Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Октябр, 2025   |   5 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:29
Қуёш
06:48
Пешин
12:12
Аср
15:43
Шом
17:29
Хуфтон
18:42
Bismillah
27 Октябр, 2025, 5 Жумадул аввал, 1447

Мўминаларга ибрат мўминалар: Мория ал-Қибтийя розияллоҳу анҳо

29.12.2018   4913   4 min.
Мўминаларга ибрат мўминалар: Мория ал-Қибтийя розияллоҳу анҳо

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам марҳамат қилдилар: “Қибтийлар учун хайр сўрангиз...“ Мория ал-Қибтийя розияллоҳу анҳонинг номи ўз даврида мўминларнинг кўнгилларига фараҳ бахш этган. Бу ном тарихда абадийлангандир. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин. Тарихда машҳур бўлишига қарамай, у ҳақда жуда кам ёзилган. Тарихий манбаларда шахсиятини ойдинлатувчи маълумотлар деярли учрамайди. Мория розияллоҳу анҳо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўп марҳаматлар кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жория этиб, Мадинанинг Олийя деган чекка маҳалласидан жой ажратиб бердилар. Ҳижрий 8 йилнинг илк ойларида Мория розияллоҳу анҳонинг ҳомиладорлиги маълум бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энди уни тез-тез зиёрат қилиб турадиган бўлдилар. Ой-куни тўлиб, Мория розияллоҳу анҳо ўғил кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам жуда хурсанд бўлдилар. Чақалоққа эса Иброҳим деб исм қўйдилар. Суюнчисига бир қулни озод этдилар. Чақалоқ эмизиш учун Мунзир ибн Зайд ибн Нажжорнинг қизи Умму Бурдага топширилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам Иброҳимни жуда-жуда севардилар. Қаерга борсалар уни ҳам қучоқларида қўтариб юрар, ҳатто бошқа завжаларининг хоналарига хам олиб борардилар. Иброҳимни уларга яқин тутиб, эркалатиб меҳр билан:

— Қаранг... Уни худди мендан олинган бир парчага ўхшатмайдими? — дер эдилар.

Иброҳимнинг туғилиши онаси Мория розияллоҳу анҳонинг озод этилишига сабаб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни ўғли озод этди“, деб марҳамат қилдилар. Чақалоқнинг туғилиши мўминлар оналарининг айримларида рашк туйғуларининг кучайишига туртки бўлди. Охир-оқибат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

— Морияни нафсимга ҳаром қилдим, — дейишга ҳам мажбур бўлдилар.

Мория розияллоҳу анҳо бу сўздан ранжимади, аксинча сабр қилди. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлди:

“Эй пайғамбар, нега сиз жуфтларингиз розилигани истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани (ўзингизга) ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир“ (Таҳрим, 1).

Тасалли, умид ва севинч булоғи бўлган чақалоқ Иброҳим Ҳазрати Мория розияллоҳу анҳонинг уйида ўн олти ой яшади. Бир ярим ёшли жажжи Иброҳим ёмон бир дардга чалинди. Онаси Мория розияллоҳу анҳо ва холаси Сирин уни меҳр билан парвариш қилдилар. Аммо касаллик уни тарк этмади. Ниҳоят, юзида ўлим кўланкаси кўрина бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам жуда қайғурдилар. Аввал ҳис қилмагани бир сиқилиш юракларини оғритди. Беҳол бўлишларига қарамай, асҳобдан бир кишига суяниб, Мория розияллоҳу анҳонинг уйига келдилар. Иброҳим йиғлаётган Мория розияллоҳу анҳонинг қучоғида сўнгги нафасларини олаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам шафқат билан уни қўлларига олдилар. Музтариб қалбларини тинчлантириш учун уни бағирларига босдилар: “Ё Иброҳим, биз сенинг Аллоҳ таоло ҳузурига кетишингга ҳеч қандай тўсиқ бўлолмаймиз“, дедилар ва кўзларидан ёш оқа бошлади. Мория розияллоҳу анҳо ўзини тутолмай, фарёд чеқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам уни тўхтатмадилар. Қучоқларидаги жигарпораларига қарадилар. У унсиз ва ҳаракатсиз эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Ё Иброҳим, агар бу ҳақиқий иш, тўғри ваъда бўлмаганида ва биздан кейин келганлар олдин келганлардан ўрнак олмаганида, сенга бундан ҳам аламлироқ шаклда қайғурар эдик”, деб марҳамат қилдилар. Бу сўзлар бечора Мория розияллоҳу анҳога бир оз тасалли бергандек бўлди. У кўз ёшларини артди ва шундай деди: “Кўз қайноқ ёш оқизади, қалб қайғуради. Аммо биз Аллоҳ таолони хушнуд этувчи сўздан бошқасини айтмаймиз. Ё Иброҳим, биз сенинг ўлимингга чиндан ҳам жуда-жуда қайғуряпмиз...”

