Мусулмон хонадонида туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш суннатдир. Рофеъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим” (Абу Довуд ва Термизий).
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи садо бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ амалнинг ўзига яраша баракаси бўлади.
Ривоятларнинг бирида: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтса, унга Умма Сибён зарар етказа олмас”, дейилган. Умму Сибён болаларга зарар етказадиган жин тоифасидир.
Ҳасан ибн Алидан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Кимнинг фарзанди туғилса, ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтса, Умму Сибён зарар қилмайди”.
Аллоҳ таоло барчамизга салоҳиятли фарзандлар ато қилсин, Амин!
Ойбек Маърупов
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси
Фарғона вилоятида «Вақф» хайрия жамоат фондининг вилоят филиали томонидан икки юзга яқин эҳтиёжманд оилалар учун хайрия тадбирлари ташкил этилди. Бу жараёнда кам таъминланган оилаларга кўмир, иссиқ кийим-кечак, пойабзал, электр иситгичлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй-рўзғор учун маиший техникалар тақдим этилди. Шунингдек, ҳомийларимиз томонидан боқувчиси йўқ оилаларда вояга етаётган болажонларга тўкин дастурхон ёзилиб, кабобхўрлик ташкил этилди.
Қиш мавсумида янги полиз маҳсулотлари ва сархил мевалар, иссиқ кийимлар, айниқса совуқ кунларда асқатадиган кўмир билан эҳтиёжманд оилаларга илиқлик улашган, уларни хурсанд қилган барча ҳомийлардан, саховатпеша фуқароларимиздан Аллоҳ рози бўлсин.
Хайрия тадбирларининг юқори ташкилотчилик ва меҳр-мурувват билан ўтказилишига ўз ҳиссасини қўшган барча иштирокчилар, кўнгиллиларни Ўзи улкан ажр-савоблар билан мукофотласин!
Vaqf.uz