Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Худбинлик, одобсизлик ёйилган замонда одоб билан муомала қилиш эътиборни тортадиган нарсага айланиб қолди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сизларга шундай замон келадики, у пайтда кексаларингиз гуноҳ қилувчи, олимларингиз мунофиқ, кичикларингиз катталарни ҳурмат қилмайдиган, бойларингиз фақирларга ёрдам бермайдиган бўлади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу
*****
Адолат давомли бўлса, ҳамма жойнинг обод бўлишига сабаб бўлади.
Зулм давом этса, ҳамма жойнинг хароб бўлишига сабаб бўлади.
Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ
*****
Одамларга гапларинг билан эмас, амалинг билан насиҳат қил.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ
*****
Одамлар сизни кечиришаверади-кечиришаверади. Шу шарт биланки, сиз пулдор, мол-давлатли кимса бўлишингиз керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсонлар билан бўладиган алоқалардаги энг катта муаммолардан бири – биз суҳбатдошимизни тушуниш мақсадида эмас, унга жавоб қайтариш мақсадида жим туриб эшитамиз.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар менинг фикрлашим ва услубим сизга ёқмаса, шуни билингки, мен сизнинг қизиқишингизни уйғотаман деган мақсадда уйқудан турганимни ҳеч эслолмайман.
Уилл Смит
*****
Суҳбат ақлнинг қандайлигини кўрсатса, ғазаб ахлоқнинг қандайлигини кўрсатади.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
*****
Эҳтиром муҳаббатдан минглаб миллар олдинга ўтиб кетган.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
*****
Ақл каби бойлик, жоҳиллик каби фақирлик, одоб каби мерос йўқ.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
*****
Одамлар бошқалар устидан ҳукм чиқаришга шошиладилар, лекин ўзларини тузатишга шошилмайдилар.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
*****
Эркак хато қилганда, аёл хафа бўлади, эркак узр сўрайди.
Аёл ҳато қилганда, эркак ғазабланади, аёл йиғлайди, эркак яна узр сўрайди.
Марк Твен
*****
Саодат – ҳис-туйғудир. Лекин баъзи вақтларда у шахс бўлади.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида касб-маҳоратини оширган масжидлар муаззинларига ижозат шаҳодатномаси топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, диний таълим муассасалари устоз-талабалари, малакали муаззинлар ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим қироати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзлаб, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар бўлаётгани, Давлат Раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида бугунги юксалишларга эришилаётгани ҳақида айтиб ўтдилар. Хусусан, Диний идора томонидан юртимиз масжидларида янграётган азон оҳанглари янада гўзал бўлиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига урғу бердилар.
Сўзга чиққан Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Муфтий ҳазратлари ташаббуси билан имом-хатиблар қироатини яхшилаш ва муаззинларнинг азон айтишларини чиройли қилиш бўйича хайрли ишлар йўлга қўйилгани, бу борада мўътабар манбалар ва замонавий усуллар асосида ўқув режалари ишлаб чиқилгани, қарийб беш йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида икки мингдан зиёд муаззин учун азон ва иқома бўйича ўқув семинарлар, онлайн ва офлайн машғулотлар олиб борилгани, мазкур амалий машғулотлар давомида баҳолаш мезонларига кўра саралаб олинган 196 нафар муаззин махсус ўқитилгани, бугун уларнинг 70 нафардан зиёдига ижозат шаҳодатномалари берилаётгани ҳақида тўхталди.
Тадбир давомида иштирокчиларга муаззинларнинг малака ошириш дарслари жараёнларидан видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, малакали муаззинларнинг азон садолари тингланди.
Шундан сўнг азон ва иқома айтиш бўйича ижозат шаҳодатномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари ва Шайх Алижон қори томонидан малака оширган бир гуруҳ муаззинларга ижозат шаҳодатномалари ва китоблар тўплами топширилди.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонидан ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатган Шайх Алижон қори бошчилигидаги устозларга ташаккурномалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати