Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдилар. Бир дарахт ёнидан ўтаётганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига дарахга чиқиб, мисвок учун шохидан олиб тушишни амр қилдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дарҳол дарахтга чиқа бошладилар.
Буюк саҳобий вазни енгил, ихчам ва озғин киши эдилар. Шохни синдираётганларида шамол эсиб, у кишининг кийимларинининг этагини кўтариб юбориб, натижада болдирлари бироз очилиб қолди. Болдир жуда ҳам ингичка эди. Бу ҳолни кузатиб турган пастдагилар кулиб юборишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Нима учун куляпсизлар?! Болдири ингичкалиги учунми?! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу (болдир)лар (охиратдаги) тарозуда Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлади” деб марҳамат қилдилар.
Ҳа азизлар, гоҳида бир кишининг ёки бир нарсанинг ҳақиқати сиз кўриб, эшитиб турганингиздек бўлмайди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жуссалари кичик инсон бўлсалар ҳам илмда, фиқҳда у кишига етадигани бўлмаган. Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зот ҳам у кишининг илмларига ҳавас қилганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Мадинадаги саноқли фақиҳ саҳобалардан бири эдилар.
Юқоридаги воқеада севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охиратдаги мезонда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг икки оёқларининг оғирлиги Мадинадаги Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ вазн босишининг хабарини бермоқдалар.
“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир жамоа борки, Аллоҳ таоло уларни Ўз тавфиқи ила қўллаган ва уларни дунёнинг ўзидаёқ иззат-икром қилган. Уларнинг юзлари нурли, пешоналари ялтираган ва вақтлари баракалидир. Сиз ҳам ана ўша жамоанинг бир аъзоси бўлинг ва Аллоҳга кўп ҳамд айтинг. Аллоҳдан сизни ҳам ўша жамоанинг бир вакилига айлантиришини сўраб дуою илтижолар қилинг.
Улар фажр аҳлидир... Улар бомдод намозини масжидда жамоат билан адо этишга иштиёқлари баланд бўлганлардир. Уларнинг тонг-саҳарлаб қиладиган амаллари қандай ҳам гўзал! Уларга фаришталар гувоҳ бўлади. Бомдодни жамоат билан ўқиган киши гўё туннинг барини ибодат билан ўтказган ҳисобидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, тунниг ярмида ибодат қилгандай бўлади. Бомдодни ҳам жамоат билан адо этса, туннинг барини ибодат билан ўтказган кабидир”[1], деганлар.
Бу ишга шошилиш, ҳаракатда бўлиш жаннат сари етаклайди. Бомдоддан кейинги вақтга барака ёғилади. Набий алайҳиссалом: “Ё Аллоҳ! Умматимнинг саҳарги вақтига барака бер”[2], дея дуо қилганлар.
Фажр аҳли – улар Аллоҳ томон чорлаётган жарчининг: “Намозга келинг... Нажотга келинг...” деган чақириғига “Лаббай” деяётган кишилардир. “Намоз уйқудан яхшироқдир...” деган иборани эшитганлари замон ҳушёр тортган ва бандалик ҳиссини англаб етганларга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қоронғу пайтлари масжид томон юриб борадиган кишиларга қиёмат кунидаги мукаммал нурнинг хушхабарини беринглар”[3], деганлар.
Эй фажр аҳли! Улкан ажр ила мусобақада ўзиб кетдингиз. Дунё матоҳларига, нафсига эргашганларга ҳавас кўзи билан боқманг. Чунки уларда ҳавас қилинадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ундан кўра сизларга бериладиган Аллоҳнинг фазли ва раҳматидан суюнинглар, хурсанд бўлинглар.
Эй фажр аҳли! Жаннатда Аллоҳнинг жамолини кўриш бахти муборак бўлсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яқинда сизлар шу ойни кўрганларингиз каби Роббингизни тиқилинчсиз кўрасизлар. Қуёш чиқишидан олдинги ва ботганидан кейинги намозни қўлдан бой бермасликни уддалай олсангиз, шундай қилинглар!” дедилар. Кейин эса: “Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Роббингизга ҳамд билан (Унга) тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)!..»[4] оятини ўқидилар[5].
Эй фажр аҳли! Одамлар мол-дунё, хотинлар билан чалғиганда, сиз вақтда барака, тетиклик ҳамда жаннат мукофоти ила уйга қайтишга рози бўласизми?!
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қуёш чиқиши ва ботишидан аввал намоз ўқиган киши ҳеч қачон жаҳаннамга кирмайди”[6], деганлар. Бу ҳадисда айтилган вақтлардаги намоз бомдод ва асрдир.
Эй фажр аҳли! Сизлар Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясидасиз. Жонларингиз хуш, жасадларингиз бардам... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясидадир”[7].
Бошқа бир ҳадисда эса ушбу маънолар мужассам: “Ким ғафлат уйқусида бўлса, шайтон унинг гарданига учта тугун тугади ва ҳар бир тугунга: “Ҳали тун узоқ, ётавер!” дея дам уради. Киши уйқудан турса ва Аллоҳни ёдга олса, битта тугун ечилади. Таҳорат олганида яна битта тугун ечилади. Намоз ўқиса, охирги тугун ҳам ечилади. Кейин бояги одам тетик бўлиб қолади. Тугунлар ечилмай шу ҳолда қолса, одам тубан бўлиб, дангасага айланади”[8].
Фажр аҳлининг сафига қўшилинг! Аллоҳнинг зиммасида бўласиз. Яхши кишилар дафтарига номингиз битиб қўйилади. Саодатни қўлга киритасиз ва мунофиқликдан омонда бўласиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқ кимсаларга хуфтон ва бомдоддан-да оғирроқ намоз йўқ. Агар улар бу намозлар ўз ичига нималарни яширганини билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам келишган бўлишарди”[9], деганлар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.
[2] Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти.
[3] Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[4] Тоҳо сураси, 130-оят.
[5] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[6] Имом Муслим ривояти.
[7] Имом Муслим ривояти.
[8] Муттафақун алайҳ.
[9] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.