 

Саидаброр Умаров

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Сафарга кетиш ва сафардан қайтишда бажариладиган суннатлар

23.10.2025   3176   5 min.
Сафарга кетиш ва сафардан қайтишда бажариладиган суннатлар

Яхши ниятда сафар килиш кўплаб ажру-савобларга ноил этади. Қолаверса, сафар қилиш соғлиққа фойда, ризқни кенг қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар қилинглар. Соғлом бўласиз. Ризқингиз кенг бўлади”, деганлар.

1. Сафарга отланаётган киши унинг одобларини ўрганмоғи лозим.

Дастлаб, сафарда ишлатиладиган зарур буюмлар тайёрланади. Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳам, ҳазарда ҳам етти нарсани олиб юрардилар. Улар: шиша идиш, тароқ, сурмадон, қайчи, мисвок, игна ва ип”, дедилар.

Бошқа бир ривоятда: Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳам, ҳазарда ҳам беш нарсани олиб юрардилар. Улар: тароқ, сурмадон, ойна, мисвок ва узун дастали илгак[1], деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

 

2. Сафарга тонгда йўлга чиқиш сафарни баракали ҳамда хайрли бўлишига сабаб бўлади.

Сохр ибн Вадоъа Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, умматимнинг тонгига барака бергин”, деб дуо қилардилар” (Имом Термизий ривояти).

Сохр розияллоҳу анҳу савдогар бўлганлар ва савдоларини доимо тонгда жўнатар эдилар. У зот бой, давлатманд бўлганлар.

 

3. Илмли, солиҳ кишиларнинг насиҳат ва дуоларини олиш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сафар қилмоқчи бўлган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, деди. У зот: “Аллоҳга тақво қилишингни ва ҳар бир тепаликка кўтарилганингда такбир айтишингни буюраман” дедилар. У орқасига бурилаётган эди “Аллоҳим, ерни унга яқин ва сафарини осон қилгин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

4. Хайрлашаётганда ҳам дуо қилиш хайрли амаллардандир.

Қузъа ибн Яҳё Басрий айтадилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу менга: Кел, сен билан худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан хайрлашганларидек хайрлашаман: “Динингни, омонатингни ва амалинг хотимасини Аллоҳга топширдим”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

5. Уловга минаётганда дуо ўқиш.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқаётганда туяларига минсалар уч марта такбир айтиб, сўнгра: “Бизга буни бўй сундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Албатта, Роббимизга қайтгувчиларданмиз. Аллоҳим, ушбу сафаримизда яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Аллоҳим, бу сафаримизни бизга енгил қилиб, узоқлигини яқин қилгин. Аллоҳим, сафардаги йўлдош ҳам, хонадонда қолувчи ўринбосар ҳам Ўзингдирсан. Аллоҳим, Сендан сафар қийинчиликлари ва қайғулари, аҳлда ва молда ёмон оқибатлардан паноҳ сўрайман”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).

 

6. Сафар давомида кўпроқ ўзи ва бошқалар ҳаққига дуо қилиш.

Мусофирнинг дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси шубҳасиз ижобатдир. Улар мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуосидир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

7. Мусофирлар ораларидан бир кишини ишларни бошқариб турувчи қилиб тайинлашлари керак.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар уч киши сафарга чиқадиган бўлса, улардан бир амир бўлсин”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мусофирлар жамоада ўзларига энг зийрак, энг афзал кишини йўлбошчи қилиб таъйинлашлари мустаҳабдир”, деганлар.

Мусофир тепаликка чиқаётганида такбир (“Аллоҳу акбар”) ва ҳамд айтиши (“Алҳамдулиллаҳ”), пастга тушаётганда тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”) айтади. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда сафарга чиқардик. Агар тепаликка кўтарилсак такбир айтардик. Тушганда эса тасбеҳ айтардик” (Имом Аҳмад ривояти).

 

8. Сафарда мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла бахра ололмайди. Агар сизлардан бирингизнинг (сафарда) истаги ҳосил бўлса, бас, у оила-аҳлига шошилсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД


[1] Бу илгак ёғоч ёки темирдан ясалган бўлиб, сочни текислаш ва бошка нарсаларда ишлатилади.