинмасликка буюради.
Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (яъни динини) махкам тутинг ва бўлиниб кетманг” деб марҳамат қилади. Оли Имрон сураси 103-оят.
Бошқа бир оятда:
“Агар билмасангиз зикр аҳилларидан сўранг” Анбиё 7-оят.
Ушбу ояти каримада бир инсон шаръий масалада илми бўлмаса ўзича қарор қабул қилмай балки дарров аҳли илм олим инсонлардан сўрашликка буюрилдилар. Келинг энг аввло мазҳаб сўзини қандай маънода эканлигини тушуниб олайлик.
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.
Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб (ваф. 795/1393) ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.
Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилишдир:
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.
Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.
Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас” асарида ўзлари шофеий бўлишларига қарамасдан ҳанафий мазҳабимизни мақтаб шундай деганлар: “Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор”.
Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.
Хуллас, мазҳаблар, хусусан ҳанафий мазҳабимиз ҳақидаги мақтов ва эътирофлар ниҳоятда кўп бўлиб, бу жойда уларнинг барчасини келтиришга имкон йўқ.
Афсуслар бўлсинки, мана шундай барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмасликларидандир, яъни жаҳолатдандир.
Мазҳаббошилар саҳиҳ ҳадисларни ҳасанидан, ҳасан ҳадисларни заифидан, носих ҳадисларни мансухидан ажрата оладиган бўлганлар. Шунингдек, улар оят, ҳадис ва осорларнинг (саҳобалардан ривоят қилинган хабарларнинг) маънолари ва шарҳларидан хабардор бўлганлар ҳамда оят ва ҳадислардан ҳукм олиш учун зарур бўлган бир қанча илмларни билганлар. Бизни ҳозирги замонда бундай зотларни топиш амримаҳол ишдир.
Ҳижрий еттинчи асрда яшаган Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу мавзуга доир қуйидаги фикрларни айтганлар: “Мужтаҳиднинг ҳукмига қарши саҳиҳ ҳадис топган киши унга амал қилиши учун алоҳида шартлар бор. Бу шартларни ўзида мужассам қилган кимса бизнинг замонамизда ўта оздир”.
Эътибор берайлик, Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий еттинчи асрда туриб, бизнинг замонамизда бундай одам оздир, демоқдалар. Ҳозирги ўн бешинчи ҳижрий асрда бундай шартларни ўзида мужассам қилган зотлар бормикан?
Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейдилар. Динда адашмаслик учун, тўрттадан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.
Уламоларимиз: “Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат”, – деганлар.
Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган маконлар ва замонлар учун жуда ҳам зарур.
Маълумки, аҳли сунна вал-жамоадаги тўрт мазҳабнинг барчасини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз. “Усулул фиқҳ” китобларида таъкидланганидек, улардан фақат биттасига тақлид қиламиз, яъни эргашамиз.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 йилда таваллуд топганлар.
Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 93 йилда таваллуд топганлар.
Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150 йилда таваллуд топганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164 йилда таваллуд топганлар. Демак, энг аввал туғилган, саҳобалар асрида таваллуд топган Имом – бизнинг Имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига замондош бўлганлари маълум, бошқа мазҳаббошилар эса саҳобаларнинг суҳбатларини топмаганлар. Шунинг учун улар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар. Мазҳаб бошлиқларидан бири Имоми Шофеий Имоми Аъзамни шундай эътироф қиладилар: “Одамлар ҳаммалари ва барча уламолар Қуръону ҳадисни англашда ва масъала илмида гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа қарамоғидаги оила аъзоларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан рақобот қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”.
Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ эса, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни улуғлаб, шундай тавсиф этганлар: “Мен ҳадис илмини билишда, жаноби Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда ва энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим”. Бу зот доимо Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!
Тасаввур қилинг! Агар ҳамма инсонлар мазҳабсизлик сахросига йўл олса, нима бўлади?
Бу саволга замонамиз уламоларидан бўлмиш Муҳаммад Саъид Рамазон бутий р.а. хазратларини сўзларини иқтибос қилиб келтирамиз. У киши айтадилар: “Агар ҳамма одамларни уй жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда кишиларни шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида одамларни ана шу ишлаб чиқариш мутахасисларига эргашишдан, уларнинг билим ва махоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Агар ҳамма одамларни ана ўша мутахасисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиход қилишларига, изланиш ва ижтиходдан кейин келадиган шахсий қаноатига суянишга чақирадиган бўлсак, кейин ўша одамлар даъватимизни тасдиқлаб, айтганларимизни қилишса, нима бўлади?
Албатта, бу иш орқасидан келиб чиқадиган нарса – бу шубхасиз, тамаддунни, экин- текинни ва наслни барбод қиладиган бош- бодоқликдир. Одамлар уйларини обод қиламан деб, хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб, жонларини халок қиладилар, ишлаб чиқараман, саноатни ривожлантираман деб, бошларига фақирликни ва таназзулни орттириб оладилар. Чунки улар ижтиҳодни ўз ўрнига қўйа билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб, уни татбиқ қилдилар. Одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам бериш, илм ўрганиш ва тўғри йўлни топишда бир- бирлари билан боғликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар ”.
Хулоса қилиб айтганда Ислом динидаги мазҳабларнинг турли-туманлиги камчилик бўлмасдан балки бир ҳикматдир. Бу умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпрок мусулмонларнинг ўзи зарар кураётганлари ҳам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм-маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни хам айтиб утиш керакки ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соҳа бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Инсоннинг онги биринчи қабул қилган маълумот нотўғри булсада, тўғри хабар сифатида қабул қилар экан. Шундан кейин унга тўғри маълумот берилса ҳам нотўғри деб қабул қилади. Шунинг учун биринчи олинаётган маълумот ҳақиқий тўғри эканини аниқлаш ва кейингина уни хотирада сақлаш лозим бўлади.
Иброҳим домла САИДОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси