Эртанги кунимиз эгалари бўлмиш – ёш авлодни соғлом эътиқод ва қатъиятли фикр эгалари этиб тарбиялаш, уларнинг дунёвий билимлари билан бир қаторда диний билимларини тўғри шакллантириб бориш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланган. Чунки ҳозирги глобаллашув ҳамда ҳамда эътиқод ниқоби остидаги қарама-қаршиликларга тўла мураккаб давр кишини огоҳ ва маънан етук бўлишга ундайди.
Бу борадаги тарғибот тадбирларида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Вилоятда диний соха ходимлари учун "Душанба – таълим муассасалари билан ишлаш куни" деб белгиланган.
Жорий йилнинг 21 январ куни вилоятнинг Каттақўрғон, Нарпай, Ургут, Пайариқ, Иштихон, Жомбой туманларида ҳам шу кунларда мактаб ўқувчилари билан “Исломнинг илм олишнинг фазилатлари”, Интернетдаги тармоғидаги таҳдидлар, “Исломда вақтнинг қадри”, “Тинчлик-улуғ немат” каби мавзуларда суҳбатлар ўтказилди.
Ушбу учрашувлардан кўзланган асосий мақсад ўқувчи ёшларга мусаффо исломни етказиш, дунёдаги ягона нажот илму-маърифатнинг инсониятга зарурати, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, “оммавий маданият” кўринишидаги миллий ўзлигимиз, турмуш ва ҳаёт тарзимизга мутлақо зид бўлган кийиниш ва хулқ-атвор кўринишларидан қайтариш, ёшларга қаратилган турли таҳдидлар, диний ақидапарастликка йўналтирилган таълимотларидан огоҳ этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