Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам марҳамат қилдилар: “Қибтийлар учун хайр сўрангиз...“ Мория ал-Қибтийя розияллоҳу анҳонинг номи ўз даврида мўминларнинг кўнгилларига фараҳ бахш этган. Бу ном тарихда абадийлангандир. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин. Тарихда машҳур бўлишига қарамай, у ҳақда жуда кам ёзилган. Тарихий манбаларда шахсиятини ойдинлатувчи маълумотлар деярли учрамайди. Мория розияллоҳу анҳо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўп марҳаматлар кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жория этиб, Мадинанинг Олийя деган чекка маҳалласидан жой ажратиб бердилар. Ҳижрий 8 йилнинг илк ойларида Мория розияллоҳу анҳонинг ҳомиладорлиги маълум бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энди уни тез-тез зиёрат қилиб турадиган бўлдилар. Ой-куни тўлиб, Мория розияллоҳу анҳо ўғил кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам жуда хурсанд бўлдилар. Чақалоққа эса Иброҳим деб исм қўйдилар. Суюнчисига бир қулни озод этдилар. Чақалоқ эмизиш учун Мунзир ибн Зайд ибн Нажжорнинг қизи Умму Бурдага топширилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам Иброҳимни жуда-жуда севардилар. Қаерга борсалар уни ҳам қучоқларида қўтариб юрар, ҳатто бошқа завжаларининг хоналарига хам олиб борардилар. Иброҳимни уларга яқин тутиб, эркалатиб меҳр билан:
— Қаранг... Уни худди мендан олинган бир парчага ўхшатмайдими? — дер эдилар.
Иброҳимнинг туғилиши онаси Мория розияллоҳу анҳонинг озод этилишига сабаб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни ўғли озод этди“, деб марҳамат қилдилар. Чақалоқнинг туғилиши мўминлар оналарининг айримларида рашк туйғуларининг кучайишига туртки бўлди. Охир-оқибат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Морияни нафсимга ҳаром қилдим, — дейишга ҳам мажбур бўлдилар.
Мория розияллоҳу анҳо бу сўздан ранжимади, аксинча сабр қилди. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлди:
“Эй пайғамбар, нега сиз жуфтларингиз розилигани истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани (ўзингизга) ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир“ (Таҳрим, 1).
Тасалли, умид ва севинч булоғи бўлган чақалоқ Иброҳим Ҳазрати Мория розияллоҳу анҳонинг уйида ўн олти ой яшади. Бир ярим ёшли жажжи Иброҳим ёмон бир дардга чалинди. Онаси Мория розияллоҳу анҳо ва холаси Сирин уни меҳр билан парвариш қилдилар. Аммо касаллик уни тарк этмади. Ниҳоят, юзида ўлим кўланкаси кўрина бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам жуда қайғурдилар. Аввал ҳис қилмагани бир сиқилиш юракларини оғритди. Беҳол бўлишларига қарамай, асҳобдан бир кишига суяниб, Мория розияллоҳу анҳонинг уйига келдилар. Иброҳим йиғлаётган Мория розияллоҳу анҳонинг қучоғида сўнгги нафасларини олаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам шафқат билан уни қўлларига олдилар. Музтариб қалбларини тинчлантириш учун уни бағирларига босдилар: “Ё Иброҳим, биз сенинг Аллоҳ таоло ҳузурига кетишингга ҳеч қандай тўсиқ бўлолмаймиз“, дедилар ва кўзларидан ёш оқа бошлади. Мория розияллоҳу анҳо ўзини тутолмай, фарёд чеқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам уни тўхтатмадилар. Қучоқларидаги жигарпораларига қарадилар. У унсиз ва ҳаракатсиз эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Ё Иброҳим, агар бу ҳақиқий иш, тўғри ваъда бўлмаганида ва биздан кейин келганлар олдин келганлардан ўрнак олмаганида, сенга бундан ҳам аламлироқ шаклда қайғурар эдик”, деб марҳамат қилдилар. Бу сўзлар бечора Мория розияллоҳу анҳога бир оз тасалли бергандек бўлди. У кўз ёшларини артди ва шундай деди: “Кўз қайноқ ёш оқизади, қалб қайғуради. Аммо биз Аллоҳ таолони хушнуд этувчи сўздан бошқасини айтмаймиз. Ё Иброҳим, биз сенинг ўлимингга чиндан ҳам жуда-жуда қайғуряпмиз...”
Саидаброр Умаров
Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари фил йилида (яъни Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбаи муаззамани вайрон қилмоқчи бўлган йил)да содир бўлган. Дунёга келишлари эса Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба кунига тўғри келади.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда дунёга келганлар. Чунки оналари Омина икки ойлик ҳомиладор чоғида оталари Абдуллоҳ вафот этган. Шу билан боболари Абдулмутталибнинг қармоғида қолганлар.
Аллоҳ таолонинг расулидек улуғ зот етим ҳолда дунёга келиши, кўп ўтмай оналарию бобосидан ҳам айрилиши тасодифий ҳодиса эмас. У зот алайҳиссалом ҳаётининг илк кунлариданоқ ота тарбиясидан, бироз ўтгач она меҳридан ҳам маҳрум бўлиб улғайди.
Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг набийсини мана шу ҳолда улғайишини ихтиёр этди. Бунда кўплаб ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматларнинг энг муҳими:
Аллоҳ таоло Ислом динини ботилга чиқариб инсонлар қалбига Муҳаммад бу даъвати ва рисолатини (чақириқ ва вазифа) ёшлик чоғидан ота ва бобосидан ўрганган деб турли шубҳаларни солувчиларга бирорта ҳам йўл қолдирмади. Зеро, боболари Абдулмутталиб қавмининг энг пешвоси ва бошлиғи эди.
Аллоҳ таолонинг ҳикмати динни ботилга чиқарувчиларга бу тарафдан бирорта ҳам йўл қолдирмади. Ҳатто, Ўз расулини энг ёшлик вақтиданоқ ота-онаси ҳамда бобосидан ҳам ажратиб улғайтирди. Балки, Аллоҳ набийсини Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қўлига топшириб, барча оила аъзоларидан йироқда тарбия қилди. Боболари вафот этгач ҳижратдан уч йил аввалгача амакилари Абу Толибнинг ҳимоясида яшадилар.
Аллоҳнинг ҳикматининг мукаммаллигидан бири Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг иймон келтирмагани бўлди. Токи бу даъват ишига амакиси дебоча вазифасида бўлган деган фикр келмасин ва бу оилавий ва бошлиқлик ишига айланиб, пайғамбарлик эмас деган тушунча пайдо бўлмаслиги учун.
Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.